Владимир Норов Ўзбекистон ташқи ишлар вазири лавозимини эгаллайди
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири лавозимига Владимир Норов номзоди маъқулланди. Бу ҳақда Қонунчилик палатаси хабар берди.
Амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ, Вазирлар Маҳкамаси аъзолари, вазирлар лавозимига тайинланишидан аввал улар номзоди Қонунчилик палатасида депутатлар томонидан кўриб чиқилади.
Бугун, 9 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар Ўзбекистон ташқи ишлар вазири лавозимига Владимир Норов номзодини кўриб чиқди ва маъқуллади.
Маълумот учун, жорий йил апрел ойи охирларида Ўзбекистон президенти тегишли фармонлари билан Ташқи ишлар вазирлигида ўзгаришлар амалга оширилганди.
Унга кўра, Ўзбекистон ташқи ишлар вазири лавозимини эгаллаб келган Абдулазиз Комилов президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котибининг ташқи сиёсат ва хавфсизлик масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланди.
Владимир Норов Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди, унинг зиммасига Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири вазифасини бажариш юклатилди.
1955 йилда Бухорода туғилган Владимир Норов 2006 йил 12 июлдан 2010 йил 12 январгача – Ўзбекистон ташқи ишлар вазири бўлиб ишлаган.
У турли йилларда турли мамлакатларда элчи сифатида фаолият кўрсатган (1998—2003 йилларда — Ўзбекистоннинг Германиядаги, ўриндошлик асосида – Польша ва Швейцариядаги элчиси. 2005—2006 йилларда — Ўзбекистоннинг Бельгиядаги элчиси. 2013 йил 27 августдан — Ўзбекистоннинг Бельгиядаги элчиси. 2014 йилнинг 2 декабридан Ўзбекистоннинг Люксембургдаги элчиси).
Владимир Норов 2017 йил майида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институтига директор этиб тайинланган. 2019-2021 йилларда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби лавозимида ишлаган. Фавқулодда ва мухтор элчи дипломатик даражасига эга.