Ўзбекистон | 17:38 / 08.04.2021
34903
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарё ва Навоий вилоятлари ҳокимларига ҳайфсан берилди

Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Мирзаев, вилоят прокурори Тожиев, ички ишлар бошлиғи Сотволдиевга, Навоий вилояти ҳокими Қобил Турсунов ва вилоят прокурори Аҳмедовга ҳайфсан берилди. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев тадбиркорлик масалаларига бағишланган видеоселектор чоғида маълум қилди.

Йиғилишда Қашқадарё ва Навоий вилоятларида кичик бизнес ишлаб чиқарган саноат маҳсулотлари ҳажми республика кўрсаткичидан икки баробар камлиги танқид қилинган.

Давлат томонидан берилган ҳар 1 миллиард сўм молиявий кўмак ҳисобига Навоийда бор-йўғи 15та иш ўрни яратилгани маълум бўлди.

«Мисол учун, салоҳияти юқори бўлган Қашқадарё вилоятида кичик бизнес ишлаб чиқарган саноат маҳсулотлари ҳажми аҳоли жон бошига атиги 1,9 миллион сўмга тўғри келиб, бу – республика кўрсаткичидан 2 баравар паст (3,5 миллион сўм).

Қашқадарёда аҳоли жон бошига йиллик хизмат кўрсатиш ҳажми 3 миллион сўмдан ошмаган ёки бошқалардан 2 баравар кам.

Ушбу вилоятда ҳар минг нафар аҳолига тўғри келадиган кичик бизнес субъектлари сони атиги 4та, уларда ишловчилар сони 16 нафардан иборат (республикада ҳар минг аҳолига 6та тадбиркорлик субъекти ва уларда ишловчилар сони 30 нафарни ташкил қилади).

Сўнгги йилларда 6 нафар тадбиркор олиб келган 10 млн долларлик ускуналар ишлатилмаган.

Ёки, Навоий вилоятидаги 7 мингдан ортиқ тадбиркорлар (24 фоиз) муаммолар ечилмаётгани, улар фаолиятига тўсқинликлар бўлаётгани ҳақида мурожаат қилган. Бу – ҳудудлар ичида энг салбий кўрсаткич.

Навоийдаги жами 10та кичик саноат зонасининг 72 гектар ёки 66 фоиз ерига бирорта лойиҳа жойлаштирилмаган.

Шунингдек, Навоийда ҳар бир кичик бизнес субъекти томонидан йилига 1 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, солиқ тушуми 30 миллион сўмни ташкил этган (Андижон, Жиззах, Самарқандда йилига 2 миллиард сўмлик маҳсулот, 50 миллион сўм солиқ тушуми)», дея давлат раҳбарининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид