Ўзбекистон | 12:20 / 17.12.2022
26456
2 дақиқада ўқилади

Фарҳод Эрманов Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раиси лавозимини эгаллади

Ўзбекистон президенти фармони билан Фарҳод Эрманов Хоразм вилояти ҳокими лавозимидан озод этилди. 

Фарҳод Эрманов

Президент матбуот котиби хабарига кўра, у Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раиси лавозимига тасдиқланди.

Аввалроқ Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши Раиси лавозимини эгаллаб келган Қаҳрамон Сариев президентнинг давлат хизмати, аҳоли билан мулоқот ва маҳаллий ҳокимият органлари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси биринчи ўринбосари лавозимига тайинланганди

Фарҳод Эрманов 1958 йил Қорақалпоғистон Республикаси, Амударё туманида туғилган. 1981 йилда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти, 1996 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университетини тамомлаган. Маълумоти бўйича мутахассислиги: муҳандис-механик, иқтисодчи.

У меҳнат фаолиятини 1975 йилда Амударё тумани Манғит шаҳри профилактика-дезинфекциялаш бўлими ишчиси лавозимидан бошлаган.

Фарҳод Эрманов 1995-1998 йилларда Амударё тумани ҳокими, 1998-2002 йилларда Амударё тумани "Манғит" хўжалиги раиси, 2002-2003 йилларда Амударё тумани ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги бўйича биринчи ўринбосари, туман қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси бошлиғи, 2003-2004 йилларда Амударё тумани қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими бошлиғи бўлган.

2004-2010 йилларда Қорақалпоғистон қишлоқ ва сув хўжалиги вазири, 2010-2018 йилларда Беруний тумани ҳокими, 2018 йил 21 апрелдан Хоразм вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи сифатида ишлаган. 2018 йил 30 ноябрдан Хоразм вилояти ҳокими этиб тасдиқланган.

Мавзуга оид