Жаҳон | 12:55 / 26.09.2024
4649
10 дақиқада ўқилади

Ливанга киришга тайёр Исроил, Путиннинг ядровий таҳдиди ва Украинага АҚШдан ёрдам — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Ливанга ҳужум

Исроил армияси қаторасига икки кун Ливан бўйлаб ёпирилма зарбаларни амалга оширди. Ливан пойтахти Байрут ҳам авиазарбалар остида қолган.

Исроил мудофаа армияси ҳисоботида Байрут бўйлаб аниқ зарбалар натижасида «Ҳизбуллоҳ»нинг ҳарбий қаноти етакчиларидан бири, гуруҳнинг ракета кучлари қўмондони Иброҳим Ал-Кубайсий ҳалок бўлгани айтилган.

ЦАҲАЛ матбуот хизмати зарба чоғида қўмондоннинг ёнида ҳаракатнинг «бошқа муҳим қўмондонлари» ҳам бўлгани ҳақида хабар берган. Исроиллик ҳарбийларга кўра, Ал-Кубайсий