Ўзбекистон | 10:07 / 25.04.2023
18029
1 дақиқада ўқилади

Бахтиёр Саидов ташқи ишлар вазири лавозимига тасдиқланди

Ўзбекистон президентининг фармони билан Бахтиёр Саидов Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири лавозимига тасдиқланди.

Бахтиёр Саидов

Бундан илгарироқ Бахтиёр Саидовнинг номзоди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан маъқулланган эди.

Бахтиёр Саидов Тошкент давлат иқтисодиёт университети (бакалавриат ва магистратура), шунингдек, Жаҳон савдо ташкилоти институти (Швейцария) битирувчиси.

У 2009-2013 йилларда Ўзбекистоннинг Корея Республикасидаги элчихонасида савдо-иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчиси лавозимида фаолият кўрсатган. Фавқулодда ва мухтор элчи дипломатик мартабасига эга.

Б.Саидов 2017-2021 йилларда Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчиси, бир вақтнинг ўзида ўриндошлик асосида Мўғулистон ва Филиппиндаги элчиси сифатида ишлаган. 

Ўзбекистонда турли раҳбарлик лавозимларида, жумладан, Вазирлар Маҳкамаси, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, шунингдек, «Ўзбекенгилсаноат»да меҳнат қилган. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири сифатида фаолият юритган.

Бахтиёр Саидов Ўзбекистон президенти томонидан 2022 йил 30 декабрь куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири в.б. лавозимига тайинланганди.

Мавзуга оид