“2022 йилдан тадбиркорларга ўз эҳтиёжи учун электр ишлаб чиқарганда давлат томонидан қулайликлар берилади” – Шерзод Хўжаев
Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев электр энергетика соҳасида жуда кўп ўзгаришлар бўлишини маълум қилди.
15 сентябр куни Молия вазирлигида “Яшил иқтисодиётга ўтишда хусусий секторнинг иштироки” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев Kun.uz’га берган интервьюсида 2022 йил 1 январдан соҳада катта янгиликлар кутилаётганини билдирди.
Вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, электр энергия борасида Президент қарори лойиҳаси ишлаб чиқилган.
“Халқаро мутахассислар томонидан 4 та корхона, яъни “Иссиқлик электр станциялари” AЖ, “Ўзбекгидро” AЖ, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” AЖ ва “Ҳудудий электр тармоқлари” AЖ фаолияти ўрганилгач, шу асосда президент қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди. Ушбу лойиҳага асосан 2022 йилдан электр энергетика соҳасидаги ислоҳотлар кейинги босқичга ўтади. Иккинчидан, очиқ бозор босқичига ўтиш муддатлари, шартлари аниқ акс эттирилган концепция ва йўл харитаси тасдиқланади”, – деди Шерзод Хўжаев.
Унинг таъкидлашича, электр энергияни ўз эҳтиёжи учун ишлаб чиқариш тартибида янгиликлар бўлади.
“Ўйлайманки, йил якунига қадар бу ишларни бошлаб юборамиз ва 2022 йил 1 январдан бошлаб электр энергетика соҳасида жуда кўп ўзгаришларни ишлаб чиқарувчилар, инвесторлар ва истеъмолчилар ҳис қилишади.
Энг муҳим янгилигимиздан биттаси бу – электр энергияни ўз эҳтиёжи учун ишлаб чиқариш тартиби янада соддалаштирилади. Қандайдир ишлаб чиқариши бор тадбиркор ўз эҳтиёжи учун электр ишлаб чиқариши мумкин. Бунда давлат унга бир қатор қулайликлар беради. Бироқ бу қулайликлар айнан солиқ имтиёзлари эмас. Қайта тикланувчи энергия манбалари учун солиқ имтиёзлари фойдаланишга берилган, преференциялар мавжуд. Шуларнинг ўзи етарли деб ўйлайман. Чунки улар узоқ муддатли – камида 10 йилга мўлжалланган”, – деди вазир ўринбосари.
Шунингдек, давра суҳбатида иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров тез орада битта давлат электр энергия станцияси хусусийлаштирилади. Бироқ бу айнан қайси станция эканлиги борасида ОAВга аниқ маълумот берилмади.
Мавзуга оид
20:55 / 02.11.2024
Ўзбекистонда электр энергияси ва метан гази олиш учун 8 та чиқинди ёқиш заводи, 1 та чиқинди полигони қурилади
21:29 / 29.10.2024
Жиззахда 8,6 млрд сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланган “метан заправка” аниқланди
00:36 / 19.10.2024
Куба электр энергиясидан буткул узилиб қолди
23:32 / 18.10.2024