Ўзбекистон | 08:56 / 20.11.2020
34946
2 дақиқада ўқилади

Совуқ об-ҳаво кейинги ҳафта бошигача сақланиб туради – «Ўзгидромет»

18 ноябрда мамлакатга Урал ҳудудларидан жуда совуқ антициклон кириб келди. Антициклон чинакам қишки об-ҳаво, қор ва совуқни олиб кирди. Ўзбекистон ҳудудлари бўйича ёғингарчилик, асосан қор кўринишида кузатилди, тоғ ҳудудларининг баъзи жойларида қор кучли бўлди. Фақат республиканинг шимоли-ғарбий ҳудудларида ва чўл зоналарида ёғингарчилик кузатилмади.

«Ўзгидромет» хабарига кўра, қор ёғиши пайтида баъзи жойларда кўриниш 50-100 метргача ёмонлашди. Йўлларни яхмалак қоплади. Кечга томон республиканинг марказий ва шарқий ҳудудларида баландлиги 6 см.дан 14 см.гача, баъзи жойларда 20-25 см.гача бўлган қор қоплами ҳосил бўлди. Қор қоплами олдинроқ шаклланган тоғли ҳудудларда қор баландлиги 10-30 см.ни ташкил этди.

Ҳаво ҳарорати кун давомида 3-5 даража совуқ бўлди. Кечаси деярли барча жойларда ёғингарчилик тўхтади, совуқ эса кучайди. Тошкент шаҳрида термометр 9 даража совуқни, республиканинг баъзи жойларида 10-13 даража совуқни, шимолда ва чўл зоналарида 15-18 даража совуқни кўрсатди. Бундай ҳарорат меъёрий қийматлардан (ўртача кўп йиллик) 10-15 даражага кам бўлди.

Ўзбекистонда ноябрь ойининг иккинчи ярмида қор ёғиши одатий ҳол эмас. Ёмғирнинг қорга айланиши ва беқарор қор қоплами шаклланиши ўтган йил ҳам қайд этилган, 2016 йилда эса қор шу кунларда ёғган. Аммо бу даврда бундай паст ҳарорат жуда камдан-кам кузатилади.

Ўзбекистон ҳудудларида совуқ об-ҳаво кейинги ҳафтанинг бошигача сақланиб туради. Ҳаво ҳарорати кечалари 6-9 даража совуқ, кундуз кунлари 2 даража совуқ - 3 даража илиқ бўлиши кутилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид