11:33 / 30.09.2020
12162

Ўзбекистонда экология соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар ҳақида фото ва видео юборган шахслар пул мукофоти билан рағбатлантирилади

Президент “Маиший ва қурилиш чиқиндилари билан боғлиқ ишларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА томонидан эълон қилинди.

Белгилаб қўйилишича, 2021 йил 1 январдан бошлаб:

аҳоли томонидан Давлат экология қўмитасининг Интернет тармоғидаги махсус ахборот тизимига юборилган экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги фотосуратлар ва видеоёзувлар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда белгиланган тартибда кўриб чиқилади;

ҳуқуқбузарлик ҳолатлари тўғрисидаги фотосуратлар ва видеоёзувларни юборган шахслар ҳуқуқбузардан ундирилган жарима миқдорининг ўн беш фоизи миқдоридаги пул мукофоти билан рағбатлантирилади;

ҳуқуқбузарлик ҳолатлари тўғрисида юборилган фотосуратлар ва видеоёзувлардаги ҳуқуқбузарларнинг шахсини аниқлаш Давлат экология қўмитасининг ҳудудий органлари сўровига асосан ички ишлар органлари томонидан амалга оширилади;

ҳуқуқбузарлик ҳолатлари тўғрисидаги фотосуратлар, видеоёзувлар ва хабарларни тақдим этган шахслар тўғрисидаги маълумотларнинг ошкор этилишига йўл қўйилмайди.

Давлат экология қўмитаси:

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда 2021 йил 1 январга қадар барча ҳудудлардаги аҳолига атроф-муҳит, шу жумладан, маиший ва қурилиш чиқиндилари билан боғлиқ ишлар ҳолати устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш имконини берувчи, бу борадаги ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги фото ва видео материалларни жойлаштириш имкониятига эга бўлган Интернетдаги махсус ахборот тизимини яратиш ҳамда ҳар бир хабар берилган ҳолат бўйича тезкор чоралар кўриш тизимининг жорий қилинишини таъминлайди;

чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга оширишда экологик тарбия ва тарғиботни самарали ташкил этиш ҳамда жамоатчилик экологик назоратини амалга оширишда фуқаролар, нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳамда оммавий ахборот воситалари билан яқиндан ҳамкорлик қилади;

экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳолати ҳақида жамоатчилик хабардорлигини оширишга қаратилган ахборот-таҳлил ва медиа материалларини тайёрлаш, экологик маданиятни ошириш, ҳуқуқбузарликларнинг ўз вақтида олдини олиш чораларини кучайтиради;

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги билан биргаликда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан экологик назоратнинг жамоатчи инспекторлари тизимини шакллантириш ишларини мувофиқлаштиради.

Top