Ўзбекистон | 10:44 / 16.05.2022
7454
3 дақиқада ўқилади

Ер участкасини масофадан туриб хусусийлаштириш имконияти яратилди

Ўзбекистонда энди ер участкасини масофадан туриб хусусийлаштириш мумкин. Бу ҳақда «Ягона портал» хабар берди.

Фото: Shutterstock

Қайд этилишича, Вазирлар Маҳкамасининг 14 февралдаги 71-сонли қарори билан жисмоний ва юридик шахслар ўзларига тегишли ер участкаларини хусусийлаштириши мумкин бўлди.

Фуқаролар якка тартибдаги уй-жой, юридик шахслар эса нотурар бино-иншоотларга эга. Энди улар ўзларига тегишли кўчмас мулк – ер участкаларини (кўп қаватли уйлар бундан мустасно) кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш орқали хусусийлаштириши мумкин (агар бино кадастрдан ўтмаган бўлса, ер хусусийлаштирилмайди).

Шу кунга қадар фуқароларга тегишли уй-жойлар жойлашган ер участкалари, мерос қилиб қолдирилган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқидаги ерлар, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланадиган нотурар жой объектларининг ер участкаларига доимий фойдаланиш ҳуқуқи берилган. Яъни, бино ўзингизга тегишли бўлса ҳам, унинг ери давлатники бўлган.

Энди мана шу ер участкаларини хусусийлаштириш учун жисмоний ва юридик шахслар my.gov.uz орқали онлайн мурожаат қилиши мумкин. 

Келиб тушган ариза Кадастр агентлиги ва Қурилиш бўлимларига йўналтирилади. Кадастр бўлимлари ер участкасининг ариза берган фуқаро номига расмийлаштирилганми ёки йўқми, яъни рўйхатдан ўтказилганини текширади. Бунда ер участкаси ўзгармагани, бугунги кунда ҳам реестрда мавжудлиги, тақиқ ва чекловлар йўқлиги, хусусийлаштиришга монелик қилмайдиган томонлари текшириб чиқилади.

Қурилиш бўлимлари эса ер участкаси ҳудудининг шаҳарсозлик меъёрларига мос келишини ўрганади. Барча текширувлардан ўтгач, фуқарога хусусийлаштириш ҳақида хабарнома юборилади ва талабгор тўловни амалга оширади.

Маълум қилинишича, аризани кўриб чиқиш учун 24 300 сўм миқдорида йиғим ундирилади. Шу билан бирга, ер участкасини хусусийлаштириш учун дифференциал тўлов ундирилади.

Мулкдорлар учун хусусийлаштириш тўлови ер участкасига ҳисобланган солиқ миқдорининг 20 баробари деб белгиланган. Масалан: агар фуқаро битта ҳовлига йилига 100 минг сўм солиқ тўласа (бунда мол-мулк солиғи қўшиб ҳисобланмайди, айнан ер участкасига тўланадиган солиққа нисбатан ҳисобланади), хусусийлаштириш учун 2 млн сўм тўлов амалга оширилади. Шундан сўнг ўша ер участкасига бўлган давлат ордери берилади. Ушбу ордер асосида кадастр органлари ер участкасига нисбатан мулк ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказишади.

Ҳар бир жисмоний ва юридик шахс ўзига тегишли бўлган ер участкасини фақат ўзигина сотиб олади. Бу аукционга қўйилмайди ва бошқа одам сотиб олиши ёки бошқа одамга ўтиб кетиши мумкин эмас.

Мавзуга оид