Жаҳон | 13:00 / 28.05.2024
8548
8 дақиқада ўқилади

Рафаҳдаги қирғин ва уни қоралаётган жаҳон, Россияда совуқ урган ҳосил — кун дайжести

Ўтган кун мобайнида дунёда содир бўлган муҳим воқеалар, ҳодисалар, баёнотлар ва янгиликлар шарҳи билан одатдагидек кундалик дайжестимизда таништириб ўтамиз.

Ғазодаги вазият

Исроил Ғазо жанубидаги Рафаҳга ҳужум қилди, камида 45 киши қурбон бўлгани айтилмоқда. ЦАХАЛ томонидан ракета зарбаси йўлланган объект ҲАМАС томонидан фойдаланилганини иддао қилган.

ҲАМАС назоратидаги Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги ракета зарбаси оқибатида вафот этган 45 кишининг 23 нафари аёллар ва болалар бўлгани, яна 249 нафар фаластинликлар яраланганини хабар қилган. Рафаҳ ғазоликлар жон сақлаётган бўлгадаги охирги шаҳар бўлиб турганди. Бу шаҳар асосан қочоқлар лагерлари ва палаткалардан иборат.

Исроил ракетаси қочоқлар лагери ҳудудига бориб тушган. ЦАХАЛ уни қонуний нишон деб атаган ва зарбага учраган объект ҲАМАСга тегишли бўлганига ишонч билдирган.

«Зарба халқаро ҳуқуққа мос тарзда, аниқ нишонга урувчи ўқ-дори ёрдамида, керакли разведка маълумоти асосида амалга оширилган. Бу ҳудуддан ҲАМАС фойдалангани аниқ», дейилади ЦАХАЛ баёнотида.

Камида саккизта ракета якшанба куни маҳаллий вақт билан соат 20:45 атрофида лагер ҳудудига бориб тушган. Қурбонларнинг аксари Тал ас Султон ҳудудидаги палаткаларда тириклайин ёниб кетганини ёзган.

Исроил ҳарбий прокурори Томер Иерушалми Рафаҳга амалга оширилган бу ракета зарбалари жиддий ўрганилаётганини айтди. Прокурорга кўра, зарба оқибатида урушга алоқадор бўлмаган одамлар жабрлангани аниқланса, ЦАХАЛ қаттиқ пушаймон бўлади. Ўз навбатида ЦАХАЛ ҳам ракета зарбаси оқибатида тинч аҳоли вакиллари ёниб кетгани ҳақидаги хабарлардан бохабар экани, ҳолат ўрганилаётганини маълум қилган.

ҲАМАС етакчиси Усома Ҳамдан ҳам баёнот билан чиқиш қилган.

«234 кундан буён Исроил оккупацияси ва халқимизга нисбатан агрессияси давом этмоқда. 36 мингдан зиёд фарзандларимиз ўлдирилди, 81 минг киши яраланди.

Рафаҳдаги қирғин ва бошқа оммавий қотилликлар Ғазода хавфсиз ҳудудлар борлиги тўғрисидаги Исроил ва АҚШнинг тасаввурларини йўққа чиқаради.

Сўнгги икки кун ичида амалга оширилаётган оммавий қирғинлар Нетаняҳу ҳукуматининг Халқаро суд қарорларига бўйсунмаслигини эълон қилишини билдиради.

Оккупация кучларининг Рафаҳдаги қирғин жойида қуролланган инсонлар бўлгани ҳақидаги сўзлари уятсизларча баёнот бўлиб, фуқароларнинг фотосуратлари ва жанговар ҳаракатлар бораётган жойдан узоқлиги билан рад этилади.

Биз Рафаҳда содир бўлган ва Ғазода юз бераётган воқеалар учун тўлиқ масъулиятни Америка маъмурияти зиммасига юклаймиз”, — деган Усома Ҳамдан.

Рафаҳга ҳужумни қоралаш

Франция президенти Эммануэл Макрон биринчилардан бўлиб Исроилнинг Рафаҳга ҳужумини қоралаб чиқди.

«Рафаҳда кўплаб одамлар ўлимига сабаб бўлган Исроил ҳужумидан ғазабдаман. Бу операция тўхташи керак, Ғазода тинч аҳоли учун хавфсиз жойнинг ўзи қолмади. Ўт очишни тўхтатиш ва халқаро ҳуқуққа амал қилишга чақираман», деган Макрон.

Таъкидлаш жоизки, Макрон уруш бошланганидан буён Исроилнинг ҳаракатларини танқид қилиб келмоқда.

БМТ Бош котиби ҳам зарбани кескин қоралаб чиқди.

«Мен Исроилнинг бу ҳалокатли можародан бошпана излаётган ўнлаб бегуноҳ фуқароларнинг ўлимига сабаб бўлган ҳаракатларини қоралайман, Ғазо секторида бу даҳшат тўхташи керак», - деб ёзди Антониу Гутерриш X ижтимоий тармоғида.

Қатар ташқи ишлар вазирлиги Рафаҳга ҳужумни кескин қоралаб, бу ҳужум сабаб Қатар, АҚШ ва Миср бир неча ойдан буён олиб бораётган тинчлик музокаралари чиппакка чиқиши мумкинлигидан хавотир билдирди.

Испания ташқи ишлар вазири Хосе Мануэл Албарес Рафаҳга ҳужумни Фаластиндаги тинч аҳоли учун яна бир азобли кун деб атади. Испан дипломати ҳужум Халқаро жиноят суди Исроилга Рафаҳдаги операцияни тўхтатишни буюрганидан кейин содир бўлгани айниқса хавотирли эканини қўшимча қилган.

«Бундай жойни ўққа тутиб бўлмайди. Исроилни Рафаҳдаги операцияни тезда тўхтатишга чақирамиз», деди Ирландия ташқи ишлар вазири Майкл Мартин. У Рафаҳга ҳужумни ёввойиларча амалга оширилган, деб атади.

Яқиндагина Фаластинни мустақил давлат сифатида тан олган Норвегия ташқи ишлар вазири Эспен Барт Эйде ҳам мамлакат Рафаҳга ҳужумни қоралашини маълум қилди.

Туркия ташқи ишлар вазирлиги Исроилни Рафаҳга ҳужум қилишдан қайтариш юзасидан БМТ Халқаро судининг қарорини бажартириш учун БМТ Хавфсизлик кенгашини Исроилга босим ўтказишга чақирган.

Энг кескин баёнотни Эрон ташқи ишлар вазирлиги берган: «Сионистик тузилма (улар Исроилни шунақа аташади) — бу узурпатор, сохта ва жинояткорона режим. Бу бир хавфли ўсма бўлиб, токи бу саратон ўсмаси бор экан, минтақада ҳеч қачон тинчлик бўлмайди».

Украинадаги уруш

НАТОнинг парламент ассамблеяси Украинага ғарб қуроллари билан Россиянинг халқаро ҳамжамият томонидан тан олинган ҳудудига зарба беришга рухсат беришга чақирди.

«Украина нимага эҳтиёж сезса, уни ўша нарсалар билан имкон қадар тезроқ таъминлаш, ғалаба учун қанча вақт талаб қилинса шунча ёрдам бериш керак», — дейилади декларацияда.

Қайд қилинишича, ҳужжатни алянсга аъзо барча 32 та давлатдан келган 200 дан ортиқ қонун чиқарувчилар маъқуллашган.

Ҳужжатда шунингдек, НАТОга аъзо давлатлар ҳукуматлари «Украина ўзини халқаро ҳуқуққа асосан ҳимоя қилишини қўллаб-қувватлаш, алянс бўйича иттифоқчилар томонидан берилган қурол-яроғларни Россия ҳудудидаги қонуний нишонларга нисбатан ишлатиш борасидаги чекловларни бекор қилиш”га чақирилган.

Эрон Украинага зарба бериш учун Россияга энг янги авиабомбалар етказиб бераётгани маълум бўлди.

BILD нашрининг очиқ маълумотлар таҳлили бўйича эксперти Юлиан Рёпке Россиянинг Курск областида олинган видеотасвирни шарҳлаб шундай деган.

Ўтган кунларда бу ерда Эронда ишлаб чиқарилган оғир дрон Quds Muhojir-6 қулаб тушган. У қанотлари остида Эронда ишлаб чиқарилган энг янги Qayum-5 бошқариладиган авиабомбаларни олиб кетаётган бўлган.

Эроннинг ўзида ҳам бу авиабомбалар қуролланишга 2019 йилда қабул қилинган. Бу бомба телевизион нишонга олиш қобилиятига эга бўлиб турли мақсадлардаги жанговар каллаклар билан жиҳозланиши мумкин. Унинг учиш масофаси 40 кмни ташкил этади.

Афтидан дрон Суми областига ҳужум қилиши керак бўлган, лекин номаълум сабабларга кўра қулаган.

Аввал Россия қуролли кучлари юқори аниқликдаги Qayum-5 авиабомбаларини Украинада қўлламаган. Рёпкенинг сўзларига кўра, улардан фойдаланила бошлангани Теҳрон ва Москванинг ҳарбий ҳамкорлиги «янги босқичга” чиққанидан далолат беради.

Россияда фавқулодда вазият

Россияда қарийб 20 млн тонна ҳосил нобуд бўлгани учун қишлоқ хўжалигида фавқулодда вазият режими жорий этилмоқда.

Россия қишлоқ хўжалиги вазирлиги май ойида рўй берган изғиринлар мамлакатнинг асосий қора тупроқли ҳудудларида экинларнинг нобуд бўлишига олиб келгани туфайли фавқулодда вазият режими жорий этишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда душанба куни идора раҳбари Оксана Лут таъкидлаб ўтган. Унинг сўзларига кўра, қишлоқ хўжалиги корхоналарига суғурта маблағларини олишга имкон берадиган фавқулодда вазият режимининг амал қилиш муддати «ҳозирча аниқлаштириб олинмаган”.

Россия дон иттифоқининг баҳолашларига кўра, май ойидаги қор ёғиши ва музламалар Россия Федерациясининг 23 та субъектига зарар етказган ва россиялик аграрчиларни 18 млн тонна ҳосилдан мосуво қилиши мумкин. Шунда ҳам йил якунига кўра йиғиладиган ҳосил 129 млн тоннани ташкил этади. Гарчи бошланғич кутилмалар 142–147 млн тонна деб аталаётган эди.

Баҳорги изғиринлар нафақат донли экинларга, шунингдек меваларнинг ҳам нобуд бўлишига олиб келган. Марказий Россияда эса олма ва резаворлар ҳосили бутунлай нобуд бўлган. Брянск, Курск, Липецк ва Ростов областларида ертутларни совуқ уриб кетган. 

Мавзуга оид