Ўзбекистон | 13:43 / 25.02.2026
5706
3 дақиқада ўқилади

“Суд қарорларининг адолатлилигига тафтиш инстанция суди ҳуқуқий баҳо беради” – Сурхондарё вилояти суди

Шўрчи деҳқон бозорида содир этилган жиноят – икки эркакнинг жанжали ўлим билан тугагани ҳолати бўйича апелляция суди жазони енгиллаштирганига изоҳ берилди. Қайд этилишича, жиноят содир этишда айбдор бўлган шахсга нисбатан қўлланадиган жазо одилона бўлиши керак. Апелляция судида айнан шу жиҳат инобатга олиниб, маҳкумларга қонуний енгиллик берилган.

Шўрчи туманида содир этилган жиноят бўйича суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигига тафтиш инстанция суди томонидан ҳуқуқий баҳо берилади. Сурхондарё вилояти суди ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, жиноят содир этишда айбдор бўлган шахсга нисбатан қўлланадиган жазо ёки бошқа ҳуқуқий таъсир чораси одилона бўлиши, яъни жиноятнинг оғир-енгиллигига, айбнинг ва шахснинг ижтимоий хавфлилик даражасига мувофиқ бўлиши керак. Сурхондарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанцияси судида айнан шу жиҳатлар инобатга олинган ва маҳкумларга қонуний енгилликлар берилган.

“Апелляция судида жабрланувчининг қонуний вакили Н.Тангированинг кўрсатмалари текширилиб, ҳодиса содир бўлган жойда мавжуд бўлган видеокузатув камераларидан олиниб, жиноят ишига ашёвий далил сифатида қўшилган ДВД дисклардаги ҳодиса жараёнини қайд этилган видеоёзувларда ўз тасдиғини топмаганлиги қайд этилган.

Шу тариқа судлов ҳайъати, жабрланувчининг қонуний вакили Н.Тангированинг дастлабки тергов, биринчи босқич ва апелляция инстанцияси судида берган кўрсатмалари далил сифатида мақбул эмас деб топишни ва била туриб ёлғон кўрсатма берганлик ҳолатига баҳо бериш учун Жиноят-процессуал кодексининг 417-моддаси талабларига асосан прокуратурага хабар қилишни лозим топган”, дейилади муносабатда.

Шунингдек, жиноят иши бўйича дастлабки терговни олиб борган Сурхондарё вилояти прокуратураси ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими АМИБ катта терговчиси Қ.Саидовга нисбатан келгусида жиноят ишлари бўйича айбдор шахснинг жиноий қилмишларини квалификация қилишда Жиноят, Жиноят-процессуал кодекслари талаблари, Олий суд Пленуми қарорлари тушунтиришларига қатъий амал қилиш, қонуний ва асослигини таъминлаш, уларни ҳал этишда қонун бузиш ҳолатларига йўл қўймасликни таъминлаш мақсадида хусусий ажрим чиқарилиб, Сурхондарё вилояти прокурорига юборилган.

Бундан ташқари, жиноят ишини биринчи босқич судида кўришда қонун бузилишларига йўл қўйган ЖИБ Шўрчи туман суди раисига тегишли чоралар кўриш, келгусида жиноят ишлари бўйича чиқариладиган қарорларининг қонуний ва асослигини таъминлаш, уларни ҳал этишда қонун бузиш ҳолатларига йўл қўймаслик, ушбу тоифадаги жиноят ишларини судларда кўришда алоҳида эътиборнинг кучайтирилишини таъминлаш мақсадида хусусий ажрим чиқарилган.

Қайд этилишича, 23 феврал куни жабрланувчининг қонуний вакили ва унинг ҳимоячиси Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг ажримидан норози бўлиб, тафтиш тартибида шикоят келтирган. Мазкур шикоят ҳозирги кунда судлов ҳайъатида кўриш учун расмийлаштирилмоқда. Чиқарилган суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигига тафтиш инстанция суди томонидан ҳуқуқий баҳо берилиши билдирилган.

Аввалроқ Сурхондарёда апелляция суди қасддан одам ўлдириш жиноятини безорилик ва қасддан баданга оғир шикаст етказишга ўзгартириб, жазони енгиллаштиргани хабар қилинганди.

Руслан Сабуров
Тайёрлаган Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид