Жамият | 09:51 / 05.11.2024
11144
3 дақиқада ўқилади

Деҳқонобод тумани ҳокими ўринбосари тезкор тадбирда қўлга олинди

Ҳоким ўринбосари Қорашина шаҳарчасини ободонлаштириш доирасида қурилган объектни фойдаланишга қабул қилиш далолатномасига имзо қўйиш эвазига туман ҳокимлиги биноси ёнида 5 минг доллар олган вақтида ушланган. Навоий ва Андижон вилоятларида эса ҳоким ёрдамчиларининг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилди.

Фото: Видеодан кадр

Қашқадарё вилояти Деҳқонобод тумани ҳокими ўринбосари тезкор тадбирда ушланди.

ДХХнинг Қашқадарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг ҳудудий бошқармаси билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Унда Деҳқонобод тумани ҳокимининг ўринбосари тумандаги Қорашина шаҳарчасини ободонлаштириш доирасида қурилган объектни фойдаланишга қабул қилиш далолатномасига имзо қўйиш эвазига туман ҳокимлигининг маъмурий биноси ёнида 5 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, мазкур объектдаги камчиликларни солиштирма далолатнома расмийлаштириш йўли билан бартараф этиб бериш эвазига 15 млн сўм олган вақтида Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати инжиниринг компанияси» давлат унитар корхонаси етакчи мутахассиси ҳам ушланган.

Ҳозирда ҳоким ўринбосари ҳамда давлат унитар корхонасининг етакчи мутахассисига нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми «в» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.

ДХХнинг Навоий вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан департаментнинг ҳудудий бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда эса Навоий шаҳрида фаолият юритувчи МЧЖ раҳбари фуқарога Хатирчи туманидаги маҳалла фуқаролар йиғинларидан бирининг ҳоким ёрдамчиси тавсияномаси асосида банкдан 100 млн сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағи олиб бериш эвазига 20 млн сўм олган вақтида ушланган.

Тезкор тадбир давом эттирилиб, муқаддам судланган ҳоким ёрдамчиси ўз хизмати учун 10 млн сўм ҳамда Хатирчи туманидаги акциядорлик тижорат банки мутахассиси эса тегишли ҳужжатларни тайёрлаб, кредит маблағи ажратиб бериш эвазига 2 млн сўм олган вақтларида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 168 ва 211-моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, ДХХнинг Андижон вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан департамент ҳамда вилоят ИИБ билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Шаҳрихон туманидаги маҳалла фуқаролар йиғинларидан бирининг ҳоким ёрдамчиси ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда, тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган фуқарога банкдан 100 млн сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағи ажратилишида ёрдам бериш эвазига 9 млн сўм олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Ҳозирда ҳоким ёрдамчисига нисбатан Жиноят кодексининг 168 ва 214-моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.

Мавзуга оид