Жаҳон | 19:57 / 17.09.2023
18644
9 дақиқада ўқилади

Украина Бахмут атрофидаги Андрийивкани озод этганини эълон қилди. Бу қишлоқнинг аҳамияти нимада?

Украиналик ҳарбийлар кўп ойлик жанглардан кейин Бахмутдан жанубдаги муҳим аҳамиятга эга Андрийивка қишлоғини озод этишди. Бу маълумот 15 сентябр куни Украина ҚК бош штаби томонидан тасдиқланган. Якунланган ҳафта давомида ушбу аҳоли яшаш манзилидаги вазият тўғрисида бир-бирини рад этувчи хабарлар келиб турганди.

ANADOLU AGENCY VIA GETTY IMAGES

«Мудофаа кучлари юриш ҳаракатлари чоғида Клешчиевка ҳудудида қисман муваффақиятларга эришди. Штурм билан Донецк областининг Андирийивка қишлоғи эгалланди, душманга жонли куч ва техникада жиддий йўқотишлар етказилди, эгалланган марраларда мустаҳкам ўрнашилди», — дейилган Украина бош штабининг жума кунги ҳисоботида.

Андрийивка озод этилгани ҳақида Украина армиясининг ушбу ҳудудда ҳаракатланаётган 3-алоҳида штурмо бригадаси ҳам батафсил маълумот берган.

«3-алоҳида штурм бригадаси Андрийивка аҳоли яшаш пунктини озод этди. Яшин тезлигидаги амалиёт натижасида Россиянинг Андрийивкадаги гарнизони қуршаб олиниб, асосий кучлардан ажратиб қўйилди ва яксон этилди», — дейилган бригада баёнотида.

Унда қишлоқ учун бир неча кун давом этган жанглар давомида Россиянинг 72- бригадаси амалда йўқ қилингани айтилади: бригада разведка бошлиғи, уч нафар комбат ва деярли барча пиёдалар офицерлар билан ҳамда катта миқдордаги техникалар.

«Ҳозирда жанглар давом этмоқда, бизнинг бўлинмаларимиз янги позицияларга ўрнашмоқда. Шунинг учун рақибнинг 200-, 300-лари бўйича[яъни қурбонлар ва ярадорлар] ва амалиётнинг бошқа қизиқарли деталлари бўйича — кейинроқ», — дейилган бригада хабарида.

Андрийивка қайтариб олгани ҳақида аввалроқ Украина мудофаа вазири ўринбосари, уруш бошланганидан буён Украина ҳукуматининг фронтдаги вазият бўйича изоҳ бериб келаётган расмийсига айланган Анна Маляр хабар берганди.

«Бахмут йўналишида биз олдинга силжияпмиз. Шимолий қанотда душман йўқотилган позицияларини қайтариб олишга уринмоқда. Жанубий қанотда эса биз муваффақият билан олға юрмоқдамиз. Асосий жанглар Андрийивка, Курдюмовка ва Клешчиевка ҳудудларида кетмоқда. Ва бу ерда биз учун яхши янгилик бор — Андрийивка — бизники», — деганди Маляр пайшанба куни.

Аммо бироз вақт ўтиб у ўз хабарини қуйидагича ўзгартирганди: «Андрийивка — вазият жуда оғир ва ўзгарувчан, бизникиларни қўллаб-қувватлаймиз».

Ўша вақтда 3-алоҳида штурм бригадаси матбуот хизмати мудофаа вазирлигининг Андрийивка озод этилгани ҳақидаги хабарини муддатидан олдин берилган хабар деб атаганди. «Андрийивка эгаллангани тўғрисидаги хабар ёлғон ва бевақт берилган. Ҳозирда Клешчивка ва Андрийивка ҳудудларида оғир жанглар кетмоқда. Бундай баёнотлар зарарли, шахсий таркиб ҳаётига таҳдид солади ва жанговар вазифаларни бажаришга зарар етказади», — дейилганди шу йўналишда жанг қилаётган штурм бригада баёнотида.

Ўшанда Украина қуролли кучлари бош штабининг BBC Украина хизматига изоҳ берган вакили мудофаа вазири ўринбосарининг эмас, айнан 3-бригада вакилларининг сўзларига таянишни маслаҳат берганди.

Шу билан бирга Андрийивка бой берилганини қатор россиялик ҳарбий мухбирлар ва ҳарбийлар тан олишганди. «Клешчиевка ва Андрийивка билан барчаси ҳал бўлди. Маълумот учун, бу Бахмутнинг қаноти», — дея ёзганди «Тринадцатий» телеграм-канали. Бундай мазмундаги хабарлар россияликларнинг бошқа ресурсларида ҳам тарқалди.

16 сентябр куни Россия мудофаа вазирлиги Украинанинг Андрийивка эгаллангани ҳақидаги хабарини рад этиб чиқди. 

«Украина Артёмовскни (Россия расмийлари етти йил олдин Бахмут номини олган шаҳарни эски номи билан атайди) эгаллаш режасидан воз кечмаяпти ва штурм ҳаракатларини давом эттирмоқда, Россия қўшинларини Клешчиевка ва Андирийивка аҳоли яшаш манзилларидан «сиқиб чиқариш учун бесамар уринмоқда», дейилган РФ мудофаа вазирлиги сводкасида.

Шу куни 3-алоҳида штурм бригадаси Андрийивка қишлоғида олинган уч дақиқалик видеони намойиш этди. Жангчилардан бирининг шлемидаги камерада муҳрланган кадрларда қишлоқ амалда ер билан битта бўлгани акс этган.

Андрийивканинг нимаси муҳим?

Андрийивка — Бахмутдан жанубдаги рус қўшинларининг таъминот йўлларини кесиб қўйиш (Ҳорливка билан боғловчи) ва шаҳарни қуршовга олиш нуқтайи назаридан муҳим аҳоли яшаш пунктларидан биридир.

Қишлоқ учун оғир жанглар кўп ойлардан буён давом этаётганди ва июл ойида Украина ҚК уни озод этишга яқин қолгани ҳақида хабар берганди.

«Андрийивка аҳоли яшаш манзилини озод қилиш ва ушлаб қолиш — бизнинг Бахмутнинг ўнг қанотидан ёриб ўтиш учун йўлимиз ва келгусидаги барча юришларимиз муваффақияти учун калитдир», — деганди 3-бригада.

25 июл куни Украина ҚК шарқий қўшинлар гуруҳи расмийси Сергей Череватий ушбу аҳоли яшаш манзили озод этилиши украин кучларининг тактик вазиятини яхшилаши ҳамда россияликларни қуршаб олиш ёки уларни Бахмутдан сиқиб чиқаришга ёрдам беришини ёзганди.

«Андрийивка ёки Бахмут атрофидаги бошқа исталган аҳоли яшаш пунктининг эгалланиши Бахмутни қуршаб олиш ёки душманни чекинтириш амалиётини якунлашга имкон беради», — дея ишонч билдирганди Череватий.

Аммо, OSINT-лойиҳаси украин ҳарбийлари Бахмутга жанубдан келувчи йўлни муваффақият билан кесиб қўйган тақдирда ҳам (Андрийивка ва Клешчиевка ҳудудида), шаҳарга шимолдан таъминот етказиш давом этиши мумкинлигини қайд этишганди. «ОАВ „Бахмут қуршалиши“ ҳақида сарлавҳалар ёзмоқда. Аммо бунга ҳали узоқ», — дея ёзганди муаллифлар.

Шу йил июлида Украина ҚК шарқий гуруҳи қўмондони Олександр Сирский Украина томонининг бу йўналишдаги стратегик мақсади — Бахмутни қуршаб олиш эканини айтганди. У Украина қўшини бу вазифани уддалай олишини билдирганди.

Украина Бахмутни 2023 йил май ойида, ярим йил давом этган қонли жанглардан кейин бой берганди.

Сирский Бахмутнинг эгалланиши стратегик аҳамиятга эга бўлишини маълум қилганди. «Биринчи навбатда, Бахмут — асосий йўналиш ва йўллар жамланган марказ, — деганди у BBC учун берган интервюсида. — Масалан, Дебалцеводан келувчи йўл, Северскдан, Ҳорливкадан, Константиновкадан ва Словянскдан чиқадиган йўллар Бахмут орқали ўтади. Яъни у бу барча йўллар кесишадиган марказ».

У Россия қўшини шаҳарда ярим қуршов ҳолатида қолгани ва бундан фойдаланмаслик мумкин эмаслигини таъкидлаганди.

У бу мақсад учун Андрийивка, Курдюмовка ва Клешчиевка қишлоқлари муҳим ўрин тутишини қўшимча қилганди.

Таҳлил: Андрийивка атрофидаги муваффақият

Олег Черниш, BBC Украина хизмати мухбири

Россия «Бахмут тўлиқ озод этилгани» ҳақида 20 май куниёқ эълон қилганди. Аммо Украина ҳарбий қўмондонлиги ҳам ўшанда ўз версияни тарқатганди. Шарқий қўшинлар гуруҳи қўмондони, генерал Олександр Сирский россияликлар бу ерда «қопқонга тушиши»ни прогноз қилганди.

Гап шундаки, май ойи ўрталарида Украина қуролли кучлари Бахмутнинг қанотларида фаол ҳаракат қила бошлади — Россия гарнизонини оператив қуршовга тушириш учун.

Бунда энг муҳим участкалар Клешчиевка, Андрийивка ва Курдюмовка қишлоқлари атрофидан ўтади. Улар Бахмутни оккупация остидаги Ҳорливка билан боғловчи темирйўл ва автомобил магистрали (Т0513) бўйлаб жойлашган.

Бу Россия қўшини учун муҳим логистик қонтомирдир. Агар у узиб қўйилса, Бахмут ва қўшни Соледардаги РФ армияси ўта мураккаб ҳолатда қолади.

Бу ҳолатда фақат битта трасса нисбатан хавфсиз бўлиб қолади — Попаснаяга олиб борувчи йўл. Аммо агар Украина кучлари Клешчиевка, Андрийивка ва Курдюмовкани озод этганидан кейин ҳам шарқ томон юришда давом этса, улар бу аҳоли яшаш манзилини ҳам эгаллаши ёки артиллерия назоратига олиши мумкин бўлади.

Шунда россияликлар тўлиқ қуршовга тушиб қолмаслик учун зудлик билан ўз қўшинларини Бахмутдан олиб кетишга мажбур бўлади.

Аслида, Украина қуролли кучлари июл ойи ўрталарида айнан Андрийивка атрофида рақибнинг мудофаа тартибини бузиб ўтишга эришган ва Северский Донец-Донбас каналини кесиб ўтганди. Улар шу тариқа каналнинг шарқий соҳилида плацдарм ташкил этишган, кейин эса Россия кучларини Клешчиевка ва Андрийивка оралиғидаги ҳудуддан аста-секинлик билан чекинтиришни бошлаганди.

РФ қўшини қарши ҳужум уюштиришга уринди, аммо бу уринишлар муваффақиятсиз чиқди.

Мавзуга оид