Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Бошқа шахсга ўтказиш тақиқланган мол-мулкларнинг электрон маълумотлар банки шакллантирилади
Фото: Shutterstock
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Бошқа шахсга ўтказиш тақиқланган ёки хатлаб қўйилган мол-мулкларнинг электрон маълумотлар банкини шакллантириш, юритиш ва ундан фойдаланиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги ҳужжат лойиҳаси жойлаштирилди.
Қоидаларга кўра, қуйидаги орган ва мансабдор шахслар мол-мулкни бошқа шахсга ўтказишни тақиқлаш (хатлаши) ва тақиқни бекор қилиш (хатланганлигини олиб ташлаш) ваколатига эга:
суд (судья);
прокурор;
терговчи;
суриштирувчи;
давлат ижрочиси;
нотариус.
Суд (судья), прокурор, терговчи, суриштирувчи, давлат ижрочиси томонидан мол-мулкни хатлаш, хатланганлигини олиб ташлаш тўғрисида чиқарилган ажримда (қарорда) қуйидагилар кўрсатилиши лозим:
мол-мулк мулкдори жисмоний шахснинг – фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси, яшаш жойи ва паспорт маълумотлари, агар мол-мулк мулкдори юридик шахс бўлса – номи, давлат рўйхатидан ўтган жойи ва солиқ тўловчининг идентификация рақами;
мол-мулкни мулкдорга тегишлилигини тасдиқловчи ҳужжатларнинг номи, ким томонидан берилганлиги, рўйхатга олиш ёхуд бошқа рақамлари ҳамда мазкур ҳужжатга доир кўрсатилиши лозим бўлган бошқа реквизитлар (кўчмас мулкнинг – кадастр рақами, жойлашган жой, кўчар мулкнинг – транспорт воситасини русуми, давлат рақами ва транспорт воситаларини рўйхатга олиш гувоҳномаси маълумотлари), мулкдорга тегишли барча мол-мулклар хатланган ҳоллар бундан мустасно;
мол-мулк хатланган сана;
агар хатлов муайян давр учун қўйилган бўлса, мазкур даврнинг бошланиш ва тугаш вақти.
Электрон тақиқ маълумотлар банки давлат тилида шакллантирилади ва юритилади.
Суд (судья), прокурор, терговчи, суриштирувчи қонун ҳужжатларига мувофиқ мол-мулкни хатлаш ва хатланганлигини олиб ташлаш тўғрисида қарор қабул қилганда, уни икки иш куни ичида кузатув хати билан бевосита, почта алоқаси воситалари орқали ёки электрон шаклда мол-мулк жойлашган (рўйхатдан ўтган) жойидан қатъи назар, исталган давлат нотариал идорасига юборади.
Нотариус суд (судья), прокурор, терговчи, суриштирувчининг қарори келиб тушган кундан бошлаб бир иш куни ичида уни нотариал идоранинг электрон кирим китобига қайд этади ва қарорда кўрсатилган мол-мулкни бошқага ўтказишни тақиқлаш, тақиқни бекор қилиш тўғрисидаги маълумотларни Электрон тақиқ маълумотлар банкига киритади.
Қуйидаги ҳолларда нотариус суд (судья), прокурор, терговчи, суриштирувчининг қарорини икки иш куни ичида ижросиз қайтариб юборади:
қарор унга қўйиладиган талабларга мувофиқ ҳолда расмийлаштирилмаган бўлса;
мол-мулк мулкдори ёки хатланган мол-мулк тўғрисидаги маълумотлар қарорда нотўғри кўрсатилган бўлса;
хатланган мол-мулк қарорда кўрсатилган шахсга тегишли бўлмаса;
қарорда Қоидаларнинг 3-бандида кўрсатиб ўтилган маълумотлар мавжуд бўлмаса.
Давлат ижрочиси қарздорнинг мол-мулкни бошқа шахсга ўтказишни тақиқлаш, тақиқни бекор қилиш тўғрисидаги маълумотларни идоралараро электрон ҳамкорлик доирасида Электрон тақиқ маълумотлар банкига мустақил киритади. Бунда давлат ижрочиси Электрон тақиқ маълумотлар банкига мол-мулкни бошқа шахсга ўтказишни тақиқлаш тўғрисидаги маълумотларни Қоидаларнинг 3-бандига асосан тўлиқ киритилишини таъминлайди.
Суд (судья), прокурор, терговчи, суриштирувчи, давлат ижрочисининг қарори билан муайян давр учун қўйилган хатлов уларнинг қарорлари билан узайтирилиши мумкин.
Бунда улар хатлов қўйилган давр тугашидан камида беш иш куни олдин хатлов муддатини узайтириш тўғрисида ўз қарорини қабул қилиши ҳамда суд (судья), прокурор, терговчи, суриштирувчи қарорини Қоидаларнинг 5-бандига мувофиқ давлат нотариал идорасига юбориши, давлат ижрочиси эса, икки иш кунида Электрон тақиқ маълумотлар банкига тегишли маълумотларни киритиши шарт.
