Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Taftish.uz сайтининг 5 ходими қўлга олинди. Улар товламачилик ва фирибгарлик жиноятларида айбланмоқда
Taftish.uz сайтининг 5 нафар ходими қамоққа олинди. ИИВ хабарига кўра, сайт вакиллари “жамоатчилик назорати каби адолат пардаси ниқоби ортида жиноий гуруҳ тузиб, товламачилик ва фирибгарлик содир этиб келган”. Жиноий гуруҳ етакчиси сайтнинг норасмий раҳбари Ғайрат Абераев экани келтирилган.
Taftish.uz сайтининг 5 ходими ушланди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ ҳамда ИИВ хабар берди.
Пойтахт ИИББнинг расмий ахборотига кўра, 16 январ куни Жиноят кодексининг 165-моддаси (товламачилик) ва 168-моддасида (фирибгарлик) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда гумонланиб, 1988 йилда туғилган Ғайрат Абераев, 1992 йилда туғилган Азизжон Юлдашев, 2000 йилда туғилган Сардор Хамидов, 2006 йилда туғилган Маржона Эшқувватова ҳамда 1998 йилда туғилган Дилшод Нишонов процессуал тартибда ушланган.
“Ҳозирда уларнинг қўшимча равишда Жиноят кодексининг 139-моддаси (туҳмат) ҳамда 244-6-моддасида (ёлғон ахборот тарқатиш) кўрсатилган жиноятларга алоқадорликлари текширилмоқда. Taftish.uz ОАВ ёпилгани ҳақидаги хабарлар ассосиз бўлиб, ушбу нашр кундалик фаолиятини давом эттирмоқда”, дейилади бошқарма расмий ахборотида.
ИИВ хабарида келтирилишича, сайт вакиллари “жамоатчилик назорати каби адолат пардаси ниқоби ортида жиноий гуруҳ тузиб, товламачилик ва фирибгарлик содир этиб келган”.
“Жиноий фаолиятини даромад манбаига айлантириб олган Абераев бошчилигидаги жиноий гуруҳ мурожаатчиларни алдаш билан бир қаторда, фуқароларни обрўсизлантирувчи ёки бошқа усулда шарманда қилувчи видеоларини тарқатиш билан таҳдид қилиб, ёки шундай видеоларни интернет орқали эълон қилинганидан кейин ўчириб бериш эвазига фуқаролардан пул талаб қилиш билан шуғулланиб келган. Яъни келиб тушган мурожаатларни ёритганлиги учун бир тарафдан маблағ олган бўлса, тайёрланган материалларни ўчириб юбориш учун иккинчи тарафдан пул талаб қилишган”, дейилади вазирлик хабарида.
Қайд этилишича, 2025 йилнинг ноябр ойида жиноий гуруҳ аъзолари А.Юлдашев ва Д.Нишонов жиноий гуруҳ раҳбари Ғ.Абераевнинг топшириғига кўра, “Чилонзор буюм савдо комплекси” раҳбарияти билан мазкур ҳудуддан дўкон сотиб олган фуқаро ўртасидаги келишмовчилик ҳақида бозор маъмуриятини обрўсизлантирувчи видеолавҳа тайёрлаб, 5 декабр куни Taftish.uz YouTube каналига жойлаштирган. Тадбиркор ва бозор маъмурияти ўртасидаги зиддият аллақачон суд органлари томонидан кўриб чиқилиб, қонуний қарор қабул қилинган бўлган.
“Taftish.uz вакиллари буни жуда яхши билишган, лекин мурожаатчининг маблағи эвазига материал бир томонлама ёритилган. Шундан сўнг Ғ.Абераев, жиноий гуруҳ аъзоларидан бири С.Ҳамидов орқали бозор маъмурияти билан боғланиб, видеони ўчириб бериши учун 40 млн сўм пул маблағларини тамагирлик йўли билан талаб қилган. Эвазига, видеодаги ҳолат ўз тасдиғини топмаганлиги тўғрисида Telegram каналда хабар жойлаштиришга ваъда берган.
Тамагирлик ҳолатини ниқоблаш учун, бозор маъмурияти Taftish.uz билан 40 млн сўмга шартнома тузишга мажбурланади. Бу иш С.Ҳамидовга топширилади. Шу тариқа, талаб қилинган пуллардан 10 млн сўми С.Ҳамидовнинг банк картасига ташлаб берилади”, дейилган хабарда.
Бундан ташқари, жиноий гуруҳ аъзолари М.Эшқувватова, А.Юлдашев ва Д.Нишонов 2025 йил ноябр ойида Самарқанд вилоятида фаолият кўрсатувчи “Black plast” МЧЖ фаолияти тўғрисида иккинчи томоннинг маблағи эвазига уйдирма тафсилотлардан иборат видеолавҳа тайёрлашган ва эълон қилишган. Фирма фаолияти тўғрисида яна иккита видеоҳолат тарқатиш билан таҳдид қилган ҳолда компания мудири Х.Тўраевни Taftish.uz офисига чақиртиришган. Сўнгра ундан бошқа видеоларни чиқармаслик эвазига аввалдан икки тадбиркор ўртасида 20 млрд сўмлик шартнома устидан гўёки қарзи қолгандай кўрсатиб, 1 ой муддатда қўшимча 20 млрд сўм бериш мажбурияти ҳақида тилхат ёздириб олишган.
Тадбиркорнинг катта миқдордаги пул беришга осонликча кўнганидан хурсанд бўлган гуруҳ аъзолари 60 млн сўм талаб қилиб, жиноий йўл билан олинаётган пулларни ниқоблаш мақсадида 60 млн сўмлик шартнома тузишга мажбур қилишган. Тадбиркор белгиланган муддатда пулни беролмаганидан кейин жиноий гуруҳ аъзоси М.Эшқувватованинг таҳдидлари ортидан А.Юлдашев ва Д.Нишонов тадбиркорни обрўсизлантирувчи видеоларни ўз каналларида тарқатишган. Чорасиз қолган тадбиркор ушбу видеоларни ўчиртириш эвазига жорий йилнинг 8 январ куни жиноий гуруҳ аъзоларидан бирининг банк картасига дастлабки 30 млн сўмни, 12 январ куни эса яна 30 млн сўм ўтказиб берган.
Вазирлик хабарида қўлга олинганларнинг бошқа қилмишлари ҳам келтириб ўтилган. Шунингдек, агар улардан жабрланган фуқаролар бўлса ИИВ Тергов департаментининг (71) 231-40-66 рақами орқали мурожаат қилишлари мумкинлиги билдирилган.
Мавзуга оид
09:37 / 10.01.2026
Сохта аккаунт билан пул ундирган шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилди
11:57 / 09.01.2026
Тошкентда таксичилардан пул ундирган гуруҳ қўлга олинди
19:16 / 08.01.2026
Учтепа тумани ҳокимлиги ходими 3 минг доллар билан ушланди
11:15 / 07.01.2026