Жамият | 19:50 / 16.05.2017
76858
4 дақиқада ўқилади

Илк марта. Андижондаги киностудия долзарб мавзуда тўлиқ метражли фильм суратга олди

Андижондаги “Ором” студияси томонидан “Ким айбдор?” номли кинофильм суратга олиниб, шу кунларда марказий телевидение орқали кенг оммага тақдим этилиши кутилмоқда. Премьера олдидан асар сценарий муаллифи ва режиссёри Рафиқжон Исақов билан учрашдик.
 
- Рафиқжон кўп йиллардан бери водий телеканалларига муаллифлик видеокўрсатувлари тайёрлаб борасиз. Сизда кинофильм олиш ғояси қандай пайдо бўлди?

- Дарҳақиқат, узоқ йиллик фаолиятим давомида кўплаб, видеофильм, саҳналаштирилган туркум видеопостановка ва клипларни суратга олдим. Орзуим, инсонларни эзгуликка чорловчи кинофильм яратиш эди. Икки йил давомида ёшлар ҳаётини акс эттирувчи тарбиявий аҳамиятга эга сценарий ёзиш устида ишладим. 

Ҳозирги замон ёшларининг аксарияти билим олишга чанқоқ ва замонавий тафаккур эгаси бўлсада, минг афсуски, гуруч курмаксиз бўлмаганидек, улар орасида ёт ғоялар таъсирида ўз Ватанидан воз кечиб, сароб ғояларга эргашганлари ҳам учраб турибди. Ҳаётда кечаётган жараённи ўрганиб, ўзи билмаган ҳолда алданиб қолаётган ёшларга ибрат бўлувчи сценарийни битказдим. Кинофильм олишга бел боғлаб, вилоят ҳокимлигига мурожаат қилдим. Вилоят ҳокимлигидаги мутасадди кишилар қораламаларимни ўқиб чиқиб, долзарб мавзуга қўл урганлигимни билдиришди ва кинофильм олиш учун маблағ ва барча шарт-шароитларни яратиб берди. Бунинг учун уларга ўзимнинг миннатдорчилигимни билдириб ўтмоқчиман.  
    
- Киноасар мазмуни ҳақида тўхталиб ўтсангиз? 

- Фильмда ёшлар ўртасидаги муаммоли ҳолатлар тасвирга олинган бўлиб, Ватан туйғуси, миллий қадриятларимиз улуғланади. Шу билан биргаликда асарда ўткир сюжетли саҳналар ҳам мавжуд. Ёш келажаги порлоқ бўлган икки йигит жамоатчилик назаридан четда қолиб, пул ишлаш мақсадида чет элга чиқиб кетади, лекин уларга маблағ берувчи манфур кишиларнинг асл мақсади не эканлигини кеч англайди. Фильмнинг асл моҳияти - фарзанд тарбиясида ота-она, ўқув даргоҳлари, маҳалла, кенг жамоатчиликни ўрни катталиги ҳақидадир. Унда кечадиган барча саҳналарни эса экрандаги намойишда кўрган маъқул.  
  
- Фильмда ролларни ижро этган актёрлар ҳақида маълумот берсангиз?
  
- Томошабин экранда водийнинг таниқли театр актёрлари билан биргаликда ёш ижрочиларни ҳам кўради. Бош ролларни Андижон вилоят Бобур номли драма театрининг тажрибали актёр ҳамда актрисалари – Ҳосил Эгамбердиев, Мавлуда Бойматова ва Мурувват Қодировалар билан биргаликда, Равшан Рафиқов, Илҳом Мусаев, Маҳлиё Отабоева сингари ёш санъаткорлар ижро қилишган. 

      
Дубляж жараёни Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясида олиб борилди. Баҳриддин Мингбоев жараёнга бош-қош бўлдилар. Овоз режиссёрлари Алимардон Қиличев ва Нурбек Норхоновлар ҳам яқиндан ёрдам беришди. Овозлантиришда таниқли санъаткорлар Бекзод Муҳаммадкаримов, Барно Қодирова ва Ҳошим Арслоновлар иштирок этди. 

Ҳозирда, Ютубдаги “Ором” студияси каналига фильмдан олинган лавҳалардан иборат роликни жойлаштирдик. 

Кинофильмнинг премьераси шу кунларда Марказий телеканалларда бўлиб ўтади.  

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

- Суҳбат учун ташаккур!

Kun.uz мухбири Элмурод Эрматов суҳбатлашди

Мавзуга оид