Жамият | 07:41 / 08.06.2022
8610
3 дақиқада ўқилади

ДХХ тезкор ходимлари тадбиркордан 10 000 доллар талаб қилган «Янгиобод» бозори ходимини қўлга олди

Давлат хавфсизлик хизмати томонидан Тошкент шаҳри бозорларида фирибгарлик ва товламачилик ҳолатлари аниқланди.

Фото: Видеодан кадр

Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида жойлашган «Янгиобод ихтисослашган бозори» МЧЖ масъул ходимларидан бири тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган фуқарога бозор харидорлар гавжум бўладиган ҳудудидан савдо дўкони олиб бериш эвазига 10 000 АҚШ доллари талаб қилган.

Давлат хавфсизлик хизмати Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти шаҳар бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, у олдиндан 8 500 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Ҳозирда ҳолат юзасидан мазкур шахсга нисбатан Жиноят кодекси 168- ва 28,211-моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.

Апрель ойида эса «Фарҳод деҳқон бозори» АЖ директори, унинг хавфсизлик бўйича ўринбосари ҳамда АТ «Халқ банки» Учтепа туман филиали «Фарҳод деҳқон бозори»га хизмат кўрсатувчи кассири билан боғлиқ ноқонуний ҳолат аниқланганди.

Тошкент шаҳар ҳокимининг 2021 йил 19 февралдаги 203-сонли «Элга хизмат» ва «Арзонлаштирилган савдо ярмаркалари» савдо нуқталаридан бир марталик йиғимлар ва ижара тўловлари олинмаслиги ҳақидаги қарорига зид равишда, маҳаллий тадбиркорни бозордан чиқариб юбориш билан қўрқитиб, 2021 йил октябрь ойи охирларидан 2022 йил февраль ойига қадар ундан бозорда савдо фаолияти олиб бориши эвазига ҳар куни 66 минг сўмдан пул маблағи олиб келишган.

Улар тадбиркордан жорий йил февраль-март ойлари учун 3 млн 400 минг сўм тўлов қилишини талаб қилган.

ДХХ Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ва шаҳар ИИББ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда «Халқ банки» Учтепа туман филиали «Фарҳод деҳқон бозори»га хизмат кўрсатувчи кассири ўз хизмат хонасида сўралган пулни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. Унинг ёнида кунлик тушумдан инкассация қилинган 8 млн 300 минг сўм ва инкассация қилинмаган 9 млн 150 минг сўм пул маблағлари борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.

Тезкор тадбир давомида «Фарҳод деҳқон бозори» АЖ директори ҳамда унинг хавфсизлик бўйича ўринбосари ҳам ушланиб, директор ўринбосари автомашинасида бўлган 24 млн 967 минг сўм пул маблағи ўрнатилган тартибда расмийлаштириб олинган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодекси 165-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид