Жамият | 21:59 / 06.09.2025
6698
7 дақиқада ўқилади

“Work and travel”ни ваъда қилганлар устидан суд бошланди

“Work and travel” шаклида АҚШга ишга жўнатишни ваъда қилган “American Adventure” фирмаси вакиллари фирибгарликда айбланмоқда. Шартнома шартлари бажарилмаган, кўплаб ҳолатларда пуллар қайтариб берилмаган. Мижозлар Америкадаги “иш берувчи” томонидан суҳбатдан ўтказилган бўлиб, жабрланувчилардан бири бу суҳбатлар спектакл бўлган бўлиши мумкинлигини айтди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Тошкентда хорижга ишга юбориш билан боғлиқ фирибгарликда айбланаётган “American Adventure” турфирмаси вакиллари устидан суд бошланди. Иш ЖИБ Юнусобод туман судида судя Умидбек Мусаев раислигида кўрилмоқда.

Судланувчилар – фирма раҳбари Азимжон Нажмиддинов ва фирмада норасмий ишлагани айтилаётган Бекзод Маҳмудов. Аммо судда Маҳмудов йўқ – жабрланувчилардан бири уни чет элга қочиб кетган деб ҳисоблайди.

“American Adventure” иши олдинроқ Kun.uz'да ёритилган эди. Ўшанда бир нечта фуқаро фирмага қандай алдангани ва пуллари қайтарилмаётгани ҳақида сўзлаб берганди.

4 сентябрдаги суд мажлисида 10 га яқин жабрланувчи кўрсатма берди.

Фирманинг мижозлари олдидаги ваъдалари – “work and travel”дастури доирасида АҚШга жўнатиш, иш билан таъминлаш, элчихонага суҳбатга навбат олиш, тиббий суғурта қилиш ва бошқа қулайликлар бўлган.

Одамлар фирма хизматлари учун 3 400 долларгача тўлаган. Элчихона суҳбат чоғида фуқарога виза беришни рад этса, “American Adventure” суҳбатга киритганлик учун тўланган пул маблағидан 500 долларгача ушлаб қолган. Қолганларини қайтариб бериши керак бўлган, лекин шартнома шартлари бажарилмаган.

Жабрланувчилар шартнома тузиш, пул олди-бердисида асосан Афзал исмли шахс билан мулоқотда бўлишганини айтишди.

“2023 йилнинг январ ойида ўртоғим “American Adventure”нинг “work and travel”дастурини маслаҳат берди. Кейин офисини топдим, Афзал ака: “Тўлов суммаси 3 400 доллар, бирданига тўласангиз 500 доллар чегирма” деди. 1 феврал куни келиб, 2900 доллар тўловини қилдим. Бу тўловга элчихонага киришгача бўлган барча ҳужжатларимизни қилиб берамиз, дейишди. Агар ўша айтилган нарса қилинмаса, шартнома бўйича 2023 йил охиригача пул қайтариб берилиши керак эди. Кейин 2023 йилнинг март ойида иш бўйича ариза топширдим. Май ойида ишдан таклиф келди. 2 ҳафтадан кейин Афзал ака “отказ” бўлди, деган жавоб берди.

Лекин мен у суҳбат сохталаштирилган деб ўйладим. Чунки у ёқда 4-5 та штатга топширилади. Масалан, мен Лас Вегасга топширганман, бошқалар Флоридага ёки бошқа штатга топширган, лекин ҳамма штатлар учун ўша иш берувчи суҳбат қилган. Шунақа спектакл уюштирилган деб шубҳага бордим.

Кейин Афзал ака билан гаплашганимда: “Бўлди, сизга бошқа таклиф берамиз”, дейишди. Филиппин ёки Хитойдан визага кириб, Америкага кетишингиз мумкин, 1000–1500 доллар атрофида кетади, дейишди. Мен у таклифни рад қилдим-да, бўлди, пулимни қайтариб беринг деб, шу ерда процессни тўхтатишни сўрадим”, дейди жабрланувчилардан бири.

Унинг сўзларига кўра, Афзал исмли шахс 2023 йил охиригача пулни қайтаришини айтган. Аммо 2024 йилнинг январига келиб офис ёпилган, у шахс эса Теlegram'дан ғойиб бўлган.

Бошқа бир жабрланувчи ҳам Афзалга 2 900 доллар тўлагани ва суҳбатда қатнашганини айтди.

“Telegram орқали суҳбат бўлган. Унда қанақа иш топиш, қаерда ишлаш мумкинлиги айтилган. Афзалнинг айтишича, бизлар суҳбатлашган одам иш берувчи бўлган. Афзал бизга PDF, excel ва word файлларида иш рўйхати, қайси штат ва шаҳарларда иш борлигини кўрсатиб ўтди. Кейин ўртоғим билан уларни танлаб юбордик. Шунда март ойи (2 февралда шартнома тузилган – таҳр.) охирида офисга бордик. Афзал: “Биз элчихонага рўйхатдан жой ололмаймиз, жой тўлиб кетган, фақат душанба ва чоршанба кунлари рўйхатга олиш очилган, система қийинлашган, шунинг учун иккита танлов бор: бошқа давлатга бориш ёки ҳозир ҳамма ҳаракатларни тўхтатиб, пулни қайтариб олиш”, деди. Ўшанда ўртоғим Сингапурга бориб келаман деганди. Мен эса пулимни қайтаринглар дедим. Кейин ўртоғим Сингапурга бориб келди, лекин ололмади”, – дейди жабрланувчи.

“Мен университетнинг 3-курсида ўқирдим ва курсдошим менга “American Adventure”га мурожаат қилишимни тавсия қилди, чунки улар иш тажрибаси алмашиш учун Америкага юборишаркан. 32 млн 712 минг сўм хизмат ҳақи тўладим.

Улар бу учун Америкада иш топиши, элчихонадан навбат олиши керак эди. Бизга қайсидир штатларнинг рўйхатини беришди, мос келадиганларини танлашимиз мумкин эди. Бир гуруҳ одамларни тўплашди ва Америкадан туриб бир фирманинг масъули биз билан суҳбат ўтказди. Лекин у ердан бизни ишга қабул қилишлари ҳақида ҳеч қандай таклиф ёки ҳужжат юборилмади. Фақат Америкада ишни қандай топиш кераклиги тушунтирилди. Элчихонага навбат ҳам олиб беришолмади. Чунки улар навбат ололмаймиз дейишарди.

Синглим учун ҳам 32 млн сўм тўлагандим. Афзал билан гаплашиб ҳеч нимага эриша олмадик, на пулга, на ишга. Кейин биз Маҳмудов Бекзодга ҳеч қандай иш бажарилмаётгани, пулларни қайтаришни айтиб мурожаат қилдик. Шундан кейин тўлаган пулимнинг 12 миллионини қайтарди холос”, – дейди жабрланувчи ўз кўрсатмасида.

Жабрланувчиларга кўра, фирма масъули пуллар Словенияга юборилганини, уни қайтариш қийинлигини айтган. Шундан кейин мижозларга пул маблағи декабрда қайтариб берилиши ваъда қилинган. Бироқ ҳеч нарса ўзгармаган.

Жабрланувчиларнинг айримлари пулларни долларда, нақд шаклда тўлагани, фирманинг Афзал исмли вакили уларга имзоли чек берганини айтди.

Судланувчи фирма раҳбари Азимжон Нажмиддинов жабрланувчиларнинг кўрсатмаларини тингларкан, ҳеч нарса демади. Навбатдаги суд мажлиси 10 сентябрга белгиланди.

Мавзуга оид