Жаҳон | 11:49 / 01.03.2020
86489
7 дақиқада ўқилади

Эрдўған Путинга: «Қаршимиздан чекининг ва бизни режим билан холи қўйинг»

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Идлибда 34 аскар шаҳид бўлган ҳужумдан сўнг Россия президенти Владимир Путин билан кечган мулоқоти ҳақида сўз очди. У Сурия масаласи Туркия учун асло бир саргузашт ёки чегараларни кенгайтиришга бўлган уриниш эмаслиги, қочқинлар масаласида Туркиянинг эшикларини очиш қарори қатъий экани, Европа Иттифоқи берган ваъдасининг устидан чиқиши лозимлигини таъкидлаган.

Фото: YeniKalem

Адолат ва тараққиёт партиясининг Истанбулдаги депутатлари йиғилишида сўзга чиққан президент Ражаб Тоййиб Эрдўған Туркиянинг чегараларни очиб юбориш қарорига урғу берар экан шундай деди: «Кеча нима қилдик, эшикларни очиб юбордик. Бугун тонгдаги ҳолатга кўра, чегарадан кесиб ўтганлар сони 18 мингни ташкил қилди, уларнинг сони бугун 25 минг бўлиши мумкин. Биз бундан кейин ҳам эшикларни ёпмаймиз. Европа Иттифоқи ваъдасида туриши керак». 

HABERTURK.COM

Эрдўғаннинг нутқидан келиб чиқувчи сатрбошилар қуйидагича:

«Сурия масаласи бир саргузаштталаблик иддаоси эмас»

«Сурия масаласи Туркия учун асло бир саргузаштталаблик ёки чегараларни кенгайтиришга бўлган уриниш эмас. Биз сиёсий доираларда ва оммавий ахборот воситаларида мамлакатимизнинг Сурияда олиб бораётган курашининг моҳиятини ҳали ҳам тушунмаётганлар борлигини кўрмоқдамиз.

Қаршимиздаги манзара ғоят аниқ ва равшан. Туркия 40 йил давомида тафриқачи террор ташкилоти томонидан энергияси ғорат қилинган бир ўлка сифатида яшади. Биз буни ўзгартириш учун кўплаб усулларини синаб кўрдик.

Демократлаштиришдан тортиб, то йирик инфратузилма сармояларига қадар узанган бу одимларда ижобий натижаларга эришдик. Қолоқлик муаммоларини ҳал этиб, Туркияни бўлинмас бир бутун ҳолатга келтирдик. …бош-кети узилмаган ички ва ташқи муаммоларга дуч келдик. Миллатимиз ўйинларни кўрди ва ёнимизда турди.

Албатта, биз бадаллар тўладик, мақсадларимизга етишишда қийинчиликларга учрадик, аммо биз ҳеч қачон мамлакатимиз оёқости қилинишига изн бермадик. 15 июль – Туркияни чўктиришга бўлган уринишнинг чўққиси эди. Бундан бир иш чиқмагач, жанубий сарҳадларимиз бўйлаб ўлкамизни қуршаб олишга ҳаракат қилдилар.

Улар Базми Алем Валиде масжидини уч кеча-ю уч кундуз ишғол қилдилар. У ердан пиво шишалари ва қутиларини йиғдик. Шунча воқеа содир бўлгани ҳолда, гўё бу ватанни севишини иддао қилганлар асосий муҳолифат боши ёшларни ойдинлик раҳбари сифатида эълон қилишди. Булар ойдинлик эмас, алданган ёшлардир».

Идлиб масаласи

«Идлиб масаласи мамлакатимизни фарқли бир тарзда бурчакка тираш ва бошқа ютуқларни қўлимиздан тортиб олиш учун қўзғатилган мавзу сифатида қаршимизга келди. Ҳозир 4 миллион одам чегара томон ҳаракатланмоқда. Биз буларнинг барчаси учун хавфсиз ҳудуд яратиш устида ишлаяпмиз. Бир томондан, Атме лагерида тирбандлик бор, бошқа томондан, биз янада қулай турар-жой ҳудудини яратайлик, деяпмиз».

Меркел билан диалог

«Меркелга дедимки, қаранг, шундай бир вазият бор. Менга ваъда бергандингиз. Бу ерга келинг ва дастак беринг, уддасидан чиқайлик. Тортиша-тортиша кўпи билан 25 миллион евро бераман, деди. У пулни «Қизил Хоч»га беришини, у ердан эса «Қизил ярим ой»га ўтказилишини айтди. Дедики, бу рақам БМТнинг қочқинлар бўйича идорасига бориши керак. У ердан «Қизил Хоч»га, кейин «Қизил ярим ой»га боради. Албатта, бундай нарса юз бермади.

Мен канцлерга қўнғироқ қилдим. У пул тайёрлигини айтди. Жўнатадиган бўлсангиз, бу пулни тўғридан тўғри бизга жўнатинг ёки мен бу қочоқларни сизга жўнатай-да, 100 миллион евро берай», дедим.

Ишониш мумкин эмас. Биз ўз киндигимизни ўзимиз кесишга мажбурмиз. Раббим баракатини берсин, иншаллоҳ. Бу ишларни биз шундай юритяпмиз, юритажакмиз.

Биз иммиграциянинг янги тўлқинини кўтаришга қодир эмасмиз. Қолаверса, биз миллионлаб одамларни режимнинг раҳм-шафқатига шундоқ ташлаб қўймоқчи ҳам эмасмиз. Биз у ерга Асад меҳмони сифатида эмас, балки Сурия халқининг меҳмони сифатида бордик. Сурия халқи: «Бу иш ҳал бўлди», демай туриб, у ерни тарк этиш ниятимиз йўқ».

Айни вақтда Туркия ўн минглаб қочқинлар учун Европа Иттифоқи чегараларини очиб юборган / Reuters

Путин ва Трамп билан мулоқот

«Путинга «Сизнинг у ерда нима ишингиз бор? Қаршимиздан чекилинг, бизни режим билан холи қўйинг», – дедим

Улар эса чекилдик, дея олмаяптилар. Манфаатлари нима? Ишонинг, буни ҳал қила олмаяпмиз. Масала база қуриш бўлса, майли қуринг, бундан ташвишланишга ҳожат йўқ.

Трамп «Путин бу ерда нимани кутмоқда?», деб сўраяпти. Мен уларнинг Қамишлида нефть билан боғлиқ дарди борлигини айтдим. «У ерда нефть борми?» деди. Бор, лекин Дейризор қадар эмаслигини айтдим. Бизнинг бундай дардимиз йўқ.

Идлибда ҳамма жойни шафқатсизларча йўқ қилишди. Ушбу курашни Идлибда давом эттиришимиз кераклигининг сабаби – одамларнинг бошига тушган фалокатдир. Муаммони фақат Идлиб мисолида кўриб чиқиш нотўғри бўлиши мумкин. Туркиянинг Сурия масаласидаги сиёсатига боқиш керак.

Агар бугун чегараларимизни терроризмдан тозаламасак, эртага қаршимиздан чиқадиган манзара аниқ. Бугун биз Идлиб, Қамишли, Расулайнда қилмаган жангимизни эртага, Худо асрасин, Ширноқда, Мардинда, Ҳатайда қилишимизга тўғри келади. Асл нишон Сурия эмас, Туркиядир. Бугун Сурияни учга бўлиб юборганларнинг эртага Туркия ҳудудий яхлитлигига нисбатан ҳурмат бажо келтиришини хаёл қилиш – ғафлатдир. Бугун биргина Сурияда етиштирилган террорчилар сони 40 минг билан 60 минг орасида. Қолаверса, Сурияда кўзлари бизнинг тупроқларимизда эканини инкор этмайдиган бир режим бор экан, қандай қилиб биз бу ерда тинч яшай оламиз.

... «Туркиянинг Сурия билан нима иши бор?» саволи, аслида, Туркия террор ташкилотига ва душман режимга таслим бўлиши керак, деган гап билан баробардир».

Мавзуга оид