Суд (судья), прокурор, терговчи, суриштирувчининг хатлов муддатини узайтириш тўғрисидаги қарори келиб тушганда, нотариус Қоидаларнинг 6-бандида белгиланган тартибда Электрон тақиқ маълумотлар банкига тегишли маълумотлар киритилишини таъминлайди.
Нотариус Ўзбекистон Республикаси “Нотариат тўғрисида”ги Қонунининг 64-моддасига асосан мол-мулкни бошқа шахсга ўтказишни тақиқлаш ва тақиқни бекор қилиши мумкин.
Нотариус қуйидаги ҳолларда мол-мулкни бошқага ўтказишга тақиқ қўяди:
берилган кредит ёки қарзни қайтарилишини таъминлаш учун мол-мулк гаровга (ипотекага) қўйилган бўлса, гаров (ипотека) шартномасини тасдиқлашда;
алимент тўлаш мажбуриятини гаров билан таъминлаш тўғрисидаги гаров шартномасини тасдиқлашда;
тарафлар ўртасида тўлов мажбуриятини кечиктириш шарти билан битимни тасдиқлашда, тўлов тўлиқ амалга оширилгунга қадар битимда кўрсатилган мол-мулкка;
мол-мулкни сотиб олиш юзасидан закалат шартномасини тасдиқлашда;
суд (судья), прокурор, терговчи, суриштирувчининг қарорига асосан.
Нотариус қуйидаги ҳолларда мол-мулкни қўйилган тақиқни бекор қилади:
асосий мажбуриятнинг бажарилганлиги ва (ёки) кредитор ёки қарз берувчининг гаров (ипотека) шартномасидаги мол-мулкни тақиқдан чиқаришга розилиги тўғрисидаги хабарномаси тақдим этилганда;
мол-мулкка тақиқ қўйилишига сабаб бўлган асосий мажбуриятлар бекор бўлганда;
суд (судья), прокурор, терговчи, суриштирувчининг қарорига асосан;
тарафлар ўртасидаги ўзаро қўшимча келишув тасдиқланганда.
Нотариус Қоидаларнинг 11 ва 12-бандларда кўрсатилган ҳаракатларни амалга оширганда ёки ҳужжатлар тақдим қилинган кундан бошлаб бир иш куни ичида мол-мулкни бошқага ўтказишни тақиқлаш ёки тақиқни бекор қилиш тўғрисидаги маълумотларни Электрон тақиқ маълумотлар банкига киритади.
Мол-мулкни бошқа шахсга ўтказишни тақиқлаш муайян давр учун қўйилганда ҳамда ушбу давр давомида суд (судья), прокурор, терговчи, суриштирувчининг хатлов муддатини узайтириш тўғрисида қарори келиб тушмаган бўлса, тақиқ шу давр давомида амал қилади ҳамда унинг ўтиши билан Электрон тақиқ маълумотлар банкида автоматик равишда бекор қилинади.
Электрон тақиқ маълумотлар банкига киритилган мол-мулкни бошқага ўтказишни тақиқлаш, тақиқни бекор қилиш тўғрисидаги маълумотлар идоралараро электрон ҳамкорлик доирасида Тизим орқали кўчмас мулклар бўйича – Ўзбекистон Республикаси Ер тузиш, геодезия, картография давлат кадастри давлат қўмитаси, кўчар мулклар бўйича эса тегишлича – Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясига юборилади.
Жисмоний ва юридик шахсларга Электрон тақиқ маълумотлар банки маълумотлари уларнинг сўровларига кўра тўлов асосида Интернет ахборот тармоғи орқали реал вақт режимида Ўзбекистон Республикаси “Нотариат тўғрисида”ги Қонунининг 6-моддаси талабларига риоя қилган ҳолда тақдим этилиши мумкин.
Электрон тақиқ маълумотлар банкидан маълумотлар олиш учун жисмоний ва юридик шахслар ўз сўровларида қуйидагиларни кўрсатади:
мол-мулк мулкдори тўғрисидаги маълумотлар (жисмоний шахснинг – фамилияси, исми, отасининг исми, паспорт маълумотлари; юридик шахснинг – номи, давлат рўйхатидан ўтган жойи);
кўчмас мулкнинг – кадастр рақами, жойлашган жой;
кўчар мулкнинг – транспорт воситасини русуми, давлат рақами ва транспорт воситасини рўйхатга олиш гувоҳномаси маълумотлари.
Жисмоний шахслар Электрон тақиқ маълумотлар банкидан маълумот олишга қадар ўз тўлов карталари воситасида ёхуд қонун ҳужжатларида назарда тутилган тўловларнинг бошқа турлари орқали тўловларни амалга оширадилар.
Юридик шахслар Электрон тақиқ маълумотлар банкидан тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаси билан тузилган шартномага асосан фойдаланиши мумкин.
Мавзуга оид
15:54 / 07.02.2025
Финландия россияликларга кўчмас мулк билан боғлиқ келишувларни тақиқлашга қарор қилди
07:50 / 24.10.2024
Давлат мулки объектларини “нол” харид қиймати бўйича реализация қилиш тартиби бекор этиляпти
10:20 / 19.10.2024
Иқтисодиётда хусусий мулкнинг улуши янада оширилади
09:12 / 14.09.2024