Технология | 10:22
1438
2 дақиқада ўқилади

SSD’лар олтиндек қимматлашиб кетди

Катта ҳажмли SSD хотиралар шунчалик қимматлашдики, уларнинг бир грамм нархи олтиндан ҳам баландроқ бўлиб қолди. Аввал бу факт интернетда қизиқ мисол сифатида тарқалди, кейин эса мутахассислар томонидан текширилиб, тасдиқланди.

Фото: Аббос Юсуфжонов

АҚШдаги йирик савдо майдонларида ўтказилган таҳлилга кўра, 8 терабайтли NVMe SSD’ларнинг ўртача нархи 1400–1500 доллар атрофида. Таққослаш учун, ҳозир олтиннинг бир грамм нархи тахминан 148 доллар. Яъни 8 грамм олтин 1180 доллар чиқади. Натижада SSD ўз вазнига нисбатан қимматроқ бўлиб қолмоқда.

Янада тезкор ва юқори сифатли моделлар бундан ҳам қиммат. Айрим премиум SSD’лар 2400 долларгача сотилмоқда. Бу эса уларни деярли қимматбаҳо металл даражасига олиб чиқяпти.

4 терабайтли SSD’лар ҳозирча бироз барқарорроқ. Оддий файлларни сақлаш учун мўлжалланган вариантларни 500–600 доллар атрофида топиш мумкин. Бироқ тезлиги юқори бўлган моделлар аллақачон 800 доллардан ошиб кетган. Нархлар сўнгги икки ой ичида кескин кўтарилган.

Бу ҳолатнинг асосий сабаби — хотира микросхемалари танқислиги. Сунъий интеллект ва серверлар учун мўлжалланган қурилмалар кўп миқдорда чип талаб қилмоқда ва мавжуд ресурслар айнан шу йўналишга кетмоқда. Натижада SSD ишлаб чиқарувчиларига хомашё етишмаяпти ва нархлар ошмоқда. Ҳатто келаси йил учун режалаштирилган ишлаб чиқариш ҳажмлари ҳам олдиндан сотиб бўлинган.

Муаммо фақат SSD билан чекланмаган. Оддий қаттиқ дисклар ҳам сезиларли қимматлашди. Катта ҳажмли моделлар бир неча ой ичида 40–50 фоизга кўтарилган.

Ҳозир SSD бозорида вазият мураккаб. Нархлар яқин орада тушиши кутилмаяпти. Агар хотира керак бўлса, кейинроқ арзонлашишини кутгандан кўра, ҳозироқ харид қилиш маъқул бўлиши мумкин.

Cўнгги янгиликлардан хабардор бўлиш муҳим. Рақамли дунёда адашиб қолмаслик ва шундай янгиликларни биринчилардан билиш учун KUN.UZ Texnologiya Телеграм саҳифасини кузатиб боринг.

Тайёрлаган:  Аббос Юсуфжонов

Мавзуга оид