Юридик шахсларнинг лимитдан ташқари электр ва газ истеъмоли учун тариф пасайтирилади
Шавкат Мирзиёев саноат корхоналари электр ва газга ўрнатилган лимитдан 10 фоизга ошиб кетса, тўлов 2 карра кўп ундирилаётганидан норози бўлаётганини таъкидлади. Шу сабабли энди электр ва газ истеъмоли лимитдан 20 фоизгача ошиб кетса базавий тариф сақланиб қолади. Агар истеъмол 20 фоиздан кўпроқ бўлса, ошган қисми учун тариф 2 баробар эмас, 20 фоизга кўтарилади.
Тадбиркорлар билан очиқ мулоқотда президент Шавкат Мирзиёев юридик шахслар учун электр ва газга ўрнатилган лимит ошиб кетса, тўлов 2 карра кўп ундирилаётгани масаласига тўхталди.
Давлат раҳбари бу тартибдан барча саноат корхоналари норози бўлаётганини таъкидлади.
«Саноатимизнинг ўсишига таъсир қиладиган бундай чекловлар қисқартирилиши белгиланди», - деди президент.
Энди электр ва газ истеъмоли лимитдан 20 фоизгача ошиб кетса ҳам базавий тариф сақланиб қолади. Агар истеъмол 20 фоиздан ўтиб кетса, ошган қисмига тўлов 20 фоиз қимматлашади.
Бундан ташқари, тадбиркорлик рейтингида «юқори», «ўрта» тоифадаги корхоналарга электр учун олдиндан тўловни бир ойда иккига бўлиб тўлашга рухсат берилади.
Шунингдек, президент бюджетдан, кредитдан ва бошқалардан қарзи бор тадбиркорларни ҳисоб рақамига “инкассо” қўйилгани учун, улар электр, газ ва сувга тўлов қила олмаяётгани таъкидларкан, ваҳоланки, ишлаб чиқариш тўхтамаса, қарздорлик тезроқ узилишини қўшимча қилди.
«Эндиликда “инкассо” бўлганда ҳам, коммунал хизматларга тўловлар тўхтатилмайди», - деди давлат раҳбари.
Маълумот учун, тадбиркорлар билан лимитдан ортиқча ишлатилган электр энергияси учун 2 баробар – киловатт-соатига 1800 сўмдан ҳисоб-китоб қилина бошлагани жамоатчилик ва тадбиркорларнинг эътирозларига сабаб бўлиб келяпти. Бу борадаги қарор шу йил 31 майда қабул қилинганди.
Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов Kun.uz билан суҳбатда бу янги тартибни «ўсаётган корхоналарга жазо» деб атаганди. Иқтисодчининг сўзларига кўра, бундай чекловлар электр энергиясининг бозор товари эмаслигини кўрсатиб турибди.
«Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ бу тартиб йўлга қўйилишини истеъмолчиларни электр энергиясидан тежаб ва оқилона фойдаланишларини ташкил этиш билан изоҳлаганди.
Мавзуга оид
20:03 / 22.11.2024
Газ қазиб олишнинг қисқариши 2 млрд кубга яқинлашди, нефт ва бензин ишлаб чиқариш ҳам камайиб боряпти
15:18 / 20.11.2024
Ёқилғи қуйиш ва газ тўлдириш шохобчалари бўйича мобил илова ишга туширилди
10:56 / 20.11.2024
Ўзбекистонда уч йилда 10 та йирик қуёш ва шамол станциялари ишга туширилди
17:22 / 19.11.2024