Жамият | 23:46 / 25.03.2021
9630
2 дақиқада ўқилади

«Заковат» – Самарқандда: Клуб 20 йиллик юбилейини билимдонлар кастинги билан нишонлади

25 март – «Заковат» интеллектуал клуби учун алоҳида аҳамиятга эга сана. Чунки роппа-роса 20 йил муқаддам, шу куни «Заковат»нинг илк сони эфир юзини кўрган.

25 март куни Самарқанд шаҳридаги «Ice Arena» муз саройида клубнинг самарқандлик ёшлар учун ташкиллаштирилган кастинги ўтказилди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Биз кастинг аввалида унда қатнашиш учун йиғилган ёшларни суҳбатга тортдик. Турли олийгоҳларда таҳсил олувчи талаба-ёшлар «Заковат» ҳақидаги янгиликларни кузатиб боришлари, Тошкентда ўтказилган илк оммавий мусобақадан сўнг Самарқандда кастинг ўтказилишидан хабардор бўлишганини айтишди.

Шундан сўнг улар кастингда қатнашиш учун онлайн аризани тўлдиришган ва уларга СМС-таклифнома юборилган.

Бизга маълум қилишларича, «Заковат» расмий сайтидан рўйхатдан ўтган самарқандлик ёшларнинг сони 2,5 минг кишидан ошган.

Кастингга таклифнома олган ёшлар муз саройининг ичкарисига санитария-гигиена қоидаларига риоя қилган ҳолда киритилди, билимдонлар трибуналарга масофа сақлаган ҳолда жойлашди.

Кираверишда уларнинг ҳар бирига ручка ҳамда жавоблар варақаси тақдим этилди.

Саройга йиғилган икки мингга яқин заковатчи ёшлар қаршисида Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди васийлик кенгашининг раиси Комил Алламжонов чиқиш қилди.

Масс-медиа фонди васийлик кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёева ҳам барчани қутлаб, асосан билимдон қизларни танловда дадилроқ қатнашишга ундади.

Танловнинг мукофот жамғармаси 130 млн сўм деб эълон қилинди: 1-ўринга 100 млн, 2-ўринга 20 млн, 3-ўринга 10 млн сўм. Саҳнага ваъда қилинаётган пул мукофоти олиб чиқилди.

Ниҳоят, танловга старт берилди. Барча кастинг қатнашчиларига 30 та фактик савол ва 10 та мантиқий саволлар ўқиб берилди. Улар белгиланган қисқа вақт ичида жавоблар варақасини тўлдириб боришди.

Энди номзодлар берилган тўғри жавобларга қараб сараланади ва 6 кишилик билимдонлар жамоалари шакллантирилади.

Жамоавий беллашувлар эса Самарқанд шаҳрида 27 март куни бўлиб ўтади.

Шуҳрат Шокиржонов,
Kun.uz мухбири.

Тайёрлаган:  Шуҳрат Шокиржонов

Мавзуга оид