Ўзбекистон | 20:24 / 16.07.2023
19889
14 дақиқада ўқилади

Ҳарбий автомобиллар кузовининг тепа қисми нега овал шаклда чиқарилади? – “Заковат”нинг ёзги мавсум иккинчи ўйинидан репортаж

Қорақалпоқ шоири Ибройим Юсупов нимани массагет қўшинига ўхшатган? Жалолиддин Румий ишқ билан севгининг фарқи ҳақидаги саволга қандай жавоб берган? – “Заковат” телеўйини ёзги мавсумининг илк ўйинида Зафар Раҳимов жамоаси иштирок этди.

Фото: Заковат интеллектуал клуби

Жамоа аъзолари (чапдан ўнгга):

Сухроб Шарипов - иқтисодчи;

Бобур Максимов - ҳуқуқшунос

Умид Валиев - банк ходими;

Зафар Раҳимов - бухгалтер (жамоа сардори);

Сардор Аҳмедов - савдо менежери;

Жамшид Адилов - тарихчи.

Тажрибали Зафар Раҳимов жамоаси 2023 йилнинг ёзги мавсуми иккинчи ўйинида иштирок этади.

Ўйинни тасвирга олиш жараёнидан лавҳалар

1-раунд саволи бир соҳа кишилари оёқларини чалиштириб ўтиришлари ҳақида бўлди. 1-савол жамоага бироз қийинлик қилди ва ҳисоб телетомошабинлар фойдасига очилди – 0:1.

Жамоа аъзоси Сардор Аҳмедов

2-раундда XX аср бошларидаги Англияда нимани қушларни заҳарлайди, сигирларнинг сутини қочиради ва экинларга ўт кетишига сабабчи бўлади, деб таърифлашгани ҳақида бўлди. Бу раундни ҳам жамоа ўйинга киришиб олиш жараёнида бой берди. Ҳисоб – 0:2.

Жамоа аъзоси Умид Валиев

3-раунд саволи ҳарбий автомобиллар кузовининг тепа қисми нега овал шаклда қилиниши ҳақида бўлди. Бу саволга ҳам жамоа тўғри жавоб топа олмади. Ҳисоб – 0:3.

Жамоа аъзоси Жамшид Адилов

Навбатдаги раунд саволи Лев Толстойнинг “Анна Каренина” асаридан бўлди. Ушбу саволга жамоанинг энг олди ўйинчиларидан бири Бобур Максимов тўғри жавоб бериб, жамоасига илк очкони олиб келди. Ҳисоб – 1:3.

5-раундда Жалолиддин Румий ва шогирдлари ўртасида ишқ ва севгининг фарқи бўйича суҳбат ҳақидаги савол ўйналди. Жамоа Румийнинг ишқ ва севги ҳақидаги таърифига етиб бора олмади. Ҳисоб – 1:4.

Кейинги раундда ўзбек рассоми Шуҳрат Маҳкамов чизган бир картина кўрсатилиб, картина кимга бағишлангани сўралди. Қийин аҳволда қолган жамоа ушбу саволда клуб ёрдами олишни мақсад қилди. Бироқ клуб ёрдамида айтилган вариантлар орасида тўғриси ҳам янграган бўлса-да, жамоа нотўғри вариантга тўхталди. Шундай қилиб, ҳисоб жар ёқсига келиб қолди – 1:5.

7-раундда Саъдий Шерозийнинг асарида яхши дўст ва ёмон дўстга ўхшатилган буюмлар ҳақидаги савол тушди. Жамоа сардори Зафар Раҳимов ушбу саволга тўғри жавоб бериб, жамоани мағлубиятдан қутқариб қолди. Ҳисоб – 2:5.

Жамоа сардори Зафар Раҳимов

Кейинги раундда ҳам жамоа ишончли ҳаракат қилиб, топишмоқлар мавзусидаги блицни ўз фойдасига ҳал қилди ва ҳисобни 3:5 кўринишига келтирди. Ушбу раундда айниқса, блицнинг нисбатан қийинроқ бўлган 3-саволига тўғри жавоб топган Сухроб Шариповнинг хизматларини эътироф этиш зарур.

Жамоа аъзоси Сухроб Шарипов

9-раундда жамоа яна бир муҳим очкони қўлга киритиб, ва-банк раунди сари яна бир қадам ташлади. 1985 йилги бир мультфильм ва унинг 2011 йилги ремейки ҳақидаги саволни жамоа қийинчиликсиз топди ва ҳисобни 4:5 кўринишига келтирди.

Кетма-кет тўғри жавоблар бериб келган жамоа 1:5 ҳисобидан 4:5га ҳам етиб келди. Энди жамоа яна бир саволга тўғри жавоб берса, ва-банк раундини ўйнаш имконига эга бўлади.

10-раундда шоир Ибройим Юсупов қайси ўсимликни массагет қўшинига ўхшатгани ҳақида савол ўйналди. Бир дақиқа давомида иккита вариантдан қайси бирини беришга қийналган жамоа якунда тўғрисини танлай олди. Ҳисоб 5:5.

Ниҳоят жамоа узоқ кутилган 11-раундга етиб келди ҳамда ва-банк раундини танлади. Ўйин столида фақат Бобур Максимов қолди. Агарда у тўғри жавоб топса, жамоа 6:0 ҳисобида ғалаба қозонади ва мавсум финалига чиқишга яққол даъвогар бўлиб олади, аксинча бўлса, у ҳолда жамоани 0:6 ҳисобидаги мағлубият кутиб турибди.

Сўнгги раундда ёш рассом Олим Муҳаммадалиев қаламига мансуб, қишлоқ ҳаётини акс эттирувчи сурат асосида тузилган савол ўйналди. Бобур Максимов саволнинг жавобига жуда яқин келган бўлса-да, афсуски, бироз бошқача жавоб берди. Ўйинда клуб манфаатини ҳимоя қилувчи вакил Умид Наримов Бобур Максимовнинг жавоби мантиқан тўғрилиги ва уни қабул қилиш кераклигини билдирган бўлса-да, бошловчи ва магистрларнинг фикрлари бироз бошқача бўлиб чиқди ва якунда жамоанинг жавоби нотўғри деб топилди.

Клуб манфаатини ҳимоя қилувчи вакил Умид Наримов

Шундай қилиб, биринчи ярмида мухлислар устунлигида, иккинчи ярмида эса билимдонлар устунлигида ўтган чиройли ўйин якунда телетомошабинлар фойдасига ҳал бўлди. Илк ўйиндаги 6:1 ҳисобидан сўнг қолган 3 та жамоа ҳам катта эҳтимол билан ва-банк раундига мурожаат қилади.

Ўйин стенограммаси билан қуйида танишиб чиқишингиз мумкин.

1-раунд. Савол муаллифи: Маҳмуд Шомуродов, Хоразм вилояти, Урганч шаҳри

Бошловчи: Эътиборингизни ходимимизнинг ўтиришига қаратинг.

Инсон шу кўринишда маза қилиб ўтиради. Улар кўпинча иш жойларида шу кўринишда ўтиришади. Бу ҳолатда ўтирганда, мушаклар бутунлай бўшашади. Айнан шу "бўшашиш" уларга керак. Шундан бу кўринишда ўтиришни "Улар" усули дейишади.

Диққат савол: Қайси соҳа кишилари ҳордиқ олишни ёқтиришади ва нега бу кўринишда ўтириш уларга керак?

Жавобни Сардор Аҳмедов беради: Бизнинг фикримизча, улар - сухандонлар. Балки, узоқ вақт давом этадиган эфир олиб борганда, шунақа усул улар учун ўзини яхши ҳис қилишига ёрдам бериши мумкин.

Тўғри жавоб: Мушаклар бўшашганда, чалкаштириб ўтирган оёқлар пастга тушиб кетади. Тепадаги оёқни тушиб кетиши уларни уйғотиб туради. Чунки, улар постда ухламаслиги керак. Бу усулни "Қоровуллар усули" дейишади.

Ҳисоб: 0 - 1️

Савол муаллифи Маҳмуд Шомуродов 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

2-раунд. Савол муаллифи: Шуҳрат Рустамов, Қамаши тумани, Қашқадарё вилояти

Бошловчи: ХХ аср бошларига келиб, Англиядаги газеталар У ни ёмонлаб ёза бошлашди. Гарчи ундан инсон тараққиётига катта фойда бўлётган бўлса-да, аҳоли ундан норози. Нега деса, қушлар заҳарланмоқда, сигирларнинг сути қочяпти, далада экинларга ўт кетмоқда.

Диққат савол: Нимадан фермерлар норози бўлишган?

Жавобни Умид Валиев беради: Бизнинг фикримизча, Англия ҳудудларини электрлаштириш ушбу саволдаги ҳолатларни келтириб чиқарган.

Тўғри жавоб: ХХ аср бошларига келиб, улар ўша пайтда кўмир билан юрган, кўмир билан ҳаракатланган. Демак, улардан чиққан тутун қушларни заҳарлаган, сигирлар унинг ҳидидан қочиб сутлари қочган ва далада экинларга ўт кетган. Чунки, поезд йўллари қоқ даланинг ўртасидан ўтарди.

Ҳисоб: 0️ - 2️

Савол муаллифи Шуҳрат Рустамов 2 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

3-раунд. Савол муаллифи: Гулчеҳра Ваҳобова, Мирзо Улуғбек тумани, Тошкент

Бошловчи: Эътиборингизни экранга қаратинг. Ҳарбий автомобиллар.

Диққат савол: Нега ҳарбий автомобилларнинг кузовининг тепа қисми тўғри тўртбурчак эмас, эгилган ҳолда, овал ҳолда бўлади?

Жавобни Жамшид Адилов беради: Дейлик, агар унинг тепа қисми тўғри тўртбурчак бўлса, бекиниш имконияти бўлади ва у пастдан кўринмайди. Буларда эса унақа имконият йўқ.

Тўғри жавоб: Ҳарбий самолётларга ортганда бортига сиғмай қолиши ёки ҳалақит қилиши мумкин. Шунинг учун, айнан заводларда шундай ҳолатда ишлаб чиқарилади.

Ҳисоб: 0️ - 3️

Савол муаллифи Гулчеҳра Ваҳобова 3 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

4-раунд. Савол муаллифи: Файзулла Раҳмоналиеб, Чилонзор тумани, Тошкент шаҳри

Бошловчи: Лев Толстой "Анна Каренина" романидан парча: "Қайиқчанинг кўлда силлиқ, осойишта сузиб боришини кўриб кўпларнинг ҳаваси келади, қайиққа чиққиси келади. Чиққандан кейин унда сузиш жуда осонмаслигини билади. Қайиқни лапанглатмай бошқаришни ўрганади, қаёққа сузаётганлигини аниқ билиб турмоғи керак, остида чуқур сув борлигини ҳис қилиб турмоғи керак, эшкакка қўлини ўргатиши керак ва ҳоказо" - деб ёзган Лев Толстой. "Қайиқни четдан кузатиб туриш осон-у, унинг ичида сокин бир текис юриш қийинлигини ичига тушгач биласиз" - дейди ёзувчи.

Диққат савол: Толстой бу таърифни нимага берганини икки сўз билан ёзиб беринг.

Жавобни Бобур Максимов беради: Бизнинг фикримизча, бу оила қуришга нисбатан берилган таъриф.

Тўғри жавоб: Жавоб тўғри

Ҳисоб: 1️ - 3️

Билимдонлар жамоаси 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

5-раунд. Савол муаллифи: Бахтиёр Нажимбоев, Тошкент тумани, Тошкент вилояти

Бошловчи: Жалолиддин Румий ҳазратларидан шогирдлари сўрадилар:

- Устоз, ишқ билан севгининг фарқи борми?

- Ишқ - деди устоз, - буюк неъматдур, шундан ишқ нафасинг битгунча, севги ишқдан даражаси пастроқ, шунинг учун севги ...(учта нуқта)нг битгунча пасаяди, дедилар.

Диққат савол: Румий севгига берган таърифни битта сўз билан тўлдиринг.

Жавобни Жамшид Адилов беради: Нафс

Тўғри жавоб: Румий ҳазратларининг маъноли ибораларидан бир шу: Ишқ нафасинг битгунча, севги ҳавасинг битгунча.

Ҳисоб: 1️ - 4️

Савол муаллифи Баҳтиёр Нажимбоев 4 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

6-раунд. Савол муаллифи: Одина Каримова, Чортоқ тумани, Наманган вилояти

Бошловчи: Суратга диққатингизни қаратинг.

Ўзбек рассоми Шуҳрат Маҳкамов чизган ушбу суратни. Суратда кўпчилик танийдиган гўзал қизнинг бир кўзи ва турфа хил қушлар тасвирланган.

Диққат савол: Рассом бу суратини қушлардан келиб чиқиб, албатта, нима деб атаган?

Жавобни Суҳроб Шарипов беради: Ирода Исмоилова

Тўғри жавоб: Чолиқуши

Ҳисоб: 1️ - 5️

Савол муаллифи Одина Каримова 5 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

7-раунд. Савол муаллифи: Эркинбой Турдиалиев, Самарқанд вилояти

Бошловчи: Шайх Саъдийдан: Яхши дўст айбингни мисоли кўзгу рўбаро қилади ўзингга, яъни юзингга очиқ айтади. Ёмон дўст худди Унингдек, тилиб-тилиб иғво қилиб қайтади, дейилган.

Диққат савол: У нима?

Жавобни Зафар Раҳимов беради: Шайх Саъдий, ёмон дўстни тароққа ўхшатгандирлар, балки.

Тўғри жавоб: Тароқ

Ҳисоб: 2️ - 5️

Билимдонлар жамоаси 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

8-раунд. Блиц саволлари. Саволлар муаллифи: Қурбонгул Каримова, Навоий вилояти

Мавзу: Топишмоқлар

1-савол

Бошловчи: Қозоқ халқ топишмоғи. Думалоқ, яшил бузоқ боғловда семирар.

Диққат савол: Саволдаги "бузоқ" сўзи ўрнида бир маҳсулот назарда тутилган?

Жавобни Зафар Раҳимов беради: Тарвуз

Тўғри жавоб: Тарвуз

2-савол

Бошловчи: Араб топишмоғи. Фарзанд тарбиясида аввал ақлни, кейин меҳрни ва охирида У ни ишлатинг дейилган.

Диққат савол: У нима?

Жавобни Зафар Раҳимов беради: Қамчи ёки таёқ

Тўғри жавоб: Қўлингизни ишлатинг дейилган, жавоб мантиқан яқинлиги учун қабул қилинди.

3-савол

Бошловчи: Қадимги яҳудий топишмоғи. Совға одамни бир-бирига яқинлаштиради, У эса сизни яқинингиздан ҳам узоқлаштиради.

Диққат савол: Саволдаги Уни топинг.

Жавобни Суҳроб Шарипов беради: Эҳсон ёки садақа

Тўғри жавоб: Садақа

Ҳисоб: 3️ - 5️

Билимдонлар жамоаси 1 миллион пул мукофотини қўлга киритди.

