Ўзбекистон | 18:23 / 10.06.2018
52206
7 дақиқада ўқилади

Қуръондан кейинги муқаддас китоб муаллифи қандай умр кечирган эди?

2017 йилнинг 19 сентябрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош ассамблеяси 72-сессиясидаги нутқи дунё ҳамжамиятида катта қизиқиш уйғотди. Ундаги “Биз бутун жаҳон жамоатчилигига ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини етказишни энг муҳим вазифа, деб ҳисоблаймиз”, деган сўзлари Ўзбекистоннинг бу борадаги позициясини аниқ ва равшан кўрсатиб берди. Нутқда, жумладан, шундай дейилади: “Марказий Осиё Уйғониш даври намояндаларининг ислом ва жаҳон цивилизациясига қўшган бебаҳо ҳиссасини алоҳида қайд этмоқчиман. Ана шундай буюк алломалардан бири Имом Бухорий ўз аҳамиятига кўра ислом динида Қуръони каримдан кейинги муқаддас китоб ҳисобланган “Саҳиҳи Бухорий”нинг муаллифи сифатида бутун дунёда тан олинган. Бу улуғ зотнинг ғоят бой меросини асраб-авайлаш ва ўрганиш, маърифатий ислом тўғрисидаги таълимотини кенг ёйиш мақсадида биз Самарқанд шаҳрида Имом Бухорий номидаги Халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилдик”.

Фото: ЎзА

Ҳадис илмининг султони Имом Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорийнинг маънавий меросини ўрганиш ва тарғиб этишда ушбу халқаро Марказнинг ўрни катта. Марказ илмий тадқиқотлар ва малака ошириш ўқувлари йўналишида фаолият юритади. Йилига тўрт марта “Имом ал-Бухорий сабоқлари” журнали чоп этилади.

Таъкидлаш жоизки, Ҳазратнинг шоҳ асарлари “Ал-Жомеъ ас-саҳийҳ” (4 жилдлик) ва “Ал-адаб ал-муфрад” тўлиғича ўзбек тилига ўгирилиб, кенг китобхонлар оммасига тортиқ этилган. Бугунги кунда Имом Бухорий номи билан Тошкент ислом институти фаолият юритмоқда. Қолаверса, бир неча жоме масжидлар ҳадис билимдонининг номи билан аталади.

Самарқанднинг Хартанг қишлоғида, аллома дафн этилган гўшада муҳташам мажмуа барпо этилган. Бу ёдгорлик мажмуаси Самарқанд, Бухоро, Хива, Тошкент, Андижон, Наманган, Қўқон ва Шаҳрисабз халқ усталари томонидан қисқа муддат, яъни саккиз ой мобайнида барпо этилган экан. Мажмуа таркибида ҳазратнинг мақбаралари, катта жоме масжид, музей ва бошқа иншоотлар бор. Таъкидлаш жоизки, музейда биринчи юртбошимизга ўша пайтлардаги Саудия Арабистони подшоси томонидан совға қилинган каъбапўш сақланади. Шунингдек, мажмуа худудида бешта чинор дарахти ва улар бўйидаги ҳовуз ҳам тарихий аҳамиятга эга. Ушбу дарахтлар 16-асрда Бухоро хони Абдуллахон томонидан экилган. Ҳозирда чинорларнинг ёши 570 дан ошганини мутахассислар таъкидлашади. Бугунги кунда ер шарининг турли нуқталаридан келаётган зиёратчиларни кўрганда, Қуръони каримдан кейин иккинчи ўриндаги муқаддас китоб “Саҳиҳи Бухорий”ни тузган зот билан ватандошлигингдан фахрланиб кетасан киши.

Фото: qadamjo.uz

Имом Бухорий ҳазратлари дунё миқёсида нечоғлик улкан мартабага эга бўлишига қарамасдан, собиқ шўро тузуми даврида ўзининг муносиб қадр-қимматини топмаган сиймолардан бири эди. Энг аянчлиси, хорижий юртларда, айниқса, мусулмон оламида юксак эҳтирому чексиз меҳр-муҳаббатга сазовор бўлган аллома ўз юртида эътибордан четда эди. Унинг ҳаёти ва бебаҳо мероси деярли ўрганилмас, аллома абадий қўним топган маскан ташландиқ ва ўта аянчли ҳолатда бўлганини маҳаллий аҳолининг ёши улуғлари яхши эслашади.

— Ўзлигимизни, миллий қадриятларимизни англаш йўлига киришар эканмиз, бу ишларнинг дебочасида Имом Бухорий ҳазратларининг маънавий меросини ўрганиш вазифаси туриши табиий ҳолдир, — деб ёзади Имом Бухорий жоме масжиди имом хатиби Зайниддин Эшонқулов. — Чунки бу зотнинг ислом динига қилган хизмати барча замон уламолари томонидан эътироф этиб келинган. Биргина мисол тариқасида қатарлик олим Доктор Муҳаммад Али Донавийнинг “Ал-Умма” журналидаги (1982 йил, август) “... Дарҳақиқат, Ислом уммати кўпгина фазилатлар, илм ва ҳидоят эвазига Бухорийдан қарздордир. Бу уммат зиммасига юклатилган вазифа шуки, улар ўз фарзандларига мактабларда, олийгоҳларда ва мажлисларда Бухорий ҳазратлари ўзи ким эканликларини ўргатмоқлари лозим”, деган эътирофини келтириб ўтиш кифоя.

Бу улуғ зотнинг бениҳоя нодир қуввайи ҳофизаси ва ҳадисшунослиги хусусида эл орасида бир қанча ривоятлар юради. Аллома умри давомида жуда кўп сафарларда бўлгани маълум. Имом Бухорий Басра шаҳрига келганларида жарчи “Эй аҳли илмлар! Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий келди!”, дея ҳамюртларига хабар қилади.
Уни излаб борганлар Басра жоме масжидида, устун ортида намоз ўқиётган ёш йигитни кўрадилар. У намозини ўқиб бўлиши билан атрофини ўраб олиб, улар учун имло мажлиси қуришини илтимос қилишади. У киши рози бўлади.
Шунда жарчи иккинчи марта “Батаҳқиқ, Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий келди! Биз ундан имло мажлиси қуришни сўрадик! У эртага фалон жойда мажлис қуришга рози бўлди!”, деб жар солади. Эртасига фақиҳлар, муҳаддислар, ҳофизлар ва нозирлардан минглаб одам жамланади.

Манбаларда таъкидланилишича, Боғдодда ҳам улуғ алломанинг кўплаб шогирдлари бўлган. Абу Али Солиҳ ибн Муҳаммад Боғдодий шундай деган экан:
“Муҳаммад ибн Исмоил Боғдодда мажлис қурар эди. Мен унинг имлосини одамларга етказиб турар эдим. Унинг мажлисига йигирма мингдан зиёд одам жамланар эди. Хулоса шуки, ҳадис илмининг султони ўз даврида ҳам, кейин ҳам устозларнинг энг улуғи бўлган. Бошқача қилиб айтганда, ўз билимини халққа етказишда бениҳоя бағрикенг ва бокарам инсон сифатида ҳурмат қозонган.

Фото: ЎзА

Муҳаммад ибн Юсуф Фирабрий айтган экан:
«Бир кеча Муҳаммад ибн Исмоилнинг уйида қолдим. У зотнинг ўша кеча ўн саккиз марта туриб ёдига тушган нарсаларни ёзиб қўйганини ҳисобладим». Бундан кўринадики, ҳазрат илм йўлида нафақат дунёвий манфаатларидан воз кечган, балки бундай заҳматдан лаззат топган комил инсон бўлган.

Яқинда Муқаддас Каъба зиёратига бориб қайтган ҳожи оталаримиздан бири билан суҳбатлашиб қолдим. Унинг айтишича, бизнинг отахону онахонларимиз у муборак жойни тавоф қилишни қанчалик исташса, Саудия Арабистонидаги инсонлар Имом Бухорий дафн этилган тупроқни бир кўришга орзуманд экан.

Чиндан ҳам, ҳозирда Имом Бухорий мажмуасига дунёнинг турли бурчакларидан зиёрат умидидагилар ташриф буюришмоқда. Маҳорат билан безатилган кошинли айвонлар, маҳобатли мақбара, серфайз ҳовлию, салобатли масжид ва бошқа тарих ва бугунни ўзида акслантирган бинолар ҳар қандай сайёҳни бефарқ қолдирмаслиги шубҳасиз.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид