Қадимда ёмғир чақириш учун ўтказиладиган “Суст хотин” маросимига қандай аёллар танланган? “Заковат”нинг навбатдаги сонидан репортаж
|23:24 / 23.08.202213 01012 мин
Нима сабабдан Европада ХХ аср бошларига келиб ёшларнинг ўз жуфтларини ўзи топиши кескин ошган? Чиғатой дарвоза атрофларида канализация мавжудлигига қарамасдан, нега баъзи хонадонларда ҳалигача ўралардан фойдаланилади? – “Заковат” телеўйини ёзги мавсумининг финали қизлар жамоаси иштирокида ўтди.
Жамоа аъзолари (чапдан ўнгга):
Нодира Баҳромова - филолог;
Назокат Абдусаитова - Тошкент давлат педагогика университети 4-босқич талабаси;
Нодира Турғунова - филолог (жамоа сардори);
Майсара Очилова - Республика маънавият ва маърифат маркази мутахассиси;
Мадина Мирзараҳматова - Ўзбекистон Миллий университети 4-босқич талабаси;
Муаззам Шоумарова - менежер.
2022 йил ёзги мавсумида сенсация кўрсатиб, қизлар жамоаси финалга йўл олди. Аввалги ўйинда қозонилган 6:4 ҳисобидаги ғалаба жамоага финал чиптасини тақдим этди. Ўйиндан ўйинга мухлислари кўпайиб бораётган жамоадан финалда ҳам чиройли ўйин кутилди.
1-раундда Австриядаги бир шаҳар четида қурилган завод ҳақида бўлди. Ўйиндаги энг қийин саволлардан бирига билимдонлар жавоб топа олмади. Ҳисоб телетомошабинлар фойдасига очилди – 0:1.
2-раундда эса жамоага бироз енгилроқ савол тушди. Amazon компаниясидаги сариқ чизиқ нимани англатади, дея берилган саволга Нодира Баҳромова муддатидан олдин жавоб берди. Ўйинда ҳисоб тенглашди – 1:1.
3-раунд саволи Эзоп масалидан одамнинг лойдан ясалиши жараёни ҳақида бўлди. Ушбу саволга ўтган ўйиннинг энг яхши билимдони бўлган Муаззам Шоумарова тўғри жавоб бериб, жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиқди – 2:1.
Навбатдаги раунд саволи чуқур мантиқ юритиладиган савол бўлди. Нима сабабдан ХХ аср бошларига келиб ёшларнинг ўз жуфтларини ўзи топиши кескин ошган, деган саволга қизлар тўғри жавоб топа олмади. Ҳисоб – 2:2.
Кейинги раундда қўлга ўрнатиладиган резина мослама сурати кўрсатилиб, унинг қайси спортчилар машғулотида фойдаланиши сўралди. Бир дақиқа давомида бир қанча спорт турларини санаган жамоа аъзолари, афсуски, тўғри вариантга етиб бора олмади. Ҳисоб – 2:4.
7-раунд саволи ҳисобнинг янада йириклашишига сабаб бўлди. Финландиядаги китоб ўқишга тарғиб қиладиган монумент номини топиш сўралган саволда билимдонларда тўғри вариант янграган бўлса-да, якунда нотўғри жавоб бериб юборилди. Ҳисоб – 2:5.
Мавзуга оид
Ҳисобнинг “жар ёқасига” келиб қолиши финал ўйинининг кутилмаганда эрта тугаши эҳтимолини вужудга келтирди. Аммо билимдон қизлар шундай паллада ҳам ўзларини йўқотиб қўймади.
Кейинги раундда бироз қийин савол ўйналган бўлса-да, Мадина Мирзараҳматова тўғри жавоби билан жамоаси жонига оро кирди. Японияда болаларнинг ақлини кучайтиришда ва иммунитетни кўтаришда нимадан фойдаланилади деган саволга жамоа кутилмаганда тўғри жавоб бериб, ҳисобни 3:5 кўринишига келтирди.
9-раундда Покистондаги кўприк тахталари нега сийрак ўрнатилгани ҳақидаги савол ўйналди. Бу саволда қийинчиликка учраган жамоага клуб ёрдамга келди. Клуб ёрдами асосида тўғри жавоб берган жамоа ҳисобни янада қисқартирди – 4:5.
10-раундда шеърий савол ўйналди. Шеър маъносини яхши тушуна олган Назокат Абдусайитова ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлди. Ҳисоб эса 2:5дан 5:5 кўринишига келди. Ажойиб натижа!
Ҳамма масала 11-раундда ҳал бўладиган бўлди. Ушбу раундда қизлар фақат ўз кучига ишониб ўйнашига тўғри келди. Ҳал қилувчи савол ёмғир чақириш мақсадида ташкил этиладиган “Суст хотин” номли маросимимиз ҳақида бўлди. Афсуски, иродали ўйин кўрсатиб турган жамоа сўнгги саволда тўғри жавобга етиб бора олмади. Натижада, мавсум финалини бой берган навбатдаги жамоага айланди.
Ҳечқиси йўқ, мавсум финалига илк марта чиқиш ушбу жамоа учун катта ютуқ ва ўзига хос тажриба мактаби бўлди дейиш мумкин.
Шундай қилиб, “Заковат” телеўйинида ёзги мавсум ўз якунига етди. Олдинда мухлисларни кузги мавсум ўйинлари кутиб турибди.
Ўйин стенограммаси билан қуйида танишиб чиқишингиз мумкин.
Бу фирма онлайн савдо бўйича дунёда энг илғорларидан бири. Карантин вақтида роса даромадини кўтарди.
Диққат савол: Мазкур фирманинг логотипидаги сариқ чизиқ нимани билдиради?
Жамоа муддатидан олдин жавоб беради.
Жавобни Нодира Баҳромова беради: Сиз истаган ҳар бир нарсани топиб берамиз демоқчи бўлиб ўзининг имкониятларини намойиш қилиб берган. Яни, бизда А ҳарфидан бошлаб З ҳарфигача бўлган ҳамма нарса бор деган маънода шундай қилган. Онлайн савдода ҳамма нарсани топасиз демоқчи.
Тўғри жавоб: А дан З гача ҳамма нарса бор деган маънода.
Ҳисоб: 1️ - 1️
Билимдонлар жамоаси 2 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.
Бошловчи: Эзопнинг бир масалида шундай дейилади: Эмишки, олов санами Промотей лойдан одам ясаётганда энг қайғули ҳодисарларни ўйлаб ясар экан. Бу билан у ясаётган инсонга руҳий тазйиқ ўтказмоқчи бўлмаган.
Бошловчи: Андре Моруанинг бир асарида Европа аҳолиси орасида ХХ аср бошларигача ёшларни оила қуришларига катталар кўпроқ аралашган деган фикрни илгари сурган. Мана шу пайтдан кейин ёшлар ўз жуфтларини ўзлари топа бошлашган.
Диққат савол: Нима сабабдан бу пайтга келиб ёшларнинг ўз жуфтларини ўзи топиши кескин ошган?
Жавобни Нодира Турғунова беради: Техника такомиллашиб фотоаппарат орқали ёшлар бир-бирини кўриши осон бўлган. Шу орқали ёшлар бир-бирини тез топган.
Тўғри жавоб: Бу пайтга келиб университетларда, лицейларда ўғил болалар ва қизлар бирга ўқий бошлашган.
Жавобни Майсара Очилова беради: ўзларининг шахсий ерлари борлиги учун бу ўралардан ўғит сифатида фойдаланишган.
Тўғри жавоб: Чунки бу уйлар ҳаттоки канализация тармоғидан ҳам пастлашиб кетган. Шунинг учун, канализацияга уланишнинг иложи йўқ, чунки уй сатҳини кўтариш керак.
Бу осма кўприк Покистоннинг Хунза дарёси устида қурилган. Кўпгина осма кўприклардан фарқли ўлароқ, бу кўприк тагидаги ходалар 30-40 см масофада терилган. Бу ердаги иқлимдан келиб чиқиб оралари очиқ қурилган.
Диққат савол: Нима сабабдан бу кўприкни бундай қуришга мажбур бўлишган?
Жамоа қўшимча вақт ва клуб ёрдамидан фойдаланади.
Жавобни Нодира Турғунова беради: Ушбу кўприкнинг тахталари бундай қилиниши мақсади балки, кучли шамол пайтида зиён етмаслик ва шамолдан эсон-омон чиқиб олиш.
Тўғри жавоб: Бу ҳудудда кучли шамоллар бўлиб туради, агар таги зич тахталар билан ёпилган бўлса, осма кўприкни шамол ўйнатиб ташлайди, ичида турган одамни ҳам улоқтириб ташлайди.
Ҳисоб: 4️ - 5️
Билимдонлар жамоаси 2 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.
Бошловчи: Юртимизда ёғингарчилик бўлавермагач, қари момолар ёмғир сўраладиган “Суст хотин” маросимини ўтказишган. Бир аёлни атайлаб кийинтириб, уйма уй олиб юришади. Суст хотин ролига баъзан қўшни қишлоқдан аёл таклиф қилишар экан.
Диққат савол: Нима сабабдан баъзан қўшни қишлоқдан олиб келишган?
Жавобни Нодира Турғунова беради: Қўшни қишлоқдан олиб келинган аёлларни ҳеч ким танимайди ва у бу маросимни ҳижолат бўлмай бажаради.
Тўғри жавоб: Маросим урф-одатига кўра, албатта эгиз туғган аёллар олиб келинади. Агар ўз қишлоқларида бўлмаса, қўшни қишлоқдан олиб келишган.
Ҳисоб: 5️ - 6️
Савол муаллифи Худойназар Жабборов 12 миллион сўм пул мукофоти билан тақдирланади.
Мавсумнинг энг яхши саволи муаллифи - Баҳриддин Мамажонов 54 млн сўм пул мукофотини қўлга киритди
Баҳриддин Мамажоновнинг "Ўғил ва қиз болаларнинг бирга ўқиши" ҳақидаги саволи мавсумнинг энг яхши саволи деб топилгани учун савол муаллифи "Заковат интеллектуал клуби" ННТ томонидан 25 млн сўм, Капиталбанк томонидан 25 млн сўм, шунингдек телетомошабинларга 2-очкони олиб келгани учун яна 4 млн сўм, жами 54 млн сўм пул мукофотига эга бўлди.
Ўйиннинг тўлиқ видеосини ушбу ҳаволада томоша қилишингиз мумкин.