Жаҳон | 19:12 / 15.12.2023
32822
12 дақиқада ўқилади

«Путин ҳамон Украинани забт этишни истайди». Россия армияси бирданига бир неча йўналишда ҳужум қилмоқда

Фото: ALEXANDER REKA/TASS

Қиш келиши билан Россия армияси Украинада сезиларли даражада фаоллашди: руслар аста-секин, аммо қатъият билан фронтнинг бир неча участкаларида олдинга силжимоқда.

BBC шарҳловчиси Иля Абишев тўқнашув чизиғидаги вазиятни таҳлил қилди.

«Душман Бахмутдан жанубда, Клешчиевка атрофида, Работинедан ғарбда, Марйинка жанубида ва янада жануброқда, Новомихайловка шимолида ютуқларга эришган ҳамда Авдийивка саноат зонасини эгаллаб олган», — дея хабар берди украинларнинг DeepState OSINT-портали.

«Бутун тўқнашув чизиғи бўйлаб вазият жуда ёмон», — дейилади унинг таҳлилида.

Ҳар икки томоннинг вазиятдан хабардор манбалари бераётган маълумотлар умуман олганда бир-бирига зид келмайди. Украин манбалари Украина қуролли кучлари сон жиҳатдан устун душман босими остида чекинишга мажбур бўлаётганини яширмайди, россиялик манбалар — олдинга силжиш улкан йўқотишлар эвазига бўлаётганини тан олади.

«Бу ерда бир қишлоқ бор эди. Мана бу ерда бизнинг техникалар турибди, биродарлик қабристони, бу ерда қанчадан қанча йигитларимиз қурбон бўлди, — дейди видеода Авдийивка остонасидаги жанглар иштирокчиси бўлган россиялик ҳарбий. — Мана уруш қилаётган ишлар. Буларнинг барчаси бизнинг техникалар. Олдинда яна бир биродарлик қабристони бор», — дея кўрсатади у Россиянинг яксон этилган танклари ва жанговар машиналари (БМП)ни кўрсатиб.

Россия ҳужумлари бутун фронт чизиғи бўйлаб сон жиҳатдан кўпчилик бўлиб олиб борилмоқда — бунга қисман зирҳли техникалар етишмаслиги, қаердадир об-ҳаво шароити сабаб, эҳтимол Россия қўмондонлиги йирик механизациялашган тузилмаларни бир жойда тўплаш бефойдалигини англаши туфайли бўлмоқда. Бахмутда «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси бўлинмалари айнан шу тарзда ҳаракат қилишган — ўшанда ҳам Россия қўшинларининг фаоллашуви йилнинг совуқ вақтига тўғри келганди.

Аммо ўшанда Россия қўшинининг зарбаси биргина участкага қаратилганди. Энди эса улар кўплаб йўналишларда бир хил қолипда ҳаракатланмоқда.

Авдийивка

Учинчи ойдирки Россия қўшини Донецкдан шимолда жойлашган ва ҳозирга келиб деярли буткул вайрон бўлган Авдийивка шаҳарчасига шиддатли ҳужум уюштирмоқда.

Дастлабки режага кўра шаҳарни шимол ва жанубдаги қанотлардан кучли зарбалар билан ярим қуршов ҳолатига тушириш ўйланганди ва жангга йирик механизациялашган бирлашмалар ва катта миқдорда артиллерия ташланганди. Биринчи босқичда Россия қисмлари украинларни қатор позициялардан сиқиб чиқаришга ва Авдийивка истеҳкомига таъминот етказиб бериладиган трассани олов назоратига олишга муваффақ бўлди.

Қайсидир паллаларда шаҳар мудофаасидаги украин қисмлари учун вазият ўта таҳдидлидек кўринди.

Аммо кўп ўтмай россияликларнинг олдинга силжиши секинлашди, юришни давом эттириш учун уринишлар тобора муваффақиятсиз чиқа бошлади, украин қўшини эса баъзи нуқталарда муваффақиятли қарши ҳужумлар уюштириб, бой берилган позицияларни қайтариб олди.

Авдийивкадаги ҳозирги вазиятни ҳар икки томондан жангларда иштирок этаётганлар кўпинча «Бахмут гўштмайдалагичи»га қиёслашади.

«Россия Авдийивка атрофидаги икки ойлик юриши давомида 13 минг кишиси, шунингдек 220 дан ортиқ техникаларини йўқотди. Бу олтита манёвр баталёни демакдир. Путин ҳали ҳам Украинани забт этишни истамоқда, аммо унинг юришлари стратегик ютуқлар олиб келмади», — деган CNN мухбирига Оқ уй Миллий хавфсизлик бўйича кенгаши матбуот котиби Эдриенн Уотсон.

Россия ҳужуми давом этмоқда, аммо энди бу ҳужумлар кўп ҳолларда кичик пиёдалар гуруҳлари билан амалга оширилмоқда. Ҳужумларнинг олдинги чизиғида собиқ маҳбуслардан шакллантирилган, Иккинчи жаҳон уруши давридаги жарима роталарини эслатадиган «Шторм-Z» отрядлари ҳаракатланади.

