Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистонда Халқлар дўстлиги куни белгиланмоқда
Аслида бу кунни нишонлаш фикри 2020 йилдаги давлат дастурига киритилган бўлган. Даставвал “Халқлар дўстлиги ва умумхалқ бирдамлик куни”, деб номланиб, нишонлаш 1 июль кунига мўлжалланган янги умумхалқ байрамини ўтказишга кўп эҳтимол билан коронавирус пандемияси тўсқинлик қилган.
Куни кеча “Тараққиёт стратегияси” маркази Ўзбекистон президенти шу йил 3 февралда имзолаган 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурининг тўлиқ матнини ўз саҳифасига жойлаштирди. Аввалроқ унинг хомаки шакли маълум муддат мобайнида ҳозирда кирилса бўм-бўш саҳифа намоён бўлаётган 2021.strategy.uz сайтида жамоатчилик муҳокамасига қўйилган эди.
Эълон қилинган дастурнинг 255- ва 256-бандларида “Халқлар дўстлиги» кунини белгилаш ҳақида гап боради. Чунончи, 255-бандда 30 июл – Халқаро дўстлик кунини юртимизда “Халқлар дўстлиги куни” сифатида белгилашни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланган. Тадбир ижросига масъул сифатида Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ҳамда Адлия вазирлиги кўрсатилган. Унинг бажарилиши муддати эса 1 апрел этиб белгиланган.
256-бандда юқоридаги идоралар Ташқи ишлар вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги билан биргаликда 30 июлда “Дўстлик ҳафталиги” ва “Дўстлик” халқаро форум-фестивалини ўтказиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш соҳасидаги обрўйини янада тарғиб қилиш бўйича аниқ тадбирларни назарда тутувчи Вазирлар Маҳкамасининг фармойиши лойиҳасини тайёрлаш вазифаси юклатилиб, унинг сарф-харажатлар сметаси учун 6 млрд. сўм сарфланиши кўзда тутилган.
Маълумки, “Халқлар дўстлиги кунини” нишонлаш ташаббусини президент Шавкат Мирзиёев 2020 йил 29 декабрда ўзининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида илгари сурган эди. Ўшанда, у “жамиятда миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлашга қаратилган ишларимизни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқамиз. Барчангизга маълумки, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг резолюцияси билан ҳар йили 30 июл – Халқаро дўстлик куни сифатида кенг нишонланади. Шу боис ушбу санани Ўзбекистонда “Халқлар дўстлиги куни” деб белгилашни” таклиф этган эди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2021 йил 27 январ кунги навбатдаги мажлисида депутатлар “Халқлар дўстлиги кунини белгилаш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини кўриб чиқиб, қабул қилган эдилар. Парламент веб саҳифасида шу мавзу бўйича бўлиб ўтган мажлис баёнотида “Халқлар дўстлиги кунини байрам қилишдан асосий мақсад — инсонлар, халқлар, давлатлар – умуман олганда жамиятнинг турли қатламлари ҳамда тузилмалари ўртасида ҳамжиҳатлик, бағрикенглик, миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш ва дўстлик алоқаларини янада ривожлантиришдан иборат”, дейилган.
Сўнгра мазкур масала қонунга айланишининг кейинги босқичи бўлмиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 5 февралдаги XII ялпи мажлисида муҳокама қилиниб, маъқулланди. Сенат ахборот хизмати тарқатган хабарда “Халқлар дўстлиги кунини белгилаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида халқимизга хос бағрикенглик ва азалий дўстлик ғоялари ифода топган”, дейилади.
Шунингдек, қисқа сатрларда келтирилган, аммо қонунчилик жараёни тарихига доир аҳамиятга молик Сенат ахборотига кўра, аслида “Халқлар дўстлиги куни”ни нишонлаш фикри 2020 йил 2 мартда тасдиқланган “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” давлат дастурига киритилган бўлган. Ўтган йилги президент фармонида у дастлаб “Халқлар дўстлиги ва умумхалқ бирдамлик куни”, деб номланган ҳамда уни нишонлаш 1 июл кунига мўлжалланган бўлган. Кўп эҳтимол билан режалаштирилган тадбирларни ўз вақтида ўтказиш ва кенг нишонлашга коронавирус пандемияси халақит берган.
Илк бор “Халқаро дўстлик куни” 1958 йилнинг 30 июлида Лотин Америкасида жойлашган Парагвай давлатида “нотаниш амиго”га совға бериш сифатида нишонланган. Халқаро муносабатларнинг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида эътироф этилган дунёнинг 193 давлати аъзо Бирлашган Миллатлар Ташкилотига Орол денгизига ҳам келиб ёқасини ушлаб қолган кореялик давлат арбоби, дипломат Пан Ги Мун бош котиб бўлган даврда 30 июл Халқаро дўстлик куни, деб эълон қилинган.
БМТ Бош ассамблеясининг 65-сессиясида, 2011 йил 27 апрелда қабул қилинган резолюцияси лойиҳасига 43 давлат қўшилган. Уни собиқ совет республикаларидан Арманистон, Озарбойжон, Грузия ва Молдова қўллаб-қувватлаган. Бирламчи имзо чекканлар рўйхатида Ўзбекистон мавжуд эмас.
Дўстлик кунини нишонлаш ЮНЕСКОнинг ўзаро тоқатлилик руҳини сингдириш ва мавжуд низоларни муроса йўли билан ҳал этишдан иборат тинчлик маданияти тамойилларига тўла ҳамоҳанг келади. Ҳозирда бу кун Аргентина, Бразилия, Испания ва Уругвайда 20 июлда, Боливияда 23 июлда, АҚШ, Бангладеш, Бирлашган Араб Амирликлари, Малайзия, Сингапур ва Ҳиндистонда эса август ойининг биринчи якшанбасида нишонланади.
Ўзбекистонда юздан ортиқ миллий маданий марказ ва хориждаги ватандошларнинг бошини қовуштириб турувчи Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасининг бошқа қатор миссиялари сирасига “жамиятда миллатлараро ҳамжиҳатлик ва бағрикенгликни таъминлашга қаратилган давлат сиёсатини изчил амалга ошириш, дўстлик ва кўп миллатли ягона оила туйғуси муҳитини мустаҳкамлаш, ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш” киради. Мамлакат парламентининг икки палатаси томонидан қабул қилиниб, маъқулланган “Халқлар дўстлиги кунини белгилаш тўғрисида”ги қонунга президент имзо чекиб, матбуотда эълон қилинган кундан бошлаб юридик кучга киради.
Дунёда ўзбекнинг бағрикенглик, меҳмондўстлик ва мардлик фазилатларини тараннум этувчи, II жаҳон уруши палласида сўнгги бурда нонини миллат ва дин ажратмай баҳам кўра олган юксак инсоний хислатлар рамзи бўлмиш Шоаҳмад Шомаҳмудовлар оиласига бағишланган ҳайкал, “Халқлар дўстлиги” номи билан аталувчи концерт саройи, метро бекати, бош майдон ва шоҳкўча 2008 йилда собиқ совет ўлкаларида авжига чиққан “ҳайкаллар ва маданий жанглар” қурбонига айланиб, 2018 йил апрелда қайта тикланди.
Забихулла Саипов,
сиёсий фанлар номзоди, мустақил тадқиқотчи.