Иқтисодиёт | 15:37 / 05.07.2022
34612
12 дақиқада ўқилади

ЕОИИга кириш янада хавфли бўлиб қолди, ЖСТга аъзоликни тезлаштириш керак — иқтисодчилар

Евросиё иқтисодий иттифоқига қўшилсак, ташқи савдо сиёсатидаги мустақиллигимизни йўқотамиз, дейди иқтисодчи Миркомил Холбоев. Яна бир иқтисодчи Валижон Тўрақуловнинг фикрича, ҳозирги ноаниқ вазиятда имкони борича ЕОИИга аъзо бўлмай турилгани маъқул; биз учун устувор вазифа Жаҳон савдо ташкилотига кириш бўлиши керак.

Фотоколлаж: Kun.uz

Ўзбекистон – глобал савдо занжирларига энг кам интеграциялашган давлатлардан бири. Тошкентдаги кўплаб товарларнинг нархлари дунёнинг манаман деган шаҳарларидаги нархларни ҳам ортда қолдиришига сабаблардан бири ҳам шу.

Савдодаги тўсиқларни камайтириш ва халқаро савдо-сотиқ тизимига кўпроқ қўшилиш учун Ўзбекистон 1994 йилда Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишга ариза берган. Ўтган ой Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзолиги бўйича ишчи гуруҳнинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Хўш, дунёнинг 164та давлати, хусусан Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон ҳам қўшилган бу ЖСТ қандай ташкилот ўзи? Евросиё иқтисодий иттифоқи билан ҳам ҳамкорлик қилаётган расмий Тошкент Украинадаги уруш, Россия ва Беларусга қарши санкциялар фонида нималарни инобатга олиши керак?

Биз шу каби саволлар билан иқтисодчилар Валижон Тўрақулов ва Миркомил Холбоевга юзландик.

ЖСТ қандай ташкилот? Унга аъзо давлатлар қандай мажбуриятларни бўйнига олади ва қандай имкониятларга эга бўлади?

Валижон Тўрақулов:

12LPWGAFwK4yjy9AWV5FhhyIspPeE08B.jpg (1280×720)
Валижон Тўрақулов

— Жаҳон савдо ташкилоти аъзо давлатлардаги савдо тизимини эркинлаштирувчи ва тартибга солиб турувчи халқаро ташкилот ҳисобланади. Унга аъзо бўлаётган давлат ўзаро имзоланадиган шартномалар асосида ўзининг божхона тарифларини пасайтиришга мажбур бўлади. Масалан, Ўзбекистон ташкилотга аъзо бўлиб кирмоқчи бўлса, автомобиль олиб кириш учун ўрнатилган божларни келишувга мувофиқ босқичма-босқич равишда пасайтириши керак бўлади. Хусусан, ҳозир 30 фоизлик бож бўладиган бўлса, ЖСТга аъзо давлатлар Ўзбекистон олдига ушбу кўрсаткични 10 фоизгача пасайтириш мажбуриятини қўйиши мумкин.

Ўз навбатида, Ўзбекистонга ҳам бошқа мамлакатлар бозорларига эркин кириш имконияти тақдим қилинади ва ўз бозорини очиш талаб этилади. Айнан аъзо давлатларнинг ўз бўйнига олган мажбуриятларини назорат қилиб бориш ЖСТнинг асосий вазифаси ҳисобланади.

Қайсидир давлат берган ваъдасини бажармаса, бу масала Низоларни ҳал қилиш қўмитасида кўриб чиқилади ва ушбу давлатга қарши санкциялар ҳам киритилиши мумкин. Умуман олганда, ЖСТга аъзо бўлаётган давлат божхона тарифларини белгиланган муддат ичида босқичма-босқич пасайтиришга мажбур.

Бундан ташқари, савдо эркинлигига халал берувчи нотариф тўсиқлар (турли хил лицензиялар, утилизация тўловлари, карантин қоидалари ва б.) ҳам олиб ташланиши керак.

Шунингдек, ташкилот алоҳида давлатлар олдига беш йиллик ёки ўн йиллик давр мобайнида бозор иқтисодиётига ўтиш, хусусийлаштиришни тезлаштиришга оид шартлар ҳам қўйиши мумкин. Менимча, ҳозирда Ўзбекистон билан шу масалаларда музокара жараёни ўтказиляпти. Баъзи бировлар ўйлаётгандек, аъзо бўлганимиз заҳоти божларни 5 фоизга тушириб қўймаймиз. Бу аста-секинлик билан амалга оширилади. Бу давр мобайнида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларимиз ҳам рақобат муҳитига тайёрлаб борилади. Бунда нафақат Ўзбекистонга янги маҳсулотлар кириб келади, балки ўзбек маҳсулотлари учун ҳам паст тарифларда кўплаб янги бозорлар очилади. Мамлакатдаги инвестициявий муҳит жозибадорлиги ортади.

Миркомил Холбоев:

Миркомил Холбоев

ЖСТнинг шаклланиши Иккинчи жаҳон урушидан кейинги даврга тўғри келади. Уруш тугагач, глобал миқёсда савдони эркинлаштиришга эҳтиёж сезила бошланади ва бу 1947 йилда халқаро битим – GATT имзоланишига олиб келади. Мамлакатлар ўзига хос белгилар нуқтайи назаридан келиб чиққан ҳолда, савдо сиёсатини белгилай бошлайди. 1995 йил 1 январда имзоланган келишув билан, GATT асосида Жаҳон савдо ташкилоти тузилади.

Агар бирор давлат ЖСТга аъзо бўлиш учун ариза топширса, қолган барча аъзо давлатлар қўллаб-қувватласагина, ташкилотга қабул қилиниши мумкин. Шу жиҳатдан, қўшилишни истаган давлат бошқа мамлакатлар билан якка ва умумий тартибда музокаралар олиб бориши керак. Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлганидан кейин ташқи савдоси қанчалик эркин бўлиши ҳам алоҳида давлатлар билан олиб бориладиган музокараларга боғлиқ.

Масалан, Жанубий Корея, Хитой, Туркия, Россия, Қозоғистон каби манфаатларимиз тўқнаш келадиган мамлакатлар билан музокаралар қизғин тусда кечади, чунки улар ўзларининг ишлаб чиқарувчилари ва экспортёрларига кўпроқ имкониятлар берилишига ҳаракат қилади. Жанубий Америка ёки Африкадаги баъзи мамлакатлар учун Ўзбекистоннинг статуси ва ташқи савдосининг очиқлик даражаси деярли муҳим аҳамиятга эга эмас. Шу жиҳатдан, бу мамлакатлар билан музокаралар осон ҳал бўлади.

Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлса, умумий қабул қилинган қоидалар бўйича ташқи савдо сиёсатини амалга оширишга ўтади ва халқаро ҳамжамият олдидаги ҳисобдорлиги ортади.

ЖСТга қўшилиш Ўзбекистонга нима беради? Аъзолик ташқи савдо эркинлашишига қанчалик таъсир қилиши мумкин?

Валижон Тўрақулов:

— Хўп, тўғридан тўғри ЖСТга аъзолик Ўзбекистонга нима беради дейиладиган бўлса, энг катта нарса бу – ишонч. ЖСТга аъзо давлатга инвесторлар кириб келиши қисқа муддатли даврда сезиларли даражада ошади, чунки сармоядорларда: “Энди Ўзбекистон исталган пайтда ўз қонунчилигини ўзгартириб қўя олмайди” деган қараш пайдо бўлади. Сабаби, аъзо бўлишдан олдин Ўзбекистон 164та давлат ва ЖСТ олдида мажбуриятларни бўйнига олган бўлади ва ташқи савдо сиёсатини бирданига кескин ўзгартира олмайди. Айнан мана шу “ишонч тамғаси” инвестициялар кириб келишига рағбат яратади.

Давлат раҳбарининг ўзи томонидан инвесторларга кафолат берилаётган бўлса-да, уларнинг бозоримизга кириб келиши биз кутганчалик бўлмаяпти. Айнан ЖСТга кириш ортга қайтмаслигимизга, ислоҳотларни яна давом эттиришимизга кафолат вазифасини ҳам бажаради.

Бундан ташқари, Ўзбекистон томонининг ҳам инвестор сифатида бошқа бозорларга кириши анча осонлашади, чунки ўртада ўзаро шартномалар пайдо бўлади. Маҳсулот экспорт қилишимиз учун янги бозорлар юзага келади.

Миркомил Холбоев:

ЖСТга аъзо бўлиш Ўзбекистон ташқи савдосини қай даражада эркинлаштириши олиб борилаётган музокара жараёнларига боғлиқ. Аммо кўп мамлакатлар ЖСТга кираётганида преференциялар ва баъзи истисно ҳолатларни сақлаб қолишга, ўзининг ички ишлаб чиқарувчиларини нисбатан узоқроқ вақт давомида ҳимоя қилиб туришга ҳаракат қилади. Шу жиҳатдан, қисқа муддатли даврда ташкилотга қўшилишимиз ташқи савдони кескин даражада эркинлаштирмаса-да, узоқ муддатли даврда ўзининг ижобий самарасини беради.

Евросиё иқтисодий иттифоқи ёки Жаҳон савдо ташкилоти? Қай бири Ўзбекистон учун муҳимроқ?

Валижон Тўрақулов:

— МДҲ мамлакатлари учун олдин Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш, ЕОИИга киришдан кўра, анчайин фойдалироқ. Чунки дастлаб 164та давлат билан савдо шартномалари тузиб олинса, кейинчалик ЕОИИга аъзо 5та давлат билан келишиб олиш осон бўлади.

Бундан ташқари, ЖСТга аъзо бўлишда қўйилган шартлар, тўғридан тўғри ЕОИИ таркибидаги мамлакатлар томонидан ҳам тан олиниши керак. Агар тескариси қилиниб, аввал ЕОИИга аъзо бўлинса, кейин 164та давлат билан ҳисоблашишга мажбур бўламиз. Шунинг учун ҳам, Ўзбекистон ЖСТга аъзо сифатида қабул қилинса, кейинчалик ЕОИИга аъзо бўлишни хоҳласа ҳам, қўлида бир қанча ричаглари бўлади.

Миркомил Холбоев:

— Ҳар иккала ташкилотга қўшилиш ҳам назарий жиҳатдан ташқи савдомиз эркинлашишига олиб келади. Аммо бу ерда баъзи фундаментал фарқлар бор: ЖСТга аъзо бўлсак, ташқи савдо сиёсатидаги мустақилликни сақлаб қоламиз. Бизда бир қанча вақтдан кейин, ташқи савдони янада эркинлаштириш имконияти мавжуд бўлади.

Қисқа муддатли даврда ЕОИИга аъзо бўлиш ЖСТга аъзо бўлишимизга қараганда ҳам ташқи савдомизни кўпроқ эркинлаштириши мумкин. Чунки юқорида таъкидлаб ўтганимдек, ЖСТга кирган мамлакатлар маълум муддат имтиёзларни сақлаб қолишга ҳаракат қилади, ЕОИИда эса савдо сиёсати шаклланиб улгурган, Ўзбекистон қўшилиши билан ўрнатилган барча қоидаларни қабул қилишга мажбур бўлади.

Кўпчилик ЕОИИга аъзо бўлишимиз билан, Россия ва Қозоғистондан импорт кескин ошиб кетиши ҳақида фикр билдиради. Аммо бир нарсага эътибор қаратишимиз керак, ЕОИИга аъзо мамлакатларнинг деярли барчаси билан ҳозирда ҳам эркин савдо шартномасига эгамиз.

Агар ҳозир ЕОИИга кирсак, ташқи савдо сиёсатимизни мустақил белгилашдан воз кечиб бўлган бўламиз. Назарий жиҳатдан, келажакда тарифларни эркинлаштиришни хоҳласак ҳам, буни мустақил ўзимиз амалга ошира олмаймиз.

ЕОИИга аъзо бўлдик ҳам дейлик. Маълумки, бир қанча мамлакат, хусусан Туркия, Жанубий Корея билан эркин савдо ҳудудини вужудга келтириш бўйича музокаралар олиб боряпмиз. Агар биз ЕОИИга кирсак, алоҳида мамлакатлар билан эркин савдо ҳудудини вужудга келтиришга ҳаққимиз бўлмайди.

Хўш, қайси бир ташкилотга кириш Ўзбекистон учун муҳимроқ? Боя айтиб ўтганимдек, ЖСТга кирсак, ташқи савдо сиёсатимиздаги мустақилликни сақлаб қоламиз, ЕОИИга аъзо бўлсак, бу борадаги ўзгаришларни мустақил тарзда эмас, балки бошқалар билан коллектив ҳолда ҳал қилишимизга тўғри келади. Шу сабабли ҳам биринчи ўринда ЖСТга киришимиз ҳар томонлама манфаатли ва фойдали бўлади.

Ҳозирги геосиёсий беқарор вазиятда ЕОИИга аъзо бўлиш қанчалик тўғри қарор бўлади, деб ҳисоблайсиз?

Валижон Тўрақулов:

— Украина билан уруш фонида ЕОИИнинг иккита энг муҳим аъзоси Россия ва Беларус оғир санкцияларга дучор бўлди. Бу ушбу ташкилотга қаттиқ зарба берилганини англатади. Россия халқаро ҳамжамият олдида ўз мавқейини йўқотиб бўлди, шу нуқтайи назардан кейинги даврда қайси мамлакат Россия билан яқинлашишга ҳаракат қилса, ушбу мамлакат эҳтимолий дуч келиши мумкин бўлган хатарларни ҳам ўз бўйнига олишига тўғри келади.

Шунинг учун ҳозирги ноаниқ вазиятда имкони борича ЕОИИга аъзо бўлмай турилгани маъқул. Биз учун устувор вазифа ЖСТга кириш бўлиши керак.

Таъкидлаб ўтиш керакки, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон ҳам ЖСТга аъзо. Ушбу мамлакатлар билан ташқи савдо алоқаларимизни, ЕОИИга кирмасдан туриб ҳам, ЖСТ шартлари асосида бемалол эркинлаштиришимиз мумкин. Шу сабабли ҳам ҳозирги ноаниқ шароитда ЖСТга аъзо бўлишга урғу беришимиз керак.

Миркомил Холбоев:

Умуман олганда, Украинадаги ҳарбий ҳаракатлардан олдин ҳам ЕОИИга кириш бўйича хавотирлар бор эди. Уруш бошланиши бу хавотирларни янада кўпайтирди ва кескинлаштирди. Шу пайтгача ҳам ЕОИИ доирасида умумқабул қилинган қоидалардан кўра, алоҳида давлатларнинг хоҳиш-истаклари устувор аҳамиятга эга бўлишини бир неча марта гувоҳи бўлганмиз. Ҳозирги вазият эса Россия билан битта иттифоқда бўлишимиз узоқ муддатли даврда қимматга тушиши мумкинлигини исботлади.

Фикримча, айни пайтда ташкилотга кириш масаласини тўхтатиб туриш керак. Ғарб давлатлари Россияга нисбатан санкциялар миқдорини оширишда давом этмоқда ва бу санкцияларнинг Россия билан бир савдо иттифоқидаги мамлакатларга ҳам жорий қилиниш эҳтимоли мавжуд. Бу Ўзбекистон учун ташкилотга киришнинг бадали жуда ҳам оғир бўлишини англатади.

Биз учун энг оптимал позиция – ҳозир ташкилотда қайси мақомда бўлсак, шу кўринишда ҳамкорликни давом эттириш ҳисобланади. Ўзбекистон имкон қадар алоҳида давлатлар билан эркин савдо шартномаларини имзолаб олиши ва ЖСТга киришни тезлаштириши керак.

Достон Аҳроров суҳбатлашди.

Мавзуга оид