Коррупцияга қарши орган амалдорлар харажатларининг даромадига мослигини текширади
Ўзбекистонда амалдорлар харажатларининг улар топадиган даромадга мувофиқлиги назоратга олинади. Бу иш билан коррупцияга қарши кураш мақсадида тузиладиган янги орган шуғулланади.
31 январь куни Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасида олимлар, илмий-тадқиқот муассасалари раҳбарлари ва ишлаб чиқариш сектори вакиллари билан учрашган президент Шавкат Мирзиёев коррупцияга қарши кураш бўйича тузиладиган янги орган ҳақида гапириб ўтди.
Kun.uz мухбирининг хабар беришича, давлат раҳбари дастлаб фармацевтика тармоғидаги муаммолар ва тизимнинг коррупциялашгани ҳақида гапирган.
«Фармацевтика ҳақида очиқ гапирайлик, бизга ҳар йили 1 млрд долларга яқин дори импортга келяпти. 1 млрд доллар. Ўзбекистоннинг валютаси қуртдай кетяпти. Шуни ҳар йили 200-250 млн.ини ўзимизда ишлаб чиқарсак бўлмайдими? Йўқ, бизда йўқ бунақа нарса.
Бу тизимнинг ҳаммаси коррупция, орқасида одамлар бор, порахўрлар бор. Катта-катта тизимлар бор. Мана биз қанчасини синдиряпмиз ҳозир», – деди Шавкат Мирзиёев.
Президент эндиликда амалдорлар харажатларининг улар топадиган даромадга мувофиқлиги қаттиқ назоратга олинишини таъкидлади.
«Нима учун мен коррупцияга қарши кураш органини тузяпман? Бу орган «ура-ура» учун яратилмаяпти, у амалда коррупция омилларини, вазирлар ва бошқаларнинг қандай уйда яшаши, ўзини тутиши, машина сотиб олиши, боласини қаерда ўқитиши, умуман коррупция омиллари қаерда, деган масалаларга жавоб берадиган тизим бўлади.
Бу орган президентнинг ёки бошқа амалдорнинг ойлиги билан нима иш қилиш мумкинлигини ҳисоблайди. Биз бунга жуда кўп тайёргарлик қиляпмиз ва буни бутун жамиятга тарғиб қилишимиз керак.
Замон ўзгаряпти, ваҳшийликдан, ўғриликдан қутулиш керак. Амалдорлар даромадининг омилларини тушунтириб берса, ҳалоли бўлсин. Тийилиши керак, тийилмаяпти айрим ноинсофлар», деди у.
Мирзиёев ўз нутқида шу кунларда божхона постларидан бирининг бошлиғи ҳибсга олингани ва унинг уйидан 400 минг доллар топилгани ҳақида ҳам гапирди.
«Кеча битта пост раҳбари қамалди. Уйида 400 минг доллар. Бир кичкина пост раҳбари. Бу ҳали бир кунлик. Биз дунё ҳамжамияти бизни тан олиши учун ҳаракат қиляпмиз. Шундай пайтда бу каби ишлар давом этса, нима бўлади?
Мана шу тизимга рози бўлмаган кишини халқ олдида раҳбар бўлишга ҳаққи йўқ, тўнини ташласин», – деди президент.
Эслатиб ўтамиз, октябрь ойида парламент палаталари раҳбарлари, бош вазир ўринбосарлари, вазирлар, ҳокимлар ва бошқа қатор мансабдорлар мулк ва даромадларини декларация қилишига оид президент қарори лойиҳаси муҳокамага чиқарилган эди. Лойиҳада янги тизимга 2020 йил 1 январдан ўтиш режалаштирилганди.
24 январь куни Мирзиёев парламентга мурожаатида коррупцияга қарши мустақил орган ташкил этилишини эълон қилган эди.
Мавзуга оид
17:02
Тошкентда 4 млн дона пиротехника буюмлари йўқ қилинди
17:57 / 19.11.2024
Ўзбекистон миллий регулятор органи ICH'га кузатувчи мақомида расман қабул қилинди
17:40 / 14.11.2024
Бухоро амирлиги даврига тегишли қадимий тангаларни олиб чиқиб кетишга уринган шахс тўхтатиб қолинди
23:41 / 13.11.2024