Ўзбекистон | 10:30 / 14.07.2019
81242
4 дақиқада ўқилади

Нодир Отажонов янги лавозимга ўтказилди

Нодир Собирович Отажонов Ўзбекистон Республикаси Бош вазири маслаҳатчиси - «Ўзагротехсаноатхолдинг» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси этиб тайинланди. Бу маълумотни Kun.uz’га холдинг матбуот хизмати тасдиқлади.

Отажонов бу лавозимда 2018 йил мартидан буён ишлаб келаётган Мухтор Акбарович Каримов ўрнида иш бошлади. Мухтор Каримов Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 12 июль куни Тошкент қишлоқ хўжалиги техникаси заводига ташрифидан олдин ишдан олинган. Президент ташрифи вақтида лойиҳалар Нодир Отажонов томонидан тақдим этилган.

Нодир Отажонов муқаддам бош вазир ўринбосари - Ташқи савдо фаолиятини, экспорт салоҳиятини, машинасозлик, автомобиль, электротехника, мудофаа, пахтани қайта ишлаш саноатини ва енгил саноатни ривожлантириш, маҳсулотларни стандартлаштириш масалалари комплекси раҳбари бўлган, 2019 йил январидан буён президентнинг иқтисодиёт соҳаларини ривожлантириш, инвестиция ва ташқи савдо сиёсатини амалга ошириш масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди.

«Ўзагротехсаноатхолдинг» АЖ матбуот хизмати берган маълумотларга кўра, жамият тизимидаги корхоналар 2019 йилнинг биринчи ярми учун ўз олдига қўйган экспорт режасини 109 фоизга бажарган. Экспортнинг асосий қисмини тракторлар, комбайнлар, замонавий қишлоқ хўжалиги техникалари ҳамда махсус техникалар ташкил қилади.

Холдинг Беларуснинг «МТЗ» ОАЖ билан имзоланган ҳамкорлик шартномаси асосида 2019 йилнинг иккинчи ярмида ишлаб чиқариш ҳажмини икки баробарга оширади. Унга кўра, июнь ва август ойларида ТТЗ-811 русумли трактордан 1000та, янги модел - 4 ғилдиракли ТТЗ-812дан эса 500та ишлаб чиқарилади. Қолаверса, «Тошкент қишлоқ хўжалиги техникаси заводи» АЖда дунёга машҳур «JOHN DEER» бренди остидаги замонавий тракторлардан 200та ишлаб чиқарилади. Ҳозирда шу ва бошқа русумли замонавий тракторлар учун буюртмалар қабули бошланган. 

Маълумот учун, «Ўзагротехсаноатхолдинг» акциядорлик жамияти Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 17 ноябрдаги ПФ-4857-сонли фармонига мувофиқ ташкил этилган.

Жамият ривожланишининг устувор йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланган:

  • ички ва ташқи бозорларда тизимли маркетинг тадқиқотларини ўтказиш, қишлоқ хўжалиги учун талаб этиладиган, тежамкор агротехнологияларни жорий этишни таъминловчи, шу жумладан боғдорчилик, узумчилик, сабзавотчилик, полизчилик ва чорвачиликда қўлланадиган турли замонавий техника ва механизация воситаларини ишлаб чиқариш ва етказиб беришни мувофиқлаштириш;
  • ишлаб чиқарилаётган қишлоқ хўжалиги техникалари рақобатбардошлигини ошириш, экспорт маҳсулотлари турларини ва етказиш ҳажмини кенгайтириш;
  • ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалиги машинасозлиги учун зарур моддий-техника ресурслари ҳамда эҳтиёт қисмлари билан таъминлашни ташкил этиш;
  • қишлоқ хўжалиги машинасозлиги соҳасида замонавий энергия ва металларни тежовчи технологияларни жорий этиш ҳисобига замонавий юқори унумдор қишлоқ хўжалиги техникалари ва механизация воситаларини чиқариш бўйича янги ишлаб чиқаришни яратиш ва амалдагиларни модернизация қилишга қаратилган илмий-техникавий ва инвестициявий фаолиятни амалга ошириш;
  • «Ўзагротехсаноатхолдинг» АЖ таркибига кирувчи ташкилотлар ва бошқа ташкилотлар ўртасида илмий-техникавий ва ишлаб чиқариш кооперациясини ривожлантириш ва мувофиқлаштириш;
  • қишлоқ хўжалиги техникалари ишлаб чиқариш соҳасидаги кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этиш.

Мавзуга оид