Сўнгги пайтларда Авдийивка атрофидан келган хабарларда Россия қисмлари шаҳарнинг шарқий чеккасидаги саноат зонасини эгаллаб олгани айтилади. У тепалик жойда жойлашган ва у ердан туриб рус қўшини шаҳар ичкарисига киришга ҳаракат қилмоқда. Аммо Россия саноат зонасидаги муваффақиятни тезда ривожлантира олмади ва энди бу ердаги вазият Украина қуролли кучлари учун бошқа йўналишларга қараганда барқарорроқ кўринмоқда.

Авдийивка ҳам Украинанинг ҳарбий ҳаракатлар ҳудудида қолган бошқа кўплаб шаҳарлари каби харобага айланган. Фото: Getty Images

Марйинка

Донецкдан ғарбдаги аҳоли яшаш манзилларини ҳимоя қилаётган украин кучлари вазияти тобора оғирлашиб бормоқда. 2014 йилдан буён Авдийивка билан биргаликда Украина назоратида қолган ва кучли истеҳкомга айлантирилган Марйинка шаҳарчаси ҳозирга келиб деярли бутунлай босиб олинган.

Украин қўшини Марйинканинг фақат ғарбий чеккаларини ушлаб турибди, шу билан бир вақтда шаҳардан бир неча километр ғарбда янги мудофаа чизиғини барпо этмоқда.

«Марйинкада вазият оғир. Осинтчилар аниқ тафсилотларни ошкор эта олмаса ҳам, Марйинка бой берилиши — вақт масаласидир, — дея ёзган твиттердаги Tatarigami_UA никли украиналик захирадаги зобит. — Бу Россия Курахово ва Вуҳледар томон ҳаракатланиши учун оператив имкониятлар ҳосил қилади. Агар россияликлар Вуҳледар ҳимоячиларини чекинишга мажбурлай олишса, улар муҳим темирйўл линиясида ҳаракатни тиклаши мумкин, бу эса транспортировка учун кетадиган вақтни анча қисқартириб, уларнинг бўлинмалари мобиллигини оширади».

Бахмут

Россия қўшинлари Бахмут қанотларида уюштирилган қарши ҳужумлар орқали Украина қуролли кучларининг ёз-кузда амалга оширилган қарши ҳужуми вақтида бой берилган позицияларнинг бир қисмини қайтариб олишга эришди. Россияликлар шаҳар жанубида у қадар катта масофага юра олмаган бўлса-да, шимол ва шимоли-ғарбда улар Часив Яр остоналарига яқинлашиб келди — бу украинларнинг Константиновка ва Краматорск томон йўлни тўсиб турувчи асосий мустаҳкамланган ҳудуди ҳисобланади.

«Бахмутнинг шимолий қанотида Богдановка посёлкаси атрофида ва Часив Яр — Хромове трассаси бўйларида шиддатли жанглар кетмоқда. „Азов“ 3-штурм бригадаси қўмондонлиги жонли кучлардаги катта йўқотишлар туфайли бўлинмани қайта тўлдириш учун фронт ортига юборишига тўғри келди, — дея хабар қилган россияликларнинг „Рибар“ телеграм-канали. — Бахмутдан ғарбда Россия қўшини рақибни Саккизинчи ставкага туташ жойлашган ўрмонзордан сиқиб чиқаришди. Клешчиевкада 215.7 тепалиги олингач, РФ қуролли кучлари бўлинмалари назорат зонасини 200 метрга кенгайтиришди».

Шимолда Богдановкани, жанубда Клешчиевкани айланиб ўтган ҳолда Часив Ярга етиб боришни кўзлаган Россия қўмондонлиги янги кучларни жангга ташламоқда. Ҳозирги босқичда бу ҳужум ҳаракатлари Бахмутдан ғарбдаги нисбатан баландроқ позицияларда турган украин қўшинларига жиддий хавф туғдириши даргумон. Аммо кўриниб турибдики, украинлар Бахмутдаги рус қўшинини қуршаб олиш бўйича режаларини ҳозирча унутиб туришига тўғри келади.

Россиянинг Ҳорливка чеккасидаги позицияларига қилинган муваффақиятли ҳужум ва 2014 йилдан буён Россия кучлари назоратида қолаётган Гагарин номидаги кон террикони эгалланиши Украина қуролли кучлари учун бу йўналишдаги кичик тасалли бўлди.

Бир йил муқаддам украин армияси Бахмутдан шарқда мудофааланаётганди, энди эса ғарбда. Фото: EPA

Купянск ва Лиман

Россия қўшини Харкив области шимоли-шарқида, Купянск шаҳри мудофаасининг муҳим марралари жойлашган Синковка қишлоғига ҳужумларини тўхтатмаяпти. 2022 йил кузида Купянск ва у орқали ўтган темирйўл магистрали устидан назорат бой берилиши Россия гуруҳи Изюмдан шошилинч равишда чекинишининг асосий сабаби бўлганди.

Лиман йўналишида, Серебрянский ўрмон хўжалиги томон ҳам ҳужумлар тўхтовсиз олиб борилмоқда.

Купянск остонасида ҳам, Лиман атрофида ҳам жанглар ўзгарувчан муваффақиятлар билан давом этмоқда ва позициялар қўлдан қўлга ўтмоқда.

Ҳарбий экспертлар бу йўналишларнинг иккисини ҳам иккинчи даражали деб баҳолашади, аммо Бахмутда жиддий муваффақиятга эришган тақдирда, Россия қўмондонлиги ўз гуруҳлари саъй-ҳаракатларини бирлаштириб, кенг миқёсли ҳужум бошлаши мумкинлигини истисно этишмайди.

Токмак

Мелитопол йўналишидаги вазият ёздаги билан таққослаганда анча тинчроқ, аммо бу ерга исталган вақтда снаряд, ракета ёки зарбдор дрон учиб келиши мумкин

Фронтнинг Украина қуролли кучлари ёзда улкан юриш амалиёти ўтказишни режалаштирган жанубий участкасида ҳарбий ҳаракатлар позицион хусусиятга эга. Аммо бу ерда ҳам вақти вақти билан кескинлашув юзага келиб туради.

Ўтган ҳафтада россиялик мотоўқчилар ва десантчилар Работине ва Вербове қишлоқлари ҳудудларидаги позицияларни қайтариб олишга уриниб кўрди. Икки кун тинимсиз қилинган ҳужумларда улар Работине йўналишида 800 метр олдинга юришга муваффақ бўлган, Вербове атрофида эса ҳеч қандай натижага эришилмаган.

Днипронинг чап соҳили

Днипро дарёсининг чап соҳилидаги Кринки қишлоғи атрофида ҳам шиддатли жанглар давом этмоқда, бу ерда кузда украинлар плацдарми ташкил этилганди. Бу ерда мустаҳкам ўрнашиб олган украин денгиз пиёдалари назорат зонасини кенгайтиришга, Россиянинг «Днепр» қўшинлар гуруҳи эса — тўхтовсиз равишда штурмлар уюштириб, Украина қуролли кучларининг илғор бўлинмаларини йўқ қилишга ҳаракат қилмоқда.

Икки томон ҳам мақсадига эриша олмаяпти, лекин украинларнинг оз сонли десантчилари Россиянинг сон жиҳатдан бир неча баробар кўп бўлган бўлинмаларини ўзига жалб этиб турибди.

«[Россия ҳаво-десант кучлари қўмондони] генерал Теплинский алдамади. У тўғридан тўғри ўзига бўйсунувчи кучларни — 104-ҳаво-штурм дивизияси қисмлари ва бўлинмаларини тўхтовсиз равишда Кринки қишлоғига ҳужум қилишга юбормоқда, нима қилиб бўлса ҳам украинлар плацдармини йўқ қилиш учун», — дея ёзган украиналик ҳарбий шарҳловчи Константин Машовец.

Бу ерда Россия армияси учун вазиятни Днипронинг нариги соҳили нисбатан баландроқда жойлашгани оғирлаштиради, бу томонда украин артиллерияси устун позицияларни эгаллаган. Аммо ҳозирча бу ерда жанглар тўхташидан дарак йўқ.

Қисқача хулоса

Бир йил олдингидан фарқли ўлароқ, бу йил Украина фронтида қиш келиши билан ҳарбий ҳаракатлар тўхташи кузатилмади. Аксинча, Россия армияси энди ташаббусни қўлга олишга зўр бермоқда ва турли йўналишларда тўхтовсиз ҳужум қилмоқда ва кўп ҳолларда улкан йўқотишларга учрамоқда.

Украина армияси стратегик мудофаага ва эҳтимол 2022 йил баҳор ва ёзида синовдан ўтган, кичик ҳудудларни бой бериш эвазига юриш қилиб келаётган Россия кучларини бўлиб юбориш ва ҳолдан тойдириш тактикасига ўтган.

Жангларнинг бундай интенсивлигида (уларнинг оралиқ натижаларидан қатъи назар) икки армия қўмондонлиги учун ҳам энг муҳим муаммо жонли кучдаги йўқотишлар ўрнини тўлдириш бўлади.

Келгусида бўладиган (улар ҳали кўп бўлиши кутилмоқда) ҳарбий амалиётларда устунлик нафақат ўз қуролли кучларининг энг жанговар ўзагини сақлаб қолган, балки шахсий таркибни тўхтовсиз тўлдириш ва жанговар тайёрлашни ташкил эта олган томонда бўлади. Бу эса Украина учун ҳам, Россия учун ҳам осон иш эмас.

Гап ҳатто Москва ва Киев қўллаётган фуқароларни ҳарбий хизматга чақириш усулларида ҳам эмас — улар моҳиятан ўхшаш, — гап шундаки, уруш қанча узоқ чўзилса, унинг истиқболлари камайиб, тобутлар ва мажруҳ бўлиб қолган аскарлар қайтиши кўпроқ бўлади, бу эса ҳукумат одамларни фронтга боришга кўндиришини ҳам қийинлаштиради. Кимнинг мотивацияси кучлироқ бўлиб чиқади — катта эҳтимол билан, ҳозирда энг асосий масала шу.

Мавзуга оид