Жаҳон | 09:50 / 14.06.2024
24545
8 дақиқада ўқилади

Тебранаётган рубл: вазият шарҳи ва ўзбекистонликлар учун тавсиялар

АҚШ Молия вазирлиги Москва биржасини санкцион рўйхатга қўшгани сабаб Россия доллар ва евронинг рублга нисбатан курсини аниқлашнинг энг осон йўлидан маҳрум бўлди. Хўш, бу вазият рубл курсига қандай таъсир қилади, Ўзбекистон резидентлари бундай вазиятда нима қилишлари керак? Kun.uz'нинг бу ҳақдаги саволларига иқтисодчи Отабек Бакиров жавоб берди.

Ўзи нима гап?

AҚШ Молия вазирлиги Россия валюта бозорида доллар савдосига воситачилик қилувчи бир нечта молия институтларига, хусусан, Москва биржаси, Миллий клиринг маркази ва Миллий ҳисоб-китоб депозитарийсига нисбатан санкциялар жорий этди.

Натижада биржа 13 июндан бошлаб доллар ва евро савдосини тўхтатди. Курс тебраниши ҳаддан ташқари юқорилиги сабаб Россиядаги бир қатор банклар доллар сотишни вақтинча тўхтатди.

Рубл атрофидаги ҳолат юзасидан иқтисодчи Отабек Бакиров Kun.uzga берган интервюсида шарҳ берди.

Бу техник масала, иқтисодий омилларга боғлиқ эмас”

— 12 июн куни АҚШ Россиядаги бир нечта бизнес субъектлари, йирик ишлаб чиқарувчиларга, давлат назоратидаги юридик шахсларга санкциялар пакетини кенгайтирди. Бу 12 июн куни тушдан кейин соат 3-4 ларда маълум бўлди, иш куни якунланишига яқин хабар берилди. Москва биржаси, унинг клиринг палатаси, депозитарийси санкциялар рўйхатига тушган. Бу шуни англатадики, саналган учта субъект энди доллардаги операцияларни амалга ошира олмайди. Кечга яқин валюта биржаси “эртадан биз қимматли қоғозлар, металлар ва валюта платформасида савдоларни долларда амалга оширмаймиз”, деб баёнот берди. Эрталаб Ҳонгконг долларида ҳам савдолар тўхтатилди, чунки Ҳонгконг доллари ҳам Москва биржаларида савдоси мавжуд эди. У долларга қаттиқ боғланган, бундай валюталар долларнинг функциясини ўзида акс эттиради. Бу хавотир уйғотди. Аммо бу иқтисодий ҳодиса эмас, иқтисодий мотивларга асосланган омил эмас. Чунки бу ерда импорт ошиб кетаётгани йўқ, экспорт тушиб кетаётгани йўқ. Рубл курсига таъсир қиладиган фундаментал мотивлар юз бераётгани йўқ. Техник ҳолат юз беряпти. Бу шу пайтгача бозор иштирокчилари бўлган субъектларга етарли даражада таъсир қилади. Бугундан биржада савдолар амалга ошмагани учун экспортчилар биржага тушумини олиб чиқиб сота олмади, импортчилар доллар сотиб ололмади. Бозорда етарли даражада сотувчилар ва сотиб олувчилар мавжуд бўлмагани учун курс қандай ўзи, бугун савдолар қанақа лотларда амалга оширилади, деган мавҳумлик пайдо бўлди.

Россия Марказий банки энди биз ҳар кунлик доллар курсини тижорат банкларининг ўзларининг мижозлар билан биржадан ташқаридаги харидлар ва сотувлар орқасидан йиғилган маълумотлар асосида аниқлаймиз деяпти. Илгари й бозор иштирокчилари валюта биржасидаги курснинг ўзгаришини, қанча ҳажмда валюта сотилаётгани ёки сотиб олинаётганини кўриб турарди. Ҳозир шу нарса йўқ, ўз -ўзидан банклар ўзларини ҳимоялаш учун сотиб олиш курсларини кескин пасайтирди, сотиб олиш курсларини кескин юқорилаштирди. Жуда кўп Россия банкларида долларни сотиб олиш курси 50-60 рубл, сотиш курси 120 рублдан 200 рублгача бўлган фарқни кўрасиз. Чунки эртага курс қандай шаклланишини ҳеч ким билмайди. Марказий банк томонидан етарли даражада сигналлар берилгани йўқ. Ҳали улар сигнал бериши учун юз бераётган ҳодисаларни тўла англаб олиши керак.

