Спорт | 15:20 / 29.09.2025
15216
3 дақиқада ўқилади

«Реал» футболчилари Қозоғистонга учиб келди

Маҳаллий мухлислар уларнинг ҳар қадамини кузатиб бормоқда.

Мадриднинг «Реал» клуби Чемпионлар лигаси умумий гуруҳ босқичининг 2-тури доирасида маҳаллий «Қайрат» клубига қарши ўйин ўтказиш учун 29 сентябрга ўтар кечаси Олмаотага етиб келди. Кутилганидек, таниқли меҳмонларнинг келиши қозоғистонликлар учун ойнинг асосий воқеасига айланди — шаҳар аҳли юлдузларни кутиб олиш учун кўчаларга чиқишди.

«Реал» фанатлар қаршисига келмади

Ҳаби Алонсо жамоаси Қозоғистонга жуда кеч етиб келди — бу вақтда Осиёнинг бу ҳудудида тун ярмидан оққанди. Испан клуби Олмаотагача саккиз соатдан ортиқ парвоз қилган — ва бу футболчиларни жуда толиқтирган. Клуб матбуот хизмати эълон қилган фотоларда футболчилар ҳорғин кўринган.

Бу вақтда аэропортда катта оломон йиғилганди — ёшлар ва ёши катталар ҳам мадридликлар жамоаси футболчиларини яқиндан кўришга ошиққан.

Аммо уларнинг кўпчилиги бунга муваффақ бўла олмади — «Реал» аъзолари VIP-зона орқали чиқишди.

Шу билан бирга, VIP-зонада ҳам қозоғистонлик мухлислар навбатчилик қилаётганди — уларнинг бир қисми кимларнидир кўришга ва «Қироллик клуби» автобусини кузатиб қўйишга улгуришди.

Кўп ўтмай «Реал» Олмаотадаги меҳмонхоналардан бирига тўхтади. Клуб бу ердаги барча номерларни банд қилган бўлса-да, меҳмонхона ташқарисида ва ичкарисида барибир одамлар тўпланганди.

Кимдир Килиан Мбаппе узоқ парвоздан кейин ўзига сахийлик қилиб, тарелкасини тўлдириб олаётганини тасвирга олишга ҳам улгурган.

Уникал имконият

«Реал» футболчиларини таъқиб қилган мухлисларни тушуниш қийин эмас. Уларда «Қироллик клуби» аъзоларини кўриш имконияти бошқа юзага келмаслиги ҳам мумкин — «Қайрат» билан ўйин учун чиқарилган барча чипталар (23 минг) дарҳол сотилиб кетган, шу туфайли шу вақтгача чипта сотиб ололмаганларда энди стадионга кириш имконияти бўлмайди.

Қозоғистон гранди чипталарни 75 минг тенге 248 минг тенгегача бўлган нархларда чиқарган, 200 минг киши олдиндан онлайн-навбатга ёзилганди. Ҳозирда эркин сотувда чипталар йўқ, «Қайрат» эса спекулянтлар билан курашишга ваъда берган.

Шуниси аниқ: «Реал» бунга тайёр туриши керак. Яқин кунларда Қозоғистонда барчанинг эътибори Мадрид клубига қаратилади.

Ўйин, 30 сентябр куни, маҳаллий вақт билан 21:45 да бошланади.

Муаллиф:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид