Ўзбекистон | 20:47 / 27.11.2024
35156
11 дақиқада ўқилади

Бедарвоза божхона ва ғойиб бўлаётган машиналар – Kun.uz’да катта суриштирув

2024 йилнинг 16 август куни соат 10:00 да Акбар Мамажонов исмли шахс бошқа бировга тегишли Cobalt машинасини бошқариб, “Яллама” чегара пости орқали Қозоғистонга ўтиб кетган. Унда мазкур машинани бошқариш ҳуқуқи бўлмаган. Чегарадан ўтказилгач, Cobalt изсиз йўқолган. Kun.uz суриштирувида аниқланишича, 50 га яқин ана шундай машина божхоначилар кўз ўнгида Қозоғистонга олиб чиқиб кетилган. Суриштирувда Ўзбекистон божхона тизимининг заиф томони, яъни ҳатто ўғирланган машиналарни божхона постлари орқали бемалол олиб чиқиб кетиш мумкинлиги ҳақида сўз боради.

Ўзбекистонда “выкуп”га (бўлиб тўлаш шарти билан) харид қилинган турли русумдаги 50 га яқин машина Қозоғистонга ўтказиб юборилган. Уларнинг айримларини чегара постларидан бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахслар ҳайдаб олиб ўтган. Kun.uz бу маълумотга бир мурожаатни ўрганиш давомида дуч келди.

Ғойиб бўлган Cobalt

Таҳририятга мурожаат қилган Тошкент шаҳрида яшовчи И.Х. Cobalt машинасини насия-савдога (бўлиб тўлаш шарти билан) сотиб, алданиб қолганини маълум қилди. Унинг билдиришича, машинасини 2024 йил август ойида Абдурасулов Абдулла исмли шахсга бўлиб тўлаш шарти билан сотган. Келишувга асосан харидор унга аввалига 3 минг АҚШ доллари берган. Қолган пулни 25 ой давомида ҳар ойда 600 АҚШ долларидан тўлаб бориши керак бўлган.

Бир ойдан сўнг ойлик тўлов қилинмагач, Абдуллага қўнғироқ қилдим. Аммо боғлана олмадим, телефони ўчирилган экан. Кейин Telegram орқали гаплаша бошладик. У машинам Қозоғистонга чиқариб юборилганини, ўзи ҳам бошқа одамларга алданиб қолганини айтиб, турли баҳоналар қила бошлади. Машинани Абдуллага ишончнома билан бергандим”, дейди Cobalt эгаси.

И.Х. машинасини 2024 йил 15 август куни Абдулла Абдурасуловга сотган. 16 август куни соат 10:00 да эса айни шу машина Акбар Мамажонов исмли шахс бошқарувида “Яллама” чегара пости орқали Қозоғистонга ҳайдаб чиқиб кетилган. Машинани ишончнома аосида бошқариш ҳуқуқи Абдулла Абдурасуловда бўлган. Акбар Мамажоновда эса уни бошқариш ҳуқуқи бўлмаган.

Шу тариқа, чегарадан олиб ўтилган Cobalt изсиз ғойиб бўлган.

Қидирувдаги” харидор

И.Х. машинаси ғойиб бўлгач Абдулла Абдурасуловдан уни қайтариб беришни талаб қила бошлаган. Сабаби, харидор келишув бўйича ойлик тўловни амалга оширмай қўйганди.

Мулк эгасининг уринишлари самара бермаган. У Абдуллани излаб яшаш манзили – Тошкент шаҳрининг Олмазор туманидаги Ғани Аъзамов маҳалласига борган.

Ўша ҳудуддаги дўконларга кириб Абдулла Абдурасуловнинг турар жойини сўрадим. Унинг суратини дўкон сотувчисига ва ўша ерда турган бир неча фуқароларга кўрсатдим. Улар эса Абдуллани кўплаб одамлар қидираётганини, у кўпчиликни алдаган ҳолда машинасини олиб, Қозоғистонга ўтказиб сотиш билан шуғулланишини айтди. Шунда алданганимни билдим.

Кейин ўзим каби Абдуллага машина сотиб, алданган фуқароларнинг айримларини топиб, гаплашдим”, дейди И.Х.

Шундан сўнг И.Х. ҳолат юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қила бошлаган. Ҳатто машинасини излаб, Қозоғистонга ҳам ўтиб келган, аммо бундан натижа бўлмаган.