9-раунд. Савол муаллифи: Дониёр Расулов, Яшнобод тумани, Тошкент

Бошловчи: 2011-йилда ишлаб чиқарилган бир филм ремейкининг номи ҳам, ичидаги предметларининг ранглари ҳам 1985-йилдаги илк экранизацияникидан фарқ қилади. Биринчисининг ичидаги қизил, иккинчида оққа, биринчидаги оқ, иккинчида қорага ўзгарган. Шунингдек, ремейкда аждар образи ҳам бор. Биринчисида эса аждар йўқ.

Диққат савол: Хоҳ 1985-йилгининг, хоҳ 2011-йилги ремейкининг номини топинг.

Жавобни Сардор Аҳмедов беради: Зумрад ва Қиммат мултфилми

Тўғри жавоб: Жавоб тўғри

Ҳисоб: 4️ - 5️

Билимдонлар жамоаси 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

10-раунд. Савол муаллифи: Ислом Маркабоев, Нукус шаҳри, Қорақалпоғистон

Бошловчи: Ўзбекистон Қаҳрамони, қорақалпоқ шоири Ибройим Юсупов бир шеърида Уни қадимги массагет лашкарига қиёслаган. Ўз ерларин ёвлардан сабот билан қўриқлагани учун, матонат билан қўриқлагани учун. Фанда Уларнинг оқ ва қора рангдагилари учраши айтилади. Оқ рангдагисининг бўйи 5 метргача етади. Бўйнигача ерга ботса ҳам, сабот билан ҳудудини ҳимоя қилади, дейилади шеърда.

Диққат савол: Ибройим Юсупов нимани қадимги массагет лашкарига ўхшатган?

Жавобни Жамшид Адилов беради: Фикримизча, бу саксовул

Тўғри жавоб: Жавоб тўғри

Ҳисоб: 5️ - 5️

Билимдонлар жамоаси 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

Жамоа “Бор барака” ўйинини ўйнайди.

Ўйин қоидаси: Жамоада бир иштирокчи қолади. Жамоа саволга тўғри жавоб берса 6-0 ҳисобида ғалаба қозонади, акс ҳолда эса 0-6 ҳисобида ютқазади.

Ўйинда жамоадан Бобур Максимов қолади!

11-раунд. Савол муаллифи: Сардорбек Одилов, Сирдарё вилояти

Бошловчи: Экранга эътиборингизни қаратинг.

Бу ёш рассом Олим Муҳаммадалиев қаламига мансуб суратнинг бир қисми, холос. Қишлоқдаги ҳолат. Бу қизлар ҳовлида бир ҳодисани кузатиб туришибди.

Диққат савол: Суратнинг ярмида нима ёки ким тасвирланган?

Жавобни Бобур Максимов беради: Бу қизлар балоғат ёшидаги қизларга ўхшаяпти. Биламизки, қадимдан ота-боболаримиз куёвликка номзодга ўтин ёрдириб кўрган, бу қизлар балким, қизиқишдан куёвликка номзоднинг ўтин ёришини кузатиб тургандир.

Тўғри жавоб: Тўғри айтдингиз, қизлар анча ҳаяжонда, юраклар така-пука. Воқеа қишлоқлардан бирида рўй бераётгани балки сизга ёрдам берарди. Демак, бу уйга қизларнинг тақдирини ҳал қилувчи кимлардир келган. Улар узоқдан совчиларни бекиниб кузатиб туришибди.

Ҳисоб: 0️ - 6️

Савол муаллифи Сардор Одилов 6 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

Энг яхши савол муаллифи - Дониёр Расулов

Дониёр Расулов 10 млн сўм пул мукофотини қўлга киритди.

Ўйиннинг энг фаол билимдони - Бобур Максимов

Бобур Максимов 10 млн сўм пул мукофотини қўлга киритди.

Ўйиннинг тўлиқ видеосини ушбу ҳаволада томоша қилишингиз мумкин.

Мавзуга оид