Мигрантлар пул ўтказмаларини амалга оширмай тургани маъқул”

— Энди бизнинг меҳнат мигрантларимиз, экспортчиларимиз, импортчиларимиз нима қилиши керак деган савол туғилади. Кутиб туриш керак. Уруш бошланган 2022 йилда ҳам айтгандим, ҳали Марказий банк ўзининг сиёсатини тўлиқ белгилаб олмаган бир пайтда курс кескин ўйнаш ҳолатлари юз берганди. 1 ҳафта-10 кунда Марказий банк аниқ қадамлар қўйишни бошлагач, мувозанат шаклланишга қараб юрди. Бу сафар ҳам шундай бўлади. Меҳнат мигрантларимиз ўта зарурат бўлмаганда валюта сотиб олмаслиги ва сотмаслиги керак. Тадбиркорларимиз ҳам шу кунларда иложи борича рублда экспорт импорт битимларини тузмаслиги, тўловларни ҳам шу кунларда амалга оширмай тургани маъқул. Ноаниқлик юқори чунки. Регулятор ўзи аниқ қадамларни ҳали қўймади.

Ўзбек банклари ўзларини ҳимоялаяпти”

— 13 июнда айрим ўзбек банклари Россия резидентлари билан валютадаги операцияларни тўхтатишни эълон қилди. Бу ҳам тўғри қарор. АҚШ санкцияларининг кенгайтирилишида иккиламчи санкцияларнинг кенгайтирилиши принципи бор. Энди исталган санкцияга тушган, моҳияти бўйича Россия ҳарбий салоҳиятини оширишга уринаётган субъектлар билан транзакцияларга киришган ўзбек банклари ҳам санкцияларга тушиши мумкин. Санкцияларнинг чангали янада чуқурлаштирилди. Ўзбек банклари ўзлари учун деталларни аниқлаштириб олгунича бу тўғри қарор. Хавотирга тушишга асос йўқ , бу техник масала. Агар бу соф иқтисодий омиллар билан боғлиқ бўлганида хавотирга тушишга арзирди.

Шу пайтгача рублни олиш ва сотиш ўртасидаги фарқ юқори эди. Рискларни минималлаштириш учун катта спред ушланарди. Чунки токи клиринг бўлгунча рублдаги тушум клирингдан ўтгунча ярим кун, бир кунда йўқотишларга учраши мумкин. Шу спред янада кенгайишини инобатга олиш керак. Банклар рублни 130 сўмдан сотиб олиб, 145 сўмдан сотиб келган бўлса, ўртадаги 10 фоизлик спред янада ошади. Банклар ўзини ўзи ҳимоя қилади. Сотиб олиш курслари яна юқорилайди, сотиш курслари янада пасаяди. Бу биринчи оқибат деб ўйлайман.

Иккинчи оқибат, экспортчиларимиз олдиндан баҳолай олиши керак. Олдин ҳам кўп гапирилган иложи борича Россия билан экспорт шартномаларини тузганда рублда эмас, юанда (Россияда кенг ликвидликка эга) тузишга ҳаракат қилиш лозим. Юандаги тушумлар ҳаракат эркинлигимизни беради. Рублдаги тушумлар Россиядан импорт учунгина ишлатилиши мумкин. Юандаги тушумлардан эса Ҳиндистон, Хитой, Жанубий шарқий осиёдаги мамлакатлар билан савдо операцияларини амалга оширишингиз мумкин. Яъни қамрови анча кенг. Бу билан юан ечим демоқчи эмасман. Ҳозирги вазиятда бизга камроқ зиён етадиган вариантни танлашимиз керак.

Сўмга қандай риск бор?

— Марказий банк 13 июндаги асосий ставкани ўзгаришсиз қолдириш юзасидан қарорига оид релизда асосий тезислардан бири сўмнинг реал самарали алмашинув курси мустаҳкамланишига оид ишора бўлди. Буни нимадан далолат беради. Бу бизнинг асосий савдо ҳамкорларимиз Россия, Хитой, Қозоғистоннинг валюталарига нисбатан сўм нисбий барқарорлигини сақлайди. Бу яқин истиқбол ҳақида. Яна бир ишора ташқи савдо дефицити камайиб боришига оид. Ҳар хил омиллар, маъмурий чоралар натижасида дефицит камайгани учун сўмга босим ҳам камаяди. Фикримча, ўзбек сўми яқин истиқболда, МБнинг навбатдаги йиғилишигача фавқулодда бирор омил юз бермаса, барқарор қолади.

Рубл борасида фикрим шундай, иложи борича рублга нисбатан курсни белгилашда дисконт қўллаш керак. Ўзбек сўми рублни бақувват ҳолда қўллаб қувватламаслиги керак. Қайтанга тескариси қилиниши керак. Бутун дунёда, атрофимиздаги мамлакатларда рублнинг курси тушган ҳолда, ўзбек сўмига нисбатан рублнинг қадри ошди. Бу билан кўпчилик мигрантларнинг Ўзбекистонга юбораётган рублидан кўпроқ сўм олишини таъминлаяпмиз дейиши мумкин. Лекин бу макроиқтисодий нуқтайи назарда тўғри бўлмаган қарор.

Мадина Очилова суҳбатлашди.

Мавзуга оид