Қозоғистонда Яндекс қилмоқчи эдик”

Абдулла Абдурасулов бир неча ой давомида 50 га яқин машинани Қозоғистонга ўтказган. Kun.uz’да унинг ўзи буни тан олгани ҳақидаги видеолавҳа бор.

Видеолавҳада Абдулла Абдурасулов машиналарни Қозоғистонга ўтказиб, такси хизматини йўлга қўймоқчи бўлганини, аммо қозоғистонлик шерикларига алданиб қолганини билдирган.

Мен олдин таниш бўлган Ином исмли чимкентлик йигит билан апрел ойи бошида гаплашдим. “Ўзбекистондан машина юборсанг, Яндексда ишлаймиз”, деди. У билан келишдик. Мен бу ёқдан “аренда”га машина олиб, Иномга жўната бошладим. 30 га яқин машина юборганимдан кейин у “Мен Малик деган одам билан ишлайман. Сен ўша билан ишла”, деди. Кейин ўша Малик исмли одам билан ишладик, машиналарни унга жўнатишни бошладим. Қарийб 50 та машина жўнатганимдан сўнг у ёқдан арендаларнинг пули келмай қолди.

Орада менга телефон қилиб, машиналардан бири Ўзбекистон божхонасига кирган экан, ушланиб қолибди, деди. Билсам, у мен чиқарган машина экан. Улар Қозоғистон рақамини тақиб қўйишган экан. Билсам машиналарнинг барчасини “оформеление” қилиб, сохта ҳужжат тайёрлаган ҳолда Қозоғистон давлат рақамини тақиб, сотиб юборишаётган экан.

Мен уларга машиналарни қайтаринглар, дедим. Маликка ҳам, Иномга ҳам айтдим. Улар “туда-суда” деди, аммо машиналарни қайтаргани йўқ. Бўлган гап-сўзлари шу”, дейди Абдулла Абдурасулов видеолавҳада.

Пул берсанг машинанг қайтади”

Чегарадан олиб ўтиб кетилган Cobalt йўқолгач, Абдулла Абдурасулов унинг эгаси И.Х.га маълум миқдорда пул берса, машинасини қайтариб келтириб беришни айта бошлаган. Бу ҳақда Kun.uz’да бир нечта аудиоматериаллар бор.

Ака, кўрдингиз, мен биринчи бўлиб сизникига ҳаракат қилдиртирдим. Нима қўлимдан келса, ҳаракат қилдим. Ҳозир бу қилаётган бола пул олмасдан қилмайди. Анов бола ҳам 650 доллар пул ўтказиб бериб, кейин бориб машинасини олди. Борганда яна 150 доллар пул берди.

Мен ҳаракат қиляпман, фақат ўзимнинг қўлим калталик қилиб турибди. Сиз ана шу болага 300 минг тенге беринг, юз фоиз қайтариб олиб келиб беради машинангизни. Қиляпти-да, ака, кўряпман. Яна битта машинани бериб бўлдик мана. Сизникини ҳам қўшдириб, бердиртириб юбораман”, деган у суҳбатлардан бирида.

Яна бир суҳбатда эса қозоғистонлик йигитлар билан гаплашганини, 150 минг тенге берса машинани топишларини, калитни қўлга олгач эса қолган пулни бериши кераклигини айтган.

GPS орқали топилган Lacetti

Абдулла Абдурасулов орқали Қозоғистонга чиқариб юборилган машиналардан бири – қора рангли Lacetti машинаси ортга қайтарилган. Мулк эгалари машинасини Қозоғистондан, давлат рақамлари ечиб олинган ҳолда яшириб қўйилган жойидан топган. Машинанинг топилишида эса унга ўрнатилган GPS тизими ёрдам берган.

Kun.uz’да мавжуд бўлган видеода кўринишича, мулк эгалари Қозоғистон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ходимлари иштирокида машина яшириб қўйилган жойга борган ва машинани топган. Орган ходимлари “техпаспорт”даги кузов рақами билан машина кузов рақамини солиштириб кўрганда улар бир хил экани маълум бўлган.

Шундан сўнг машина яширилган жойидан ҳайдаб олиб кетилган ва эгасига қайтарилган.

Терговдаги “дело”

Ушбу ҳолат юзасидан Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳар ИИБ томонидан жиноят иши қўзғатилган. Буни Чирчиқ шаҳар ИИБнинг 2024 йил 18 сентябрда Адлия вазирлиги ҳамда Божхона қўмитасига чиқарган хатларида ҳам ўқиш мумкин.

Жумладан, ИИБ Адлия вазирлигига жўнатган хатида Абдулла Абдурасулов номига автотранспорт воситаларини бошқариш учун берилган ишончномалар тўғрисида маълумот сўраган.

Божхона қўмитасига юборилган хатда эса Абдулла Абдурасулов 2024 йил 10 июл кунидан 18 сентябр кунига қадар Ўзбекистон чегара постлари орқали қандай русумли ва қандай давлат рақамли машиналарда қайси чет давлатга чиқиб кетгани ҳақида маълумот сўралган.

Харидор” қаерда?

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди (жуда кўп миқдорда фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган. Бу ҳолатда гумондорга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланиши мумкин.

Бироқ мурожаатчига кўра, Абдулла Абдурасулов очиқда, у билан ҳамон Telegram орқали боғланиб турибди. Абдулла Абдурасулов қидирувдаги шахслар рўйхатида ҳам йўқ.

Kun.uz мазкур ишни тергов қилаётган Чирчиқ шаҳар ИИБ терговчиси билан боғланди. У тергов ҳаракатлари бўйича маълумот беролмаслигини, тергов ҳали давом этаётганини билдирди.

Божхонами ёки карвонсарой?

Ҳолатдаги энг шубҳали нуқта – машиналарнинг божхона ўтказиш пунктидан бошқарув ҳуқуқи бўлмаган шахс томонидан ҳайдаб чиқиб кетилиши билан боғлиқ.

Тошкент шаҳрида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслардан бирининг Kun.uz’га тушунтиришича, айрим ҳолларда ишончномага мижознинг талаби билан машинани чет элда ҳам бошқариш мумкинлиги ҳуқуқи ёзиб қўйилади. Бундай ишончнома рус тилида тайёрланади.

Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ҳам онлайн ишончнома расмийлаштирилиши мумкин. Аммо портал орқали расмийлаштирилганда ишончнома машинани бошқа давлатга олиб чиқиб кетиш ҳуқуқисиз берилади.

И.Х. Абдулла Абдурасуловга ишончномани портал орқали расмийлаштириб берган.

Абдулла Абдурасулов томонидан Қозоғистонга чиқариб юборилган машиналарнинг аксариятини чегара постларидан ушбу машиналарни бошқариш ҳуқуқи бўлмаган ҳайдовчилар ҳайдаб ўтган. Бу ушбу жиноят ишининг кўлами янада каттароқ бўлиши мумкинлиги ҳақидаги шубҳаларни уйғотади.

Хўш, Ўзбекистондан олиб чиқиб кетилган машиналар қаерда? Ер тагида илон қимирласа сезадиган божхоначилар ўнлаб автомобилларни қандай қилиб бу тарзда чегарадан ўтказиб юборган? Kun.uz ҳолат юзасидан Божхона қўмитаси вакили билан боғланди. Унинг маълум қилишича, чегарадан ҳайдаб ўтилаётган машинага тегишли (русуми, давлат рақами, яъни “техпаспорт” маълумотлари) ҳамда ҳайдовчининг “права”сидаги барча маълумотлар базага киритилади. Аммо божхона ходимлари ҳайдовчида чегарадан бошқариб олиб ўтаётган машинасини бошқариш ҳуқуқи бор ёки йўқлигини текшириш ваколатига эга эмас.

Бундан келиб чиқадики, олиб қочилган машиналарни агар “техпаспорт”и бўлса Ўзбекистоннинг исталган чегара пости орқали чет давлатга олиб чиқиб кетиш мумкин. Бу ўғирланган машиналарни Ўзбекистон ҳудудидан олиб чиқиб кетишда чегара постларидаги ҳақиқий “яшил йўлак”дир.

Kun.uz мавзу юзасидан суриштирувни давом эттиради. Шу ёки шунга ўхшаш муаммога дуч келган бўлсангиз @kunuzmurojaat Telegram манзилига мурожаат қолдиришингиз мумкин.

Руслан Сабуров,
Kun.uz

Мавзуга оид