Фуқароларнинг ҳарбий хизматни ўташ тартиби тўғрисидаги янги низом тасдиқланади
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Мудофаа вазирлигининг Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳарбий хизматни ўташ тартиби тўғрисидаги низом лойиҳаси жойлаштирилди.
Низомга кўра, ҳарбий хизматни ўташ қуйидагиларни ўз ичига олади:
муддатли ҳарбий хизматга чақириш ёки контракт бўйича ҳарбий хизматга кириш;
сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизматга олиш;
ҳарбий лавозимга тайинлаш ва уни бажариш;
ҳарбий унвон бериш;
ҳақиқий ҳарбий хизматдан бўшатиш;
резервдаги хизматга олиш;
ҳарбий хизматга мажбурларни истеъфога чиқариш;
Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида” ва “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари резервидаги хизмат тўғрисида”ги Қонунлари ҳамда ушбу Низомга мувофиқ ҳарбий хизматчиларнинг хизмат ва ижтимоий-ҳуқуқий мавқеини белгиловчи бошқа сабаблар (воқеалар).
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларига қуйидаги талаблар қўйилади:
муддатли ҳарбий хизмат ҳарбий хизматчилари эгаллаган лавозимлари бўйича ҳарбий мутахассисликни сифатли ўзлаштиришлари, ишониб топширилган қурол ва ҳарбий техникани ишлата билиш малакаси, мустаҳкам ҳаётий позиция, ватанпарварлик дунёқарашларига эга бўлишлари, руҳан, маънан ва жисмонан тетик бўлишлари, ҳарбий бурчни бажаришга ва мустақил ҳаётга тайёр бўлишлари зарур;
оддий аскарлар таркибидаги контракт бўйича ҳарбий хизматчилар муддатли ҳарбий хизматчиларига тааллуқли бўлган сифатларни эгаллаш билан бир қаторда, ҳарбий мутахассисликни чуқур ўзлаштиришлари, ўзаро боғлиқ мутахассисликларни ўрганишлари, турли шароитлар тақозо этган тақдирда жанговар вазифаларни бажариш учун ишониб топширилган қурол ва ҳарбий техникани қўллаш малакаларини мустаҳкам эгаллашлари лозим;
сержантлар таркибидаги контракт бўйича ҳарбий хизматчилар маънан етук, ҳарбий бурчни бажаришга руҳан тайёр бўлишлари, ҳарбий мутахассисликни мукаммал билишлари, қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникадан фойдалана билишлари ва уни асраб-авайлашлари керак. Сержантлар таркибидаги ҳарбий хизматчиларга бўлинмаларда юксак жанговар кайфият, соғлом маънавий-руҳий шароит яратиш, қўл остидаги ҳарбий хизматчиларда Ватанга содиқлик ва ватанпарварлик ҳиссиётларини доимий равишда тарбиялаб бориш, уларни ҳарбий мутахассисликларга ва зарурий малакаларни ҳосил қилишга ўргатиш вазифалари юклатилади;
офицерлар таркибидаги контракт бўйича ҳарбий хизматчилар Ватанга содиқ, ҳарбий бўлинмаларга командирлик (раҳбарлик) қилиш, мураккаб вазиятларда оператив ориентирланиш ва мустақил ҳаракат қилиш, ностандарт қарорларни қабул қилиш, бўйсунувчиларини жанговар-хизмат вазифаларни бажаришга шахсий намунаси билан йўналтиришга қодир, ҳарбий ишга оид чуқур билимлар, юксак маънавий-ахлоқий сифатлар, кенг дунёқараш, интеллект, яхши ташаббускорлик қобилиятига эга ҳамда ишониб топширилган қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникадан тўғри фойдалана биладиган командир (раҳбар) ҳамда мутахассис бўлишлари зарур.
Ўзбекистон Республикасининг Қонунига мувофиқ қуйидаги ҳарбий хизмат турлари жорий этилган:
муддатли ҳарбий хизмат;
сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизмат;
контракт бўйича ҳарбий хизмат;
Қуролли Кучлар сафида ҳарбий хизматни ўтаган резервчилар хизмати.
Муддатли ҳарбий хизмат – чақирилиш ёшидаги фуқароларнинг оддий аскарлар, шунингдек муқаддам ҳарбий хизматни ўтамаган офицерларнинг Қонун ҳужжатларида белгиланган муддат мобайнида Қуролли Кучлар сафидаги мажбурий хизматидир.
Сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизмат – муддатли ҳарбий хизматни ўташга яроқли ҳамда чақирилиш муддатини кечиктириш ва чақирилишдан озод этилиш ҳуқуқига эга бўлмаган, бироқ Қуролли Кучлар сафига навбатдаги муддатга чақирилмаган шахслар ўтайдиган ҳарбий хизмат туридир. Ўзбекистон Республикаси фуқароларини сафарбарлик чақируви резервига олиш Ўзбекистон Республикаси фуқаролари сафарбарлик чақируви резервида хизматни ўташ тартиби ҳақидаги низомга мувофиқ амалга оширилади.
Контакт бўйича ҳарбий хизмат – Қуролли Кучлар сафидаги ҳақиқий ҳарбий хизматга ихтиёрийлик асосида вазирлик орқали давлат билан тузиладиган контрактга биноан кирган, фуқаролар ўтайдиган ҳарбий хизмат туридир.
Резервчилар хизмати – ҳақиқий ҳарбий хизматни, шунингдек сафарбарлик чақируви резервидаги хизматни ўтаган оддий аскарлар, сержантлар ва офицерлар жумласидан бўлган ҳарбий хизматга мажбурлар учун Қуролли Кучларнинг қўшинлари, қисмлари ва бўлинмалари сафини уруш даврида тақозо этиладиган штатлар даражасига қадар тўлдириш, шунингдек, уруш даври тақозо этадиган тузилмаларни кучайтириш мақсадида умумий ҳарбий мажбурият асосида жорий этиладиган ҳарбий хизмат туридир.
Ҳақиқий ҳарбий хизматда бўлишнинг бошланиши деб:
а) ҳарбий хизматга чақирилган чақирилувчилар ва захирадаги офицерлар учун – ҳарбий қисмга жўнаш мақсадида мудофаа ишлари органида ҳозир бўлган кун;
б) контракт бўйича ҳарбий хизматга кирганлар учун – ҳарбий хизматни ўташ тўғрисидаги контракт кучга кирган кун;
в) вазирликларнинг олий ҳарбий таълим муассасаларига ҳамда ўқиш ҳарбий хизматга тенглаштирилган таълим муассасаларига ўқишга кирган чақирилувчилар ва ҳарбий хизматга мажбурлар учун – тегишли таълим муассасасига ўқишга қабул қилинган кун;
г) Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан ҳарбий лавозимга тайинланган шахслар учун – тегишли фармон, қарор ёки фармойиш имзоланган кун ҳисобланади
Ҳақиқий ҳарбий хизмат муддатлари календар ҳисобида:
а) муддатли ҳарбий хизматни оддий аскарлар ва офицерлар лавозимларида ўтаётган ҳарбий хизматчилар учун – ўн икки ой;
б) контракт бўйича ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчилар учун – контрактда кўрсатилган муддат қилиб белгиланади.
Резервдаги ҳарбий хизматга мажбурлар ва сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга олинган фуқаролар ҳарбий йиғинлар ўтказилаётган даврда ҳақиқий ҳарбий хизматни ўтайдилар.
Фуқароларга контракт бўйича ҳарбий хизматга чақирилганидан (олинганидан) сўнг, шунингдек олий ҳарбий таълим муассасалари курсантлари ва олий таълим муассасалари ҳарбий тайёргарлик курсларида ўқишни тугатган талабаларга олий таълим муассасани битирганидан сўнг шахсий рақам, белгиланган намунадаги жетонлар ва шахсни тасдиқловчи гувоҳномалар берилади.
Ҳақиқий ҳарбий хизматнинг тугаши деб ҳисобланади:
контракт муддати тугаши муносабати билан бўшатилаётган контракт бўйича ҳарбий хизматчилар учун – контракт билан назарда тутилган унинг ҳарбий хизмати тугаган кун, Қонунда ва ушбу Низомда белгиланган ҳоллар бундан мустасно;
контракт муддати тугамасдан ҳарбий хизматдан бўшатилаётган контракт бўйича ҳарбий хизматчилар учун – ҳарбий хизматчини ҳарбий қисм шахсий таркиби рўйхатидан ўчирилган кун;
муддатли ҳарбий хизматчилар учун – ҳарбий хизматчини ҳарбий қисм шахсий таркиби рўйхатидан ўчирилган кун;
Календарь ҳисобида ўн йилдан кам хизмат қилмаган офицерлар таркибидаги контракт бўйича ҳарбий хизматчиларга ҳарбий хизматдан бўшатилаётганда:
олий таълим муассасасининг кундузги бўлимидаги бир ой ўқиш муддати бир ой хизмат муддати сифатида ҳақиқий ҳарбий хизмат муддатига қўшиб ҳисобланади;
ҳарбий хизматга чақирилаётган (олинаётган) вақтдаги ихтисослигига мувофиқ келадиган лавозимлардаги бир ойлик иш стажи бир ойлик хизмат ҳисобида ҳақиқий ҳарбий хизмат муддатига қўшиб ҳисобланади.
Ички ишлар вазирлиги, божхона ва солиқ қўмиталари, прокуратура ва адлия органларининг махсус унвонига эга фуқаро контракт бўйича ҳарбий хизматга кирганида унинг махсус унвонда хизмат қилиш даври ҳақиқий ҳарбий хизмат муддатига қўшиб ҳисобланади.
Ҳарбий хизматчиларнинг ҳарбий хизмат муддатига қуйидагилар қўшиб ҳисобланмайди (ушбу Низомнинг 20-бандида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно):
а) ҳарбий хизматчининг интизомий ҳарбий қисмдаги бўлиш даври;
б) жиноятнинг олдини олиш чораси сифатида қамоқда ушлаб турилган даври, кейинчалик эса суднинг айблов ҳукми чиққан ҳарбий хизматчига нисбатан;
в) хизмат бўйича чеклов кўринишидаги таъзир муддатини ўташ даври.
Муддатли ҳарбий хизматга ўн саккиз ёшдан йигирма етти ёшгача бўлган, саломатлигига кўра Қуролли Кучлар сафида ҳарбий хизматни ўташга яроқли эркак фуқаролар, шунингдек, илгари ҳақиқий ҳарбий хизматни ўтамаган офицерлар чақириладилар.
Фуқароларни чақириш, йиғиш ва уларни муддатли ҳарбий хизматга жўнатиш ва ҳарбий қисмларда қабул қилиш тартиби қонунчилик билан белгиланади.
Муддатли ҳарбий хизматга чақирилиш муддатини кечиктириш ёки озод этилиш ҳуқуқига эга бўлмаган чақирилувчилар “Тинчлик ва уруш даврида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисида”ги Низомга мувофиқ тиббий кўрикдан ўтадилар. Чақирилувчининг тиббий кўрик натижаларига мувофиқ туман (шаҳар) чақирув комиссияси муддатли ҳарбий хизматга чақириш тўғрисида қарор қабул қилади.
Муддатли ҳарбий хизматга чақирилган фуқаролар мудофаа ишлари бўлимлари томонидан вилоят йиғув пунктларига юбориладилар, у ердан улар ҳарбий қисмлар вакиллари ҳамроҳлигида ҳарбий хизмат жойига жўнайдилар.
Хизмат жойига келишлари билан улар қисм шахсий таркиби рўйхатига киритиладилар, лавозимларга тайинланадилар ва барча таъминот турларига қўйиладилар.
Муддатли ҳарбий хизматни, сафарбарлик чақирув резервидаги хизматни ёки контракт бўйича ҳарбий хизматни ўтамаган ва Қонуннинг 21-моддасига мувофиқ чақириш муддатини кечиктириш асосларига эга бўлмаган 40 ёшгача бўлган захирадаги офицерлар тинчлик даврида Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазирининг буйруғига биноан офицерлар таркиби лавозимларида муддатли ҳарбий хизматни ўташ учун чақирилишлари мумкин.
Муддатли ҳарбий хизматга чақирилиш муддатини кечиктириш ёки чақирилишдан озод этилиш ҳуқуқига эга бўлмаган захирадаги офицерлар тиббий кўрик тўғрисидаги Низомга мувофиқ тиббий кўрикдан ўтказиладилар. Тиббий кўрик натижаларига кўра ҳарбий хизматга яроқли деб топилган номзодларга мудофаа ишлари бўлими томонидан уларнинг шахсий ҳужжатлари йиғмажилдлари ва бошқа зарур ҳужжатлари расмийлаштирилади ва улар тобе бўлган мудофаа ишлари бошқармаларига юборилади.
Мудофаа ишлари бошқармалари номзодларнинг ҳужжатларини ўрганиб чиқиб қарор қабул қилиш учун юқори турувчи кадрлар органларига тақдим этади.
Захирадаги офицерни ҳақиқий хизматга чақириш тўғрисидаги буйруқдан кўчирмага асосан мудофаа ишлари бўлими офицерга ҳарбий қисм ва унга келиш муддатлари кўрсатилган йўлланмани тақдим этади (зарурат туғилганда ҳарбий ташиш ҳужжатлари билан таъминлайди).
Муддатли ҳарбий хизматга чақирилган захирадаги офицер йўлланмага мувофиқ ҳарбий қисмга келади, қисм командири буйруғига биноан шахсий таркиб рўйхатига киритилади ва таъминотнинг барча турларига қўйилади.
Муддатли ҳарбий хизматга чақирилган захирадаги офицерлар уни ўтаётганларида барча мажбуриятларни бажарадилар ва ушбу Низомда назарда тутилган томонларни ҳисобга олган ҳолда контракт бўйича ҳарбий хизматчилар билан тенг равишда барча ҳуқуқ, имтиёз ва таъминот турларидан фойдаланадилар.
Контракт бўйича ҳарбий хизматчилар Қуролли Кучларнинг профессионал қисмини ташкил этадилар ва қўшилмалар, қисмлар ва бўлинмаларнинг жанговар шайлигини белгилаб берадилар.
Ҳарбий хизмат талабларига жавоб берувчи қуйидаги фуқаролар контракт бўйича ҳарбий хизматга олинадилар:
а) ўттиз ёшгача бўлган ҳарбий хизматга мажбурлар ва аёллар ҳамда муддатли ҳарбий хизматни ўтаганлар – оддий аскарлар таркиби лавозимларига;
б) муқаддам контракт бўйича ҳарбий хизматни ўтаган оддий аскарлар ва сержантлар таркибидаги қирқ ёшгача бўлган ҳарбий хизматга мажбурлар – оддий аскарлар ва сержантлар таркиби лавозимларига;
в) муддатли ҳарбий хизматни ёки сафарбарлик чақируви резервидаги хизматни ўтаган ва олий маълумотга эга ўттиз ёшгача бўлган ҳарбий хизматга мажбурлар – оддий аскарлар, сержантлар ва офицерлар таркиби лавозимларига;
г) ўн етти ёшдан йигирма уч ёшгача бўлган фуқаролар, шу жумладан ўқишга қабул қилинган йили ўн етти ёшга тўладиган фуқаролар, шунингдек ҳарбий таълим муассасаларида ўқиш истагини билдирган, офицерлар таркиби ҳарбий унвонларига эга бўлмаган, ўн саккиз ёшдан йигирма беш ёшгача бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳарбий хизматга мажбурлар – олий ҳарбий таълим муассасаларининг курсантлари лавозимларига;
д) қирқ ёшгача бўлган резервдаги ва захирадаги офицерлар – офицерлар таркиби лавозимларига ҳарбий хизматга кирадилар.
Мавзуга оид
23:41 / 03.12.2024
Европа Иттифоқининг яна бир давлати мажбурий ҳарбий хизматни қайта тиклаши мумкин
20:38 / 30.09.2024
Путин ҳарбий хизматга чақириш ҳақидаги қарорни имзолади. Армияга 133 минг россиялик олиб кетилади
14:31 / 22.08.2024
Ғарб давлатлари ҳарбий хизматга мажбур украиналик эркакларни қайтаришда Киевга ёрдам бермайди
18:32 / 13.08.2024