Жо Байден жонли эфирда Pfizer вакцинаси билан эмланди
АҚШнинг сайланган президенти Жо Байден коронавирусга қарши эмланди. Демократ АҚШ телеканали жонли эфирида Pfizer вакцинасининг биринчи дозасини қабул қилган.
Байден вакцинани ўзи туғилган Делавер штатида қабул қилган. Унга яқин сиёсатчилардан бўлган конгрессмен Седрик Ричмондда коронавирус аниқлангач, Байден вакцинани қабул қилишга қарор қилган. Байдендан аввал ҳам АҚШдаги катта сиёсатчилар вакцинани оммавий тарзда қабул қилганди. Хусусан, вице-президент Майк Пенс, конгресс етакчилари Нэнси Пелоси ва Митч Макконнел ҳам вакцинанинг биринчи дозасини тантанали тарзда қабул қилишган (вакцина иккита дозадан иборат бўлади).
АҚШда шу тариқа вакцинанинг самарали эканига одамларни ишонтириш тарғиб қилинмоқда. Жо Байден ва унинг рафиқаси вакцинанинг иккинчи дозасини уч ҳафтадан кейин қабул қилади.
АҚШда айни дамда 18 миллионга яқин одам коронавирус юқтирган. Касаллик 318 мингдан ортиқ америкаликнинг умрига зомин бўлди. Бутун дунёда эса вирус юқтирганлар сони 77 миллионга яқинлашди. Ҳозиргача 1,7 миллиондан ортиқ одам коронавирус сабаб вафот этди.
Маълумот учун, дунёда энг ишончли деб аталаётган Pfizer компаниясининг коронавирусга қарши вакцинаси кўплаб мамлакатларда қабул қилиш учун яроқли деб топилган. Европа Иттифоқи ҳам аъзо мамлакатлари ҳудудида ушбу вакцинадан фойдаланишга рухсат берган. 20 декабр куни Исроил бош вазири Бенямин Нетаняҳу ҳам Pfizer вакцинасини жонли эфирда қабул қилганди.
Pfizer 1849 йил АҚШда ташкил этилган дунёдаги энг йирик фармацевтика компанияларидан бири ҳисобланади. Штаб квартираси Нью-Йоркда жойлашган компания германиялик асосчиси Карл Пфицер шарафига Pfizer деб номланган. Умумий капитализацияси 200 миллиард доллар атрофида бўлган Pfizer 2019 йил якунларига кўра 16 миллиард доллардан кўпроқ соф фойда кўрган. Коронавирус вакцинаси устида тадқиқотлари муваффақиятли якунланса, корхона фойдаси сезиларли ошиши кутилмоқда.
Мавзуга оид
21:08
Президентлар учрашуви: Байден ва Трамп Оқ уйда икки соат гаплашди
09:40
Байден Трампга: Украинани қўллаб-қувватлаш АҚШ манфаатларига жавоб беради
21:45 / 13.11.2024
«Сиёсат — аёвсиз» — Трамп Оқ уйда Байден билан учрашди
08:19 / 11.11.2024