Ўзбекистон | 14:00
1821
2 дақиқада ўқилади

Очиқлик индекси эълон қилинди. Энг ёпиқ ташкилот Тошкент шаҳар ҳокимлиги

​​​​​​​2025 йилнинг энг очиқ ва энг ёпиқ давлат ташкилотлари рейтинги эълон қилинди. Энг яхши натижаларни «Ўзбекгидроэнерго», «Навоий кон-металлургия комбинати» ҳамда «Ўзавтосаноат» қайд этди. Умумий рейтингда энг ёмон кўрсаткични қайд этганлар қаторида Тошкент шаҳарва вилоят ҳокимлиги, Андижон вилояти ҳокимлиги, «Ўзбекистон темирйўллари», Судялар Олий кенгаши, АТБ Алоқабанк ҳам бор.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги 2025 йил якунларига кўра давлат органлари ва ташкилотларининг очиқлик индексини тақдим этди.

Бу индекс, президент фармонига асосан, 84 та баҳолаш мезонидан таркиб топган 8 та индикатор асосида шакллантирилади. 2025 йилги баҳолашда жами 97 та ижро органлари ва компаниялар қамраб олинган.

Баҳолаш натижаларига кўра, очиқлик талабларини бажариш бўйича 66 та давлат органи «яшил» (2024 йилда 50 та), 22 таси «сариқ» (35 та) ва 9 таси «қизил» (13 та) тоифага киритилди.

2022 йилдаги, яъни илк баҳолаш кўрсаткичлари билан таққослаганда «яшил» тоифадагилар 3,5 баробарга кўпайган бўлса, «сариқ» тоифадагилар 2 баробар ва «қизил» тоифадагилар 3 баробарга камайган.

2025 йилги очиқлик индексида энг юқори ўринларда «Ўзбекгидроэнерго», «Навоий кон-металлургия комбинати» ҳамда «Ўзавтосаноат» қайд этилган.

Умумий рейтингда энг ёмон кўрсаткичлар Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Андижон вилояти ҳокимлиги, «Ўзбекистон темирйўллари»га тегишли.

Вазирликлар кесимида индексда энг юқори натижани Адлия, Рақамли технологиялар ва Сув хўжалиги вазирликлари кўрсатган. Ташқи ишлар, Инвестициялар ва Қишлоқ хўжалиги вазирликларининг очиқликка риоя қилиши мақтанадиган даражада эмас.

Маҳаллий ҳокимиятлар орасида Хоразм, Жиззах ва Қашқадарё вилоятлари ҳокимликлари энг яхши кўрсаткичга эга бўлса, Тошкент шаҳар (100 дан 40 балл), Андижон (43 балл) ва Тошкент (49 балл) вилояти ҳокимликлари энг ёмон натижаларни қайд этган.

Давлат банклари орасида энг яхши кўрсаткич Туронбанкда, энг ёмони эса Алоқабанкда кузатилган.

Агентлик томонидан келгусида баҳолаш жараёнларини қуйи тизимларда ҳам амалга ошириш кўзда тутилган. Жумладан, 2026 йил 2-ярмидан синов тариқасида Навоий вилоятининг туман ва шаҳар ҳокимликлари, ташкилотлари фаолияти очиқлиги даражасини index.anticorruption.uz платформасида баҳолаш режалаштирилган.

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид