Хоразм ва Қашқадарё вилоятлари ҳокимлари қаттиқ огоҳлантирилди, компенсация тўланмаган жойларни бузиш тўхтатилади
Бугун, 27 июль куни Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов раислигида ҳудудларни ободонлаштириш, архитектура қиёфасини яхшилаш ишларини амалга оширишда давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан турар ва нотурар жойларни бузиш ишларини ташкил этишда жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш борасида йўл қўйилаётган камчиликлар ва уларни бартараф қилиш юзасидан кўрилаётган чоралар тўғрисида видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Видеоселектор йиғилишида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирок этди.
Kun.uz манбасининг хабар беришича, йиғилиш кескин танқидий руҳда ўтди. Президентнинг тадбиркорларнинг мол-мулки дахлсизлиги ва уни бузиш ҳамда уларга зарар етказиш қатъий тақиқланиши бўйича берган топшириқларини бузгани учун Яккабоғ тумани ҳокими Шоҳмурод Донаев, туман прокурори Жамшид Халилов, туман ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Мансур Туймаевнинг хатти-ҳаракатлари кескин танқид қилинди ва улар эгаллаб турган вазифасидан озод этилди.
Мансур Туймаев ўз ваколатига кирмайдиган хатти-ҳаракатларни амалга оширгани сабабли унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли бандлари асосида жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Урганч шаҳар ҳокими Шуҳрат Абдуллаев ва шаҳар прокурори Давлатовга йўл қўйган хатолари учун ҳайфсан эълон қилинди.
Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрманов ҳамда Қашқадарё вилояти ҳокими Зафар Рўзиев йўл қўйган жиддий камчиликлари учун қаттиқ огоҳлантирилди.
Бош вазир турар ва нотурар жой объектларининг бузилиши билан боғлиқ масалалар шахсан Ўзбекистон Республикаси Президенти назоратида эканини таъкидлади.
Бугундан бошлаб бузиш масалалари бўйича янги тизим жорий этилади.
Яъни, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари бузилиши режалаштирилган ҳудудни олдиндан Вазирлар Маҳкамаси билан келишади.
Шунингдек, йиғилишда қатор вазирликларга бир қатор топшириқлар берилди. Хусусан, Қурилиш вазирлиги республика бўйича барча Бош режаларни қайта кўриб чиқиб, уларни ишлаб чиқишда турар ва нотурар жойлар бузилишини минимал даражага келтириш, Адлия вазирлиги турар ва нотурар жойларни бузиш ва компенсация тўловларини қоплаш билан боғлиқ мавжуд норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қайта хатловдан ўтказиб, уларни янада такомиллаштириш бўйича ҳукуматга белгиланган муддатда таклиф киритади.
Видеоселекторда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларига бугундан бошлаб қонунчилик талабларига асосан компенсация тўланмаган ва олдиндан огоҳлантирилмаган турар ва нотурар жойларни бузишни тўхтатиш буюрилди.
Мавзуга оид
12:03 / 26.12.2022
Фарҳод Эрмановнинг сенаторлик ваколати муддатидан олдин тугатилди
12:20 / 17.12.2022
Фарҳод Эрманов Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раиси лавозимини эгаллади
12:50 / 16.02.2022
«Ҳар бир хонадонда 5 туп мевали ва 5 туп манзарали дарахт экилади» - Фарҳод Эрманов аҳолига мурожаат қилди
18:11 / 20.01.2022