Ўзбекистон | 17:23 / 21.04.2022
26359
3 дақиқада ўқилади

Нуротада “тоғ транспорти” – эшаклар даромад келтирмоқда

Қашқадарёда икки эркак эшакларни шафқатсиз калтаклагани ижтимоий тармоқларда кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди. Нурота туманининг Сентоб қишлоғида эса эшакларни ҳамон улов сифатида билишади ва бунинг ортидан даромад ҳам қилишмоқда. 

Сентоб Навоий вилоятининг туризм қишлоғи ҳисобланади. Тоғлар бағрида жойлашган ушбу қишлоқ сўлим табиати, кўплаб булоқлари, тошдан қурилган уйлари ва шаршаралари билан сайёҳларни ўзига жалб қилади.

Вилоят марказидан 180, туман марказидан 120 километр олисда жойлашган Сентобнинг энг диққатга сазовор жойи денгиз сатҳидан 1 644 метр баландликда, тоғлар устида жойлашган Фозилмон кўлидир. Қишлоқдан 18 километр олисда жойлашган кўлга машина ёки бошқа транспорт воситасида боришнинг имкони йўқ. Фозилмонга тоғ оралаб кетган сўқмоқ йўл орқали пиёда ёки эшакда бориб келиш мумкин. Бунинг учун бир кун вақт кетади.

Сентоб қишлоғида эшаги йўқ хонадон кам. Айримларда 3-4 тагача эшак бор. Қишлоққа сайёҳлар кела бошлагач, эшаклар даромад манбаига айланиб бормоқда.

Ҳозирги замонда техникалар ривожланган, лекин бизнинг қишлоқда эшак хизмати йўлга қўйилган. Ҳар бир хонадонимизда эшаклар бор. Улардан меҳмонларга тоғ йўлакларида хизмат кўрсатишда фойдаланамиз. Кўпчилик эшагини ижарага бериб ёки ўзи ҳам гид бўлиб сайёҳларга хизмат кўрсатади. Чет элдан келган меҳмонларга эшак миниш, эшакка юк ортиш жуда қизиқ”, — дейди Сентоб маҳалласи раиси Мурод Мирзаев.

Бу ерда деярли ҳар куни Германия, Франция, Испания, Италия, Голландия каби давлатлардан келган сайёҳларни учратиш мумкин. Улар Фозилмонга бориб келиш учун эшакларни ижарага олишади. Битта эшакнинг кунлик ижара ҳақи сайёҳ борадиган манзилга қараб 50 минг сўмдан 150 минг сўмгача бўлиши мумкин.

Тадбиркор, оилавий меҳмон уйи раҳбари Гулмурод Зарифуллаевнинг таъкидлашича, чет эллик сайёҳлар эшакка жуда меҳрибон муносабатда бўлишар экан:

Бизнинг энг яхши техникамиз – эшаклар. Сайёҳлар уларни ижарага олиб, Фозилмон кўлига чиқиб келишади. Қайтиб келгач, эшакка раҳмат айтиб, силаб қўйишади. Бундан ташқари, маҳаллий аҳоли ҳам кўплаб хўжалик ишларини бажаришда эшакдан фойдаланади”.

Сайёҳлар айнан эшак билан бориладиган тоғ маршрутларини кўпроқ танлашади. Шу сабабли, Сентобда “тоғ транспорти” ҳисобланган эшакларни ижарага бериш “бизнеси”и кундан-кунга ривожланмоқда.

Руслан Сабуров, Kun.uz мухбири

Монтаж устаси – Жаҳонгир Алибоев

Руслан Сабуров
Муаллиф Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид