Ўзбекистон | 21:37 / 05.05.2020
154477
3 дақиқада ўқилади

«Қизил»дан ўтиш йўқ – Президент карантин бўйича янги тизим жорий этилишини маълум қилди

Ўзбекистонда карантин чоралари юмшатиладиган ҳудудларни белгилаш аниқ мезонлар асосида баҳоланади. Туманлар ва шаҳарлар «қизил» (юқори хавфли), «сариқ» (ўрта хавфли) ва «яшил» (хавфсиз) ҳудудларга ажратилади.

Президент бугун ўтказган видеоселекторда карантин чоралари юмшатиладиган ҳудудларни белгилашда беморлар сони ва даволаниш динамикасидан келиб чиқиб баҳолаш лозимлиги ҳақида гапирди.

Йиғилишда карантин чоралари енгиллаштириладиган ҳудудларни белгилаш масаласи ҳам кўриб чиқилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигига ҳокимликлар билан бирга ҳар бир туман  ва шаҳарнинг карантин даражасини белгилаш, жойлардаги вазият ўзгаришига қараб, тезкорлик билан карантин даражаларини янгилаб бориш вазифаси қўйилди. 23 апрель куни тасдиқланган пандемия даврида вақтинчалик санитария қоидалари, меъёрлари ва гигиеник нормаларга риоя этиш зарурлиги таъкидланди.

«Барча вилоят ва туман ҳокимлари ёзиб олсин! Энди туман, шаҳарлар «қизил» – юқори хавф, «сариқ» – ўрта хавф ва «яшил», яъни хавфсиз ҳудудларга ажратилади. Эълон ёзиб қўямиз, «Бу ҳудуд қизил» деб. Бутун эл билсин. 

Масалан, «яшил» мақомини олган ҳудуд ўзгарса (касаллик аниқланса ёки кўпайса – таҳр.) ўша жойлардаги масъуллар қонун олдида жавоб беради», дея президентнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

«Қизил» ёки «яшил» мақоми ўзгариб бориши жойлардаги раҳбарларнинг шахсий масъулияти билан боғланди. Қаердаки карантин қоидаларига амал қилинмаса, санитария-эпедимиология қоидалари бузилса, ўша жойда вазият ёмонлашиши мумкинлиги, бунга йўл қўйганлар эса қонун олдида жавоб бериши таъкидланди. 

Қорақалпоғистондаги айрим туман-шаҳарлар ушбу амалиётга мисол сифатида кўрсатилди. Хусусан, Мўйноқ (9та) ва Қўнғиротда (10та) касаллик аниқланган бўлсада, бу ҳудудлар «сариқ» ҳудудга киритилади. Чунки, касаллик асосан карантин ҳудудларда аниқланган бўлиб, аҳоли ўртасида кузатилмаган. Нукус шаҳрига эса (79 кишида вирус аниқланган) «қизил» даражаси берилади. 

Шавкат Мирзиёев масъулларга қисқа фурсатларда ҳудудларнинг карантин даражасини аниқлаш бўйича топшириқ берди. Жойларда вазият ўзгаришига қараб, карантин даражаси ҳам ўзгариб боради.

Корхоналарда, айниқса савдо ва хизмат кўрсатиш объектларида санитария қоидаларига амал қилиниши бўйича таъсирчан жамоатчилик назорати ўрнатилиши таъкидланди.

Мавзуга оид