Жамият | 16:13 / 20.03.2022
14088
3 дақиқада ўқилади

ССВ ташаббуси билан донорлик акциясига старт берилди

ССВ вазирлик ташаббуси билан “Қон топшир – ҳаёт инъом эт!” акциясига старт берилганини хабар қилди.

Соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт марказида бўлди.

«Ташриф давомида муассасада аҳолининг сифатли қонга бўлган эҳтиёжини қоплаш, беморларни зарур қон компонентлари билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, бу борада яратилган шароитлар билан яқиндан танишди.

Маълумки, коронавирус пандемияси бутун дунёда бўлгани каби мамлакатимизда ҳам донорлар сони кескин камайишига сабаб бўлди. 

Натижада оғир беморларнинг донорлик қонига бўлган талаби сезиларли даражада ошди. Қолаверса, сўнгги йилларда юртимизда ноёб юрак операциялари, инсон тана аъзоларини кўчириб ўтказиш каби мураккаб жарроҳлик амалиётларининг йўлга қўйилиши ҳамда хавфли касалликлар диагностикасининг яхшиланиши сабабли сифатли қон компонентларига бўлган эҳтиёж янада ортди.

Биргина мисол. Бугунги кунда битта жигар трансплантация операцияси учун 30 литргача қон плазмаси зарур. Бу компонент эса 120 нафар инсондан олинади. Шунинг ўзиёқ, донорликнинг аҳамияти нақадар муҳим эканини кўрсатади.

Бундан ташқари, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиясига кўра, ҳар бир давлат ўз аҳолисининг қонга бўлган эҳтиёжини қоплаш учун ҳар 1000 нафар кишига донорлар сони 30 нафар ва ундан ортиқ бўлиши лозим. Бизда эса бу рақам 5 нафарга тўғри келади», дейилади вазирлик матбуот хизмати хабарида. 
 

Вазир ташриф давомида шу ҳақда сўз юритар экан, соҳани янада ривожлантириш учун аҳоли орасида ушбу хайрли ишни кенг ёйиш, бунинг учун, энг аввало, тиббиёт ходимлари юртдошларимизга намуна бўлиши ҳамда бор масъулиятни ўз зиммасига олиши кераклигини қайд этди.

Шундан сўнг Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан «Қон топшир – ҳаёт инъом эт!» хайрия акциясига старт берилди ва унда вазир биринчилардан бўлиб қон топширди.

«Қон – бебаҳо неъмат, унинг бир томчиси бемор инсонни ҳаётга қайтариши мумкин.Шу сабабли беғараз донорлик орқали қонга муҳтож бўлган кишиларга кўмак бериш одамийликнинг энг юксак намунасидир. Ўйлайманки, ана шу эзгу мақсадда бошлаган бугунги акциямиз қанчадан-қанча оғир беморларнинг дарддан халос бўлишига ёрдам беради», деган вазир.

Тадбирда, шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги марказий аппарати ходимлари, тиббиёт муассасалари масъуллари, шифокор ва ҳамширалар ҳам фаол иштирок этиб, беғараз донор сифатида ушбу хайрли ишга муносиб ҳисса қўшди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги барча юртдошларимизни «Қон топшир – ҳаёт инъом эт!» акциясида фаол иштирок этишга, беғараз донор бўлиб, ёрдамга муҳтож беморларга кўмак беришга чақиради.

Ушбу акцияда иштирок этмоқчи бўлган юртдошларимиз Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт марказининг +998 97 750 57 52 ҳамда Республика қон қуйиш марказининг +998 98 367 40 06 телефон рақамларига қўнғироқ қилишлари мумкин.

Мавзуга оид