«Филм суратга олиш тик жарликдан пастга тушиш дегани эмас, балки тоғ ёнбағирларидан юксакликка кўтарилишдир», деган эди буюк режиссёрлардан бири Алфред Хичкок. Аммо бугунги кунда суратга олинаётган аксарият «киноасар»лар жарликдан пастга қулаётганини ва йўқлик қаърида изсиз ғойиб бўлаётганини кўриш мумкин.

Қолаверса, бугун кино санъатидан мафкуравий-психологик қурол сифатида фойдаланилаётгани ҳам ҳеч кимга сир эмас.

Ўтган ҳафта Масс-медиа фонди раиси Комил Алламжонов аксарият телеканалларимизда асосан хориж сериаллари намойиш этилаётгани, миллий сериаллар эса деярли йўқ экани ҳақида фикр билдирди ва бу – бугун эътибор қаратилиши, ҳал қилиниши лозим бўлган муҳим масала эканини таъкидлади.

«…Сериаллар томошабин онгига тўғридан тўғри таъсир кўрсатувчи кучли восита ҳисобланади. Агар унинг меъёри бўлмаса, бу кетишда идеологик суверенитетимизни йўқотиб қўйишимиз ҳеч гап эмас», – дея ўз хавотирини билдирди фонд раиси.

Хўш, бу хавотир қанчалик ўринли? Хорижий сериаллар ўзбек аудиториясига қай даражада хавф солмоқда? Бу хавфнинг олдини олиш учун нима қилишимиз керак? Хорижий сериалларни кўриб «дийдаси қотган» авлод эртага ким бўлади?

Бошқа тарафдан, тақиқлар иш берадими? Ҳар томонлама сифатли миллий сериалларни яратиш учун олдимизда қандай тўсиқлар турибди? Жаҳон экранларига чиқа оладиган миллий сериалларни яратиш бизга нима беради? Бу вазифанинг уддаланиши давлатимиз иқтисодиёти ва имижига қандай ижобий таъсир ўтказиши мумкин?

Албатта, ушбу саволларнинг ҳар бири алоҳида мавзу. Уларнинг барчаси илмий ва амалий жиҳатдан асосланган тадқиқотларни, фикр-мулоҳазаларни талаб қилади. Бугунги мақоламизда эса кириш қисми сифатида турк сериалчилигига оид қатор муҳим маълумотларга эътибор қаратамиз.

Турк сериалларини «ётволиб» томоша қиладиган фақат бизми?

Отабек Тиллаев

Туркия ҳозирга келиб АҚШдан кейинги энг кўп сериал сотувчи иккинчи мамлакатга айланган.

Бугунги кунда турк сериаллари нафақат Ўзбекистонда, балки Ўрта Шарқдан Болқонгача, Африкадан Марказий Осиёгача, Узоқ Шарқ ва Жанубий Америкагача бўлган жуда катта жуғрофий миқёсда намойиш этилади.