Ўзбекистон | 16:05 / 31.05.2021
22020
8 дақиқада ўқилади

Ҳайдовчилик учун имтиҳон олиш тадбиркорларга берилади. Коррупциянинг олди қандай олинади?

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 4 майдаги 271-сон қарори билан 1 августдан ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш имтиҳон олиш амалиётини хусусий тадбиркорларга бериш назарда тутилмоқда.

Бу жараён қандай ташкил этилади? Келгусида қатор хорижий давлатлардаги каби ҳайдовчилик курсларида таҳсил олмасдан, имтиҳон топшириб ҳайдовчилик олиш имкони бериладими? Тадбиркорлик субъекти томонидан ташкил этилган имтиҳон олиш марказида коррупциянинг олди қандай олинади? Нима учун «E» тоифасини олиш учун юк машинасини бошқарганлик талаби қанчалик қонунга мос келади?

ИИВ ЙҲХББ бўлинма бошлиғи, подполковник Муродбек Шерлиев Kun.uz билан суҳбатда шу каби саволларга жавоб берди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Имтиҳон топширмоқчи бўлганларни нималар кутмоқда?

«Вазирлар Маҳкамаси қарори билан ҳайдовчилик гувоҳномаси учун бугунги кунда давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги зиммасида бўлган имтиҳон олиш жараёни тадбиркорлик субъектларига берилмоқда. Бунда барча тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномаларини олиш учун назарий ва амалий имтиҳонлар жараёни (троллейбус ва трамвайдан ташқари) инсон омилини чеклаган ҳолда автоматлаштирилган автодромларни қурган ҳолда хусусий сектор томонидан амалга оширилади».

 Қандай талаблар бор?

«Хусусий тадбиркорлик субъектлари ҳайдовчилик учун имтиҳон олишни ташкил этишидан аввал белгиланган тартибдаги автоматлаштирилган автодромни барпо қилиши, инсон омили чекланган, тўлиқ автоматлаштирилган ҳолатда имтиҳон олинадиган тизимни яратиши керак. Назарий имтиҳон ҳам худди шундай алоҳида хонада, видеоёзув қурилмалари ўрнатилган ҳолда имтиҳонларни ташкил этиши белгиланди».

Ҳайдовчилик гувоҳномасини ким беради?

«Ҳайдовчиликка номзод имтиҳонни муваффақиятли топширса, унга сертификат берилади, у ушбу сертификат билан Давлат хизматлари агентлиги ёки яқин орадаги давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматларининг рўйхатлаш ва имтиҳон олиш бўлимларидан ҳайдовчилик гувоҳномасини бемалол олиши мумкин бўлади».

Хусусий имтиҳон олиш марказида барчаси автоматлаштирилган бўлиши шарт

«Ҳайдовчиликка номзод транспорт воситасига ўтирганида кабина ичида унинг тўлиқ ҳолатини қайд этиб турадиган камера, ташқарида автомобилни бошқаришини намойиш қилувчи ҳамда умумий тартибда назорат қилувчи камера бўлиши шарт. Шунингдек, транспорт воситасига датчиклар ўрнатилади. Улар автомобилнинг қандай бошқарилаётганини кўрсатиб туради. Номзодга максимал 100 балл берилиши мумкин. Ҳар бир хатоси учун баллар камайиб боради. Балларнинг қолган миқдоридан келиб чиққан ҳолда номзод имтиҳондан ўтгани ёки ўта олмаганини билиб олади. Мабодо, номзод қўпол қоидабузарликларни содир этса, имтиҳондан четлаштирилади.

Тадбиркорлар томонидан ташкил этиладиган имтиҳон олиш марказларида назарий имтиҳон топшириш учун хонанинг майдони 72 квадрат метрдан кам бўлмаслиги лозим. Бундан ташқари, хонада имтиҳон жараёнини бевосита онлайн кузатиш имтиҳонини берувчи мослама ва жиҳозлар бўлиши шарт».

Имтиҳонни 7 кундан сўнг қайта топшириши мумкин

«Вазирлар Маҳкамасининг 408-қарорига асосан, ҳайдовчиликка номзод имтиҳонга кириб чиққач, натижалари салбий бўлса, яна етти кундан сўнг имтиҳонни қайта топшириши мумкин. Бу жараён имтиҳондан ижобий натижа олгунча 7 кун оралиқ билан давом этаверади. Давлат Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаларида назарий имтиҳон учун БҲМ (базавий ҳисоблаш миқдори) – яъни 245 000 сўмнинг 10 фоизи, амалий имтиҳон учун 15 фоизи миқдорида ҳақ тўланади. Бу тегишли равишда 24 500 сўм ва 36 750 сўмни ташкил этади.

Тадбиркорлик субъектларида имтиҳон нархи мустақил белгиланади. Қолаверса, президент қарорида соҳани ривожлантириш учун тўловлардан тушган сумма ушбу марказни ташкил этган тадбиркорларда қолиши белгиланган. Бу албатта, тадбиркорлик субъектларида рақобатга сабаб бўлади».

Имтиҳон варақасидаги назарий саволлар сони оширилади

«Йўл ҳаракати қоидалари янги таҳрирда ишлаб чиқилмоқда. Шундан сўнг, имтиҳон варақаларидаги саволлар сони ҳам кўпайтирилади. Ҳозирги кунда жами 700та савол бўлса, уларнинг сонини 1000 ёки 1200тага чиқариш режалаштирилмоқда. Қарорда ҳам алоҳида қайд этилган, бугунги кунда назарий саволлар сони бир варақада 10та бўлса, тадбиркорлик субъектлари томонидан ташкил этилган марказлардаги имтиҳон варақаларида 20та савол тушади. Шунда номзод 20та саволдан 18тасига тўғри жавоб бериши шарт бўлади».

Муродбек Шерлиев ИИВ ЙҲХББ бўлинма бошлиғи, подполковник

Ўқимасдан ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш мумкинми?

«Ҳар бир қарорга ўзгартириш киритишдан олдин хорижий давлатларнинг бу борадаги тажрибасини ўрганамиз. Айрим давлатларда ҳайдовчиликка номзод ўқув курсларига қатнамасдан, тўғридан тўғри имтиҳон топширади. Имтиҳондан ўтса, ҳайдовчилик гувоҳномасини олади. Масалан, Германиянинг айрим ҳудудларида ўқимасдан гувоҳнома олса, бир йил давомида ёнида ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлган киши билан биргаликда транспорт воситасини бошқариши белгиланган экан. Айрим давлатларда баллик тизимга ўтказилган. Ўқув курсидан ўқимасдан ҳайдовчилик гувоҳномаси олган ҳайдовчига 100 балл берилади. У бир йил давомида, қоидабузарликлар боис, ушбу балларни тугатиб қўйса, малака ошириш учун ўқув курсига юборилади. Бизда ҳам имтиҳон олиш жараёнларининг тадбиркорлик субъектларига берилишининг асосий сабаби ҳам шуки, босқичма-босқич шунга етиб келамиз».

Имтиҳон топширишда коррупцияга қандай қилиб йўл қўйилмайди?

«Юқорида айтиб ўтдим, имтиҳон жараёнларини истаган фуқаро онлайн тартибда бемалол кузата олади. Бундан ташқари, имтиҳонни ЙҲХ хизмати ходими ҳам кузатади. Шу билан бирга, имтиҳон топшириш жараёнининг ўзи тўлиқ автоматлаштирилган бўлади. Инсон омилига йўл қўйилмайди, баҳони автоматик тизимнинг ўзи қўяди. Назарий имтиҳондан ўта олмадими, амалий имтиҳон топширишга техниканинг ўзи рухсат бермайди».

«E» тоифага ўқиш учун BC тоифадаги ҳайдовчи учун қайси транспорт воситасини бошқарганининг аҳамияти йўқ

«Қарорни талқин қилишда ҳар ким ҳар хил тушунади. 408-қарор билан тасдиқланган Низомнинг 9-боб, 63-бандида автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш курсларининг тингловчилари учун қўйиладиган талаблар аниқ ёзиб қўйилган.

Унга кўра, номзод:

  • соғлиғининг ҳолати бўйича махсус тиббий талабларга жавоб бериши;
  • маълумоти умумий ўрта маълумотдан кам бўлмаслиги;
  • ўқув машғулотлари таълим муддати якунида «А» тоифали мототранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқига эга бўлиш учун — 16 ёшга;
  • «B», «B» ва «C» тоифали транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқига эга бўлиш учун — 18 ёшга;
  • «D» тоифали транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқига эга бўлиш учун — 21 ёшга тўлган бўлиши;
  • «BЕ», «CЕ» ва «DЕ» тоифаларига эга бўлиш учун «B», «B» ва «C», «C», «D» тоифалардаги транспорт воситаларини бошқариш бўйича камида ўн икки ой ҳайдовчилик стажига эга бўлиши лозим.

Шу ўринда, номзодда «B» ва «C» тоифалари бўлиб, «E» тоифага ўқиб келса, унга «BЕ», «CЕ» тоифаси берилади. Бунда қайси турдаги транспорт воситасини бошқариш бўйича стажнинг аҳамияти йўқ.

Шунингдек, «CЕ» тоифасини ўқимасдан ҳам олиш мумкин. Бунинг учун 10 йиллик юк транспорт воситасини бошқарган бўлса, ёки номида шу турдаги транспорт воситаси бўлиши, ишончнома, ижара шартномаси бўлса кифоя қилади».

Kun.uz мухбири қарорнинг мазкур қисмини изоҳлаб беришни сўраб Адлия вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Севара Ўринбоевага мурожаат қилди. Адлия вазирлиги мутахассислари 408-қарор билан тасдиқланган Низомнинг 9-боб, 63-банди, 6-хатбошини изоҳлаб, «B» ва «C» ҳайдовчилик гувоҳномасиги эга бўлган ҳайдовчи учун бир йиллик стаж талаб қилиниши, бироқ бунда унинг қандай транспорт воситасини бошқарганининг аҳамияти йўқлигини таъкидлашган.

Тайёрлаган:  Толиб Раҳматов

Мавзуга оид