Ўзбекистон | 19:39 / 21.01.2026
3830
3 дақиқада ўқилади
Реклама

Asia Alliance Bank Нодирбек Ёқуббоевни бренд-амбассадор этиб тайинлади

Asia Alliance Bank Ўзбекистон интеллектуал спортининг энг ёрқин вакилларидан бири, халқаро гроссмейстер Нодирбек Ёқуббоев билан ҳамкорлик бошланганини маълум қилди. Банкнинг маълум қилишича, таниқли шахматчининг бренд-амбассадор сифатида танланиши стратегик фикрлаш, қарор қабул қилишда аниқлик ва доимий ривожланиш каби умумий қадриятларга асосланади.

Банк матбуот хизмати билдиришича, ушбу ҳамкорлик истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш, миллий интеллектуал салоҳиятни ривожлантириш ва шахматни оммалаштиришга қаратилган ташаббусларнинг бир қисми ҳисобланади.

Замонавий ўзбек шахматининг етакчи вакили

2002 йил 23 январда туғилган Нодирбек Ёқуббоев Ўзбекистон шахматининг энг нуфузли вакилларидан бири саналади. У уч карра Ўзбекистон чемпиони (2016, 2018, 2020 йиллар) бўлиб, 2019 йилдан буён халқаро гроссмейстер мақомига эга.

Ёқуббоев 2016 йилда Жаҳон ўсмирлар шахмат олимпиадасида шахсий ҳисобда олтин медални қўлга киритган. 2017 йилда эса 16 ёшгача бўлган ўсмирлар ўртасида Осиё чемпионати ғолиби бўлган. У “Ўзбекистон белгиси”, “Мард ўғлон” давлат мукофотлари ҳамда “Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвони билан тақдирланган.

2026 йил бошига келиб Нодирбек Ёқуббоев 2691 долзарб рейтинг билан дунёнинг энг кучли шахматчилари қаторидан жой олган. У FIDE Жаҳон кубоги, Шахмат олимпиадалари каби йирик халқаро мусобақаларда Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилиб келмоқда.

«Шахмат ва банк соҳасини умумий жиҳатлар боғлайди»

Asia Alliance Bank матбуот хизмати Нодирбек Ёқуббоев билан ҳамкорлик моҳиятини қуйидагича изоҳлайди:

«Профессионал шахмат ва банк соҳаси ўртасида кўплаб ўхшаш жиҳатлар бор. Ҳар икки соҳада ҳам муваффақият олдинги қадамларни аниқ ҳисоблай билиш, масъулиятли паллаларда сабр ва барқарорликни сақлашга боғлиқ. Нодирбек Ёқуббоев истеъдод, меҳнатсеварлик ва муваффақият тимсоли бўлиб, унинг Asia Alliance Bank жамоасига қўшилганидан мамнунмиз».

Маълум қилинишича, ҳамкорлик доирасида Ўзбекистонда шахматни оммалаштириш, ёшлар учун таълимий ва ижтимоий лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган қатор қўшма ташаббусларни амалга ошириш режалаштирилган.

Asia Alliance Bank АТБ Ўзбекистонда жадал ривожланаётган тижорат банкларидан бири бўлиб, жисмоний ва юридик шахсларга кенг кўламли банк хизматларини тақдим этади. Банк инновацион технологияларни фаол жорий этиш билан бирга, мамлакатдаги муҳим маданий ва спорт ташаббусларини қўллаб-қувватлаб келмоқда.

Реклама ҳуқуқи асосида

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид