Ўзбекистон | 16:42 / 08.03.2017
38577
6 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда экотуризмни ривожлантириш имкониятлари қандай?

Бугунги кунда илмий ва оммабоп адабиётлар, шунингдек, оммавий ахборот воситаларида экотуризмнинг ўрни ва аҳамиятини очиб беришга қаратилган кўплаб қарашлар олға сурилмоқда. Шу ўринда, “Ўзбекистон Республикасида экотуризмни ривожлантиришнинг аҳамияти нималардан иборат?” деган савол туғилади. Бунинг бир неча асослари бор: 

Биринчидан, халқаро мақомдаги ташкилот ва муассасаларнинг маълумотига кўра, кўпгина туризм турлари йилига ўртача 5 фоизга ортиб бораётган бўлса, экотуризм йилига ўртача 20-30 фоизга кўпайиб бормоқда. Кўпгина мутахассис ва тадқиқотчиларнинг илмий тажриба ва хулосалари шуни кўрсатмоқдаки, экотуризм туризмнинг янги ва ёш йўналиши бўлишига қарамасдан, оммалашуви бошқа туристик йўналишларга нисбатан 2-3 баробар жадал кечмоқда;

Иккинчидан, Ўзбекистонда туризмнинг тарихий туризм, диний туризм, маданий туризм каби турлари бўйича муайян ютуқ ва тажрибалар базаси шаклланди;

Учинчидан, айни пайтда Ўзбекистонда 800га яқин туризм фаолиятини кўрсатувчи туроператорлик фирмалари, 600га яқин меҳмонхоналар, 30дан ортиқ муҳофазага олинган ҳудуд (қўриқхона, миллий боғ, нодир табиат ёдгорликлари ва ҳ.к.)лар, 60 та ўрмон хўжаликлари, фаолият кўрсатмоқда. Шунингдек, Ўзбекистонда 400 дан ортиқ табиатнинг ноёб ёдгорликлари мавжуд.

Экотуризмни ривожлантиришдан кўзланган мақсад қуйидагилардан иборат: 

  • жаҳон туристик хизмат бозорида Ўзбекистоннинг экотуристик салоҳияти, табиий потенциали ва ресурсларини намойиш қилиш; 
  • ҳудудларнинг, айниқса табиатнинг, геотизимларнинг экотуристик ресурслари ва имкониятларинидан янада самарали фойдаланишга қаратилган илмий тадқиқотлар олиб боришни рағбатлантириш;
  • туризмни ривожлантиришда экотуризмнинг аҳамияти ва улушини ошириш; 
  • Ўзбекистонда жорий этилган туристик фаолиятда экотуристик хизматлар сифатини тубдан такомиллаштириш ва экотуристик хизматлар ҳажмини жадал ошириш; 
  • истиқболда экотуризмни ривожлантиришга қаратилган илмий, инновацион ва методик ишланмаларни яратиш; 

Ўзбекистоннинг туризм соҳасидаги ижобий қиёфасини шакллантиришда экотуризм ролини ошириш ва ҳ.к.

Ўзбекистон экотуристик ресурс ва имкониятларга жуда бой. Туроператорлик фирмалари томонидан “Тошкент-Чорвоқ-Тошкент”, “Тошкент-Билдирсой-Чимён-Тошкент”, “Тошкент-Зомин-Тошкент”, “Тошкент-Айдаркўл-Тошкент” каби маршрутларда ўтказилган экотурлар, чўл ҳудудлардаги туядаги сайр, нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунё туристларининг катта эътибор ва эътирофларига сазовор бўлмоқда. 

Таҳлилларга кўра, экотуризм хизматларини кўрсатаётган туроператорлик фирмалари асосан, Чимён-Чорвоқ рекреация зонаси доирасида фаолият кўрсатмоқда холос. Бироқ, Ўзбекистоннинг Ҳисор, Боботоғ, Кўҳитангтоғ (Сурхондарё), Чақчар (Қашқадарё), Нурота (Навоий-Жиззах), Зарафшон (Самарқанд), Туркистон (Жиззах), Олой (Фарғона), Қурама, Чотқол (Наманган) тоғлари, Қизилқум чўлидаги қолдиқ тоғлар, Қизилқум чўли, Орол денгизининг қуриган туби ва қодиқ шўр кўллар, Устюрт платоси, Борса келмас шўрхоги, Мингбулоқ ботиғи,   Айдаркўл, Денгизкўл, Амударё ва Сирдарё соҳилидаги тўқайлар, Мурунтов карьери ва табиатнинг ноёб ёдгорликлари бўйлаб мажмуали ва мавзули экотурлар ташкил этиш тўлақонли йўлга қўйилмаган.

Ўзбекистонда ўзига хос жозиба ва такрорланмас манзараларга бой бўлган спелеотуризм (ғор туризми) катта имкониятларга эга. Айни пайтда Ўзбекистонда 500дан ортиқ ғорлар бўлиб, маълумотларга кўра, етарли туристик инфратузилмага эга бўлмаганлиги сабабли уларнинг бирортасига ҳам экотурлар ташкил этилмаяпти. 

Ўзбекистон чўллари ва текислик ҳудларида бархан, дюна, тўқай, шўрхок, тақир, қудуқларни, шунингдек маҳаллий чўпонлар яшаш тарзини намоён қилувчи ўтовларни томоша қилишга қаратилган туя сайрини ташкил этиш катта имкониятларга эга.

Катта Чимён, Зомин, Чотқол, Кўксув, Писком, Туркистон, Ҳисор, Зарафшон, Олой,  Қурама, Нурота тоғларида пиёда, треккинг турларини ҳамда альпинизмни ташкил этишга табиий географик шарт-шароит мавжуд. Шунингдек, тоғлардан оқиб тушувчи кўплаб серостона ва шарқироқ дарё ва сойлар (Угам, Чотқол, Писком, Кўксув, Тўполондарё, Шохимардон, Сангзор, Зарафшон ва ҳ.к.)ларда  рафтинг туризмини ривожлантириш имкониятлари катта. 

Илмий тадқиқот муассасалари ва мутахассисларнинг маълумотларига кўра, бугунги кунда экотуризмнинг ривожланиш йўналишлари ва истиқболлари табиат қонуниятлари ва геотизимлар барқарорлиги билан боғлиқ ҳолда шаклланмоқда. 

Сўнги йилларда Ўзбекистонда экотуризмнинг илмий ва методологик асосларини очиб беришга қаратилган бир қатор илмий изланишлар олиб борилди, номзодлик ва магистрлик диссертациялари ҳимоя қилинди, илмий ва ўқув адабиётлар нашр қилинди. Анъанавий устоз-шогирд тизимида экотуризм ва ўлкашуносликнинг назарий жиҳатлари ўрганилди. 

Аммо, бу борадаги таҳлиллар экотуризм йўналишида табиатни, геотизимларни яхши биладиган, табиатда ва табиатнинг экстремал шароитларида гуруҳни бошқара оладиган, зурур бўлганда биринчи тиббий ёрдамни кўрсатиш малакасига эга бўлган бакалавр кадрлар тайёрлаш долзарблигини кўрсатмоқда. Сабаби, тарихий туризм, диний туризм, тиббиёт туризми, маданий туризм каби туризм турлари асосан шаҳар жойларда, туристик инфраструктура ва сервис объектлари етарли жойларда ўтказилса, экотурлар асосан табиат қўйнида ва геотизимларда олиб борилади, аксарият экотурлар экстремаллиги билан характерланади. 

 

Мавзуга оид