Жаҳон | 18:00 / 20.12.2019
70467
8 дақиқада ўқилади

Демократлар импичмент ишини Сенатга юборишдан бош тортишди. АҚШда нималар бўлмоқда?

Президент Трамп импичменти жараёни бошланишга улгурмасдан тўхтатилди. Демократлар Оқ уй раҳбарига қарши айбловни Сенатга юборишга шошилмаяпти, бусиз сенаторлар АҚШ президентини ҳокимиятдан четлатиш бўйича эшитувни бошлай олишмайди.

Дональд Трампнинг ўзи эса твиттерида тезроқ суд ўтказишга ундамоқда. «Мен жараён зудлик билан бошланишини истайман», деган у.

Трампга қарши иккита айблов тасдиқланган конгрессдаги овоз беришнинг кейинги куниёқ Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелоси яна бир марта сенаторлар суд жараёни тартибини тасдиқлашмагунча ишни Сенатга юбормаслигини маълум қилди.

Конгрессдаги демократлар етакчилари томонидан қабул қилинган бу қарор Вашингтонда  шов-шувли вазият юзага келтирди.

Президент Трамп ва унинг Капитолий тепалигидаги тарафдорлари жараён зудлик билан бошланишини талаб қилишмоқда, бу судда Оқ уй раҳбари оқланиши, унга қарши барча айбловлар асоссиз деб топилишига уларнинг ишончи комил.

Аммо бунинг учун аввал демократлар Сенатга  Вакиллар палатасида тасдиқланган айбловларни юборишлари керак. Трампнинг мухолифлари эса яқин орада бундай қилмоқчи эмас.

Трамп ва унинг тарафдорлари жараённи зудлик билан бошлашга чақирмоқда

Пайшанба куни CNN телекомпанияси эфирида чиқиш қилган конгрессмен Жеймс Клайберн (у конгрессдаги демократларнинг асосий етакчиларидан бири) ўз партиядошлари мазкур ҳужжатларни қанча керак бўлса шунча вақт ўз қўлида тутиб туришини маълум қилди.

«Улар суд ўрнига ҳақиқий томоша уюштиришларини била туриб ишни уларга ўтказиш мутлақо тентаклик бўлади», деди у.

Демократлар нима учун айбловни Cенатга юбормайди?

Нэнси Пелоси президентга қарши айбловни Сенатга тезда юборишга асос кўрмаяпти

АҚШ конституцияси конгрессга президентни «мутлақо жиддий жиноятлар ва ҳуқуқбузарликлар содир этиш»да айблаб, унга импичмент эълон қилиш ҳуқуқини тақдим этган.

Шу билан биргаликда, президентни ҳокимиятдан четлатиш ҳуқуқи Сенатга берилган, сенаторлар АҚШ Олий суди раиси (Жон Робертс) бошқарувида суд муҳокамаси ўтказишади.

Ўтган ҳафта охирида Сенатдаги республикачилар етакчиси Митч Макконнелл «бетараф судья» бўлмоқчи эмаслиги, судлов вақтида ўз ҳаракатларини Оқ уй ҳуқуқшунослари билан мувофиқлаштиришини маълум қилди.

Пайшанба кунги чиқишида у президент импичменти ҳақидаги қарорни ноҳақ қарор деб атади ва демократлар томонидан Дональд Трампга нисбатан ўтказилган текширувни замонавий тарихдаги энг адолатсиз ва шошилинч текширув деб атади.

Бунга жавобан конгресс спикери Нэнси Пелоси ҳакамлар айбланувчининг адвокатлари билан келишилган ҳолда ҳаракатланадиган вазиятни адолатли деб ҳисобламаслигини маълум қилди.

Шунинг учун у президентга қарши айбловни Сенатга юборишга шошилмаяпти.

Айбловни бериш жараёни нима учун керак?

Конституцияга кўра, Сенат суд муҳокамасини фақатгина конгрессда тасдиқланган айблов моддалари Вакиллар палатаси танлаган махсус вакиллар - импичмент менежерлари томонидан етказиб келинганидан сўнггина бошлаши мумкин.

Улар шунингдек, суд эшитувида айблов вакиллари ролини бажаришади.

Конгресснинг тадқиқот хизмати томонидан тайёрланган махсус изоҳга кўра, импичмент менежерлари Сенатдаги суд залида ўзларининг шу вазифага тайинлангани ҳақидаги резолюцияни ҳамда айблов моддаларини тасдиқловчи резолюцияни ўқиб беришлари керак.

Бу маросим суд муҳокамасининг расмий бошланиши бўлиб хизмат қилади.

Импичмент менежерларидан бошқа ҳеч ким Сенатга айблов моддаларини етказиш ҳуқуқига эга бўлмайди. Демократлар ҳали ўз вакилларини тайинлашгани йўқ, шу ҳафта охирида Конгресс Рождество таътилига чиқиб кетади.

Бу шуни англатадики, Дональд Трамп импичменти бўйича муҳокама камида кейинги йилнинг январь ойига қолдирилади.

Демократлар нимага эришмоқчи?

Президент Трамп твиттерида доимий равишда ўзига қарши иш Сенатда тезроқ кўриб чиқилиши кераклиги ҳақида ёзиб келмоқда.

«Демократлар айблов моддаларини Сенатга юборишни исташмаётгани сабаби, коррупционер сиёсатчи Адам «Қийшанғи» Шифф (конгресснинг разведка бўйича қўмитаси раҳбари - Би-би-си), шунингдек, информатор, ғойиб бўлиб қолган иккинчи информатор ҳамда Байденлар оиласи қасамёд қилишга келтирилишини исташмаяпти!», дея ёзди Оқ уй раҳбари пайшанба оқшомида.

Сенатдаги республикачилар етакчиси эса суд муҳокамаси вақтида Дональд Трамп оқланиши учун бор кучини сарфлашини яшириб ўтирмаяпти

Конституцияга кўра, суд муҳокамаси тартиби сенаторлар томонидан белгиланади. Ҳафта бошида республикачилар етакчиси Митч Макконнелл судловни тезроқ ўтказиш зарурати туфайли қўшимча гувоҳларни чақиришга зарурат йўқлигини айтиб ўтганди. Демократлар эса Оқ уй маъмурияти раҳбари вазифасини бажарувчи Мик Малвейни, президентнинг миллий хавфсизлик бўйича собиқ маслаҳатчиси Жон Болтон, бюджет ва бошқарув офиси ходими Майкл Даффи ҳамда президент маъмурияти раҳбари маслаҳатчиси Роберт Блейр ҳам суд муҳокамасида кўрсатма беришини талаб қилишмоқда (уларнинг кўрсатмалари вазиятни ўзгартириши мумкин).

Митч Макконнелл суд муҳокамасини максимал даражада ўтказиш керак деган фикрда

АҚШ президенти ҳокимиятдан четлатилиши учун сенаторларнинг учдан икки қисми импичмент учун овоз бериши талаб этилади.

Аммо ҳозирча Сенатда демократлар сони камроқ - 100 ўриндан 47таси уларга тегишли, айни вақтда импичментнинг энг фаол тарафдорлари ҳам ғалабага умид қилмаяпти, чунки бунинг учун уларга 20 нафар республикачи сенатор қўшилиши керак бўлади.

Шунга қарамай, демократлар барча гувоҳлар чақирилиб, федерал агентликлардан ҳужжатлар олиниб, очиқ эшитувлар орқали суд жараёни тўкис ўтказилишига эришишмоқчи.

Конгресс спикери Нэнси Пелосининг сўзларига кўра, фақат шундай жараён америкалик сайловчиларга «АҚШ президенти томонидан содир этилган жиноятлар ҳақида барча зарур маълумотларни олиш» имкониятини яратади.

Демократлар нега бундай тактика танлашган?

Демократлар томонидан танланган тактика муаллифларидан бири Ҳарвард университети профессори Лоренс Трайб ҳисобланади.

У Washington Post нашрида чоп қилинган «Митч Макконеллига импичмент бўйича потемкинча суд ўтказишга имкон берманг» сарлавҳали мақоласида АҚШдаги мавжуд қонунларнинг ҳеч бири айбловни Сенатга дарҳол етказиш мажбуриятини қўя олмаслигини билдирган.

Бундан ташқари, ҳуқуқшуноснинг фикрича, республикачилар президент ва унинг адвокатлари ихтиёри бўйича суд ўтказа олмаслигини таъминлаш учун ҳам айбловни Сенатга юбормаслик керак.

Ҳарвардлик профессорнинг позицияси конгресс спикери томонидан ҳам қўллаб-қувватланди.

Нэнси Пелосининг сўзларига кўра, у Сенат суд муҳокамасини тўла-тўкис ўтказишига амин бўлганидан кейингина зарур ҳужжатларни сенаторларга тақдим этишга рози бўлади.

Демократларнинг ҳаракати қанчалик қонуний?

АҚШдаги ҳуқуқшунослар ҳозирча демократларнинг тактикаси муҳокамасида якдил фикрга кела олишмади.

«Конституцияда конгресс Сенатга айблов моддаларини топширишдан бош тортиши мумкинми, деган саволга аниқ жавоб йўқ», дейди Жоржтаун университети юридик мактаби профессори Жошуа Гелтзер.

У Вакиллар палатаси президент импичменти эълон қилиш ҳуқуқига эгалиги, лекин кейинги қадамларни улар қўя олмаслигини таъкидлаб ўтган.

Ўз навбатида, Колумбия университети ҳуқуқ мактаби ўқитувчиси Ричард Фролик демократлар импичмент кўриб чиқилишини Сенатга ўтказмаётгани АҚШ президенти ғалабасини англатишини айтиб ўтган.

«Бундай ҳолатда жараён якунланмайди, бу эса Оқ уй раҳбарига унинг мухолифлари ўзини ҳокимиятдан четлатиш учун етарли далиллар топа олмаганини баралла айтишга имкон беради», деб ҳисоблайди у.

Дональд Трамп ҳам шунга ўхшаш фикрда.

«Сенат суд муҳокамаси вақти ва жойини белгилаши керак. Агар бекорчи демократлар унда қатнашмаслик қарорига келса, улар аниқ ютқазишади!», деб ёзган у.

Азиз Қаршиев тайёрлади

Мавзуга оид