Жамият | 17:34 / 20.09.2021
8091
4 дақиқада ўқилади

Kun.uz “Меҳр улаш” акцияси доирасида донорлик эстафетасини қабул қилиб олди

Aдлия вазирлиги бошлаб берган “Меҳр улаш” хайрия қон топшириш – донорлик акциясини Kun.uz қабул қилиб олди.

Жаҳон cоғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиясига биноан, аҳолининг қон ва қон препаратларига бўлган талабини тўлиқ қондириш учун ҳар 1000 кишига қон топширишлар сони 30та ва ундан ортиқ бўлиши керак.

Aҳолини қон компонентлари билан таъминлаш учун қон топширишлар сони аҳоли сонига нисбатан ҳар 1000 кишига камида 10тани ёки аҳоли сонига нисбатан 1 фоизни ташкил этиши зарур.

Республикада бу кўрсаткич 2020 йилда ҳар 1000 аҳолига 5,8ни (0,58 фоиз) ташкил этди.

Маълумотларга кўра, республикадаги бир кунлик қонга бўлган талаб 100 литрдан кўпроқни ташкил этади.

“Донорлар камайиб бормоқда, беморлар ҳаёти учун қон зарур”

“Ҳозирги кунда донорлар сони камайиб бораётгани сабабли “Меҳр улаш” каби хайрия қон қуйиш акцияларини ўзимиз ташкил қиляпмиз. Кунига тезкор жарроҳлик операциялари, туғуруқ, автоҳалокат ва ҳар хил фавқулодда вазиятлар бўлади. Шунда бизга қон керак бўлади. Захирадаги қон миқдори бўлмаса, биз беморга қон етказиб бера олмаймиз. Донорларнинг сони кўпайиб захирамиз ошиши керак”, — дейди Республика қон қуйиш маркази бўлим бошлиғи Зулфия Исмоилова.

Қон беришдан донорга қандай фойда?”

Зулфия Исмоилова қон беришнинг фойдаларига тўхталиб ўтди.

“18 ёшга тўлган шахслар қон топшириши мумкин бўлади, бунинг учун аввал “гемоглобин”ини кўрамиз. Ҳеч қандай сурункали касаллиги бўлмаган соғлом инсонлар донор бўлади.  

Пандемия пайтида донор Covid-19 билан касалланган бўлса, унинг қон қуюқлиги ошиб боради. Биз донор қонини олганимиздан кейин қон алмашиниш жараёни яхшиланади, қон суюқлашади, қон айланиш тизимида ўзгаришлар бўлади. Ёшариш кузатилади, чунки янги қон ҳужайралари ишлаб чиқарилади”, — деди у.

Шунингдек, акция ташаббускорлари бу эзгу тадбир жамоатчилик орасида қўллаб-қувватланаётганини маълум қилишган. “Ушбу хайрли акция бир қатор давлат органлари ва муассасалари, нодавлат-нотижорат ташкилотлари, ОАВ ва жамоатчилик вакиллари томонидан яхши кутиб олиниб, қўллаб-қувватланмоқда.

Хусусан, Ички ишлар вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (Омбудсман),  "Юксалиш" умуммиллий ҳаракати,  “Кун.уз” интернет нашри, кўплаб блогерлар ва бир гуруҳ журналистлар ушбу акцияни қўллаб-қувватлаган ҳолда ҳайрихоҳ эканлигини билдиришди” дейилади Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Ўз навбатида Kun.uz ўзбекистонликларни “Меҳр улаш” хайрия қон топшириш акциясида фаол бўлишга чақиради. Унутманг, сизнинг ҳиссангиз бошқа бир инсоннинг ҳаётини сақлаб қолиши мумкин.

Жамоа бўлиб донорлик акциясида иштирок этишни хоҳловчилар қуйидаги рақамларга боғланиши мумкин:

+ 998-71-250-14-25 Республика қон қуйиш маркази

+998-98-367-40-06 Зулфия Исмоилова, Республика қон қуйиш маркази бўлим бошлиғи.

Мавзуга оид