Жамият | 13:30 / 17.10.2020
9322
3 дақиқада ўқилади

Пойтахт ҳокимлиги тадбиркорга 401,5 млн сўм компенсация тўлайдиган бўлди. Аммо икки ойга яқин вақт ўтдики, суд қарори ижро этилганича йўқ 

Тошкент шаҳар ҳокимлиги “NIYAT SERVIS” хусусий корхонасига тегишли бўлган мол-мулкни давлат ва жамоат эҳтиёжи учун олгани муносабати билан тўланиши лозим бўлган компенсация пулларини бермай келган. Бизнес-омбудсманнинг Тошкент туманлараро иқтисодий судига киритган аризаси қаноатлантирилиб, тадбиркорга 401,5 млн сўмлик компенсация тўланадиган бўлди.

Тошкент шаҳар, Миробод туманида фаолият кўрсатаётган “NIYAT SERVIS” хусусий корхонасига тегишли бўлган Миробод туман, Меҳржон кўчаси, 35-уй манзилидаги 1 365 226 773 сўмга баҳоланган 495 кв. метрлик бино-иншооти шаҳар ҳокимлиги томонидан давлат ва жамоат эҳтиёжи учун олинган.

“NIYAT SERVIS” хусусий корхонасига тегишли бино ва иншоотлари бузилганлиги юзасидан етказилган зарарни қоплаш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокимининг 2018 йил 11 июндаги 906-сонли қарорига кўра, Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани, ТТЗ-1 мавзеси, 8-уй манзилида жойлашган 222 кв.метрлик 533 601 364 сўмга баҳоланган ҳамда Чилонзор тумани, Қатортол кўчаси, 38-уй манзилида жойлашган 230 кв. метрлик 430 085 816 сўмга баҳоланган бинолар ажратилган.

Ўринга-ўрин берилган объектларнинг баҳолаш қиймати 963 687 180 сўмни ташкил этиб, ўртадаги тафовут мулкдор фойдасига 401 539 593 сўмни ташкил этган.

2018 йилнинг 25 сентябрь куни Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Бинолардан фойдаланиш департаменти ва “NIYAT SERVIS” ХК ўртасида юқорида қайд этилган 401 539 593 сўм миқдордаги тафовут пул маблағлари эвазига қўшимча бино ажратишни сўраб, Тошкент шаҳар ҳокимлигига мурожаат этиш ҳуқуқига эга эканлиги юзасидан №459-сонли келишув битими имзоланган.

Аммо, “NIYAT SERVIS” ХК раҳбари А.Сайдалиев томонидан 2018 йилдан шу кунга қадар бино ажратишни сўраб бир неча маротаба мурожаат этган бўлишига қарамай, Тошкент шаҳар ҳокимияти томонидан тафовут суммаси миқдорида бино ёки унга мувофиқ келадиган пул ажратиб берилмаган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил - Бизнес-омбудсман томонидан тадбиркор манфаатида шу йил ,13 июлда Тошкент туманлараро иқтисодий судига компенсация тўловларини ундириш юзасидан даъво аризаси киритилади. Суднинг жорий йил  27 августдаги қарори билан даъво тўлиқ қаноатлантирилиб, Тошкент шаҳар ҳокимлигидан тадбиркор фойдасига 401 539 593 сўм ундирилиши белгиланган, деб хабар бермоқда Бизнес-омбудсман матбуот хизмати.

Бизнес-омбудсманнинг Kun.uz’га тақдим этган қўшимча маълумотига кўра, орадан икки ойга яқин вақт ўтган бўлишига қарамай, суд қарорининг ижроси таъминланмаган. Шу боисдан ҳозирда ижронинг таъминланишини сўраб, МИБга хат киритилгани айтилмоқда.

Мавзуга оид