Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Сизранда Украина зарбаси оқибатида кўп қаватли уй подъезди қулади
Буви ва набираси ҳалок бўлган, яна 12 киши яраланган.
22 апрелга ўтар кечаси Украина дронларининг Самара области Сизран шаҳрига ҳужуми оқибатида тўрт қаватли уй подъезди вайрон бўлди.
Қутқарувчилар харобалар остидан икки кишининг жасадини топишган, ФВВ бу кекса ёшли аёл ва бола экани ҳақида хабар берган. Кейинроқ Mash телеграм-канали аниқлик киритиб, булар битта квартирада яшаган буви ва набира бўлганини маълум қилди. Яна 12 киши жароҳатланган, шундан уч нафари шифохонага ётқизилган.
Қутқарувчилар харобалар остидан яна тўрт кишини, жумладан, бир болани харобалар остидан тирик ҳолда чиқариб олишган. Уйдан жами 39 киши эвакуация қилинган, расмийлар улар учун вақтинчалик жойлаштириш пункти ташкил этишга ваъда берган. Ҳозирда қидирув ишлари якунланган.
РФ тергов қўмитаси теракт юзасидан жиноий иш очди. Идора маълумотига кўра, Сизранда жами 11 та дрон ҳужуми қайд этилган.
Mash ва Baza манбалари дронлардан яна бири ўн қаватли турар жой биносига бориб урилганини хабар қилган. Ушбу бинонинг олтинчи қаватидаги квартиралардан бирида ёнғин чиққан, шунингдек, дрон парчалари тушиши оқибатида иккита машина ёниб кетган. Жабрланганлар ҳақида хабар берилмаган.
Украинадаги айрим пабликлар дронлардан бири «Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими фаолияти» туфайли йўналишдан оғиб, турар жой биносига бориб урилганини ҳақида ёзган. Украина қуролли кучлари бош штаби ҳужум юзасидан изоҳ бермаган.
Astra телеграм-канали эътибор қаратишича, вайрон бўлган уй Сизран нефтни қайта ишлаш заводидан тахминан уч километр масофада жойлашган. Бу завод олдин бир неча бор Украина дронлари ҳужумига учраган, охиргиси 18 апрел куни қайд этилганди. Декабр ойида шундай ҳужумлардан биридан кейин завод нефтни қайта ишлашни тўлиқ тўхтатганди.
«Агентство» нашри қайд этишича, бу уруш бошидан буён Украина ҳужуми натижасида Россия ичкари ҳудудларида турар жой биноси қулаши билан боғлиқ илк ҳолат бўлди. Сизран шаҳридан РФ ва Украинанинг расмий чегарасигача бўлган масофа 700 километрдан ортиқни ташкил этади.
Мавзуга оид
13:51 / 22.04.2026
Туапседа Украина ҳужумидан кейин «нефт ёмғири» ёғди
09:41 / 22.04.2026
NYT: Киев Донбасс бўйича ғайриоддий таклиф билан чиққан
09:09 / 22.04.2026
Россияда барча “фронт учун” ишлаши керак — Путин
20:41 / 20.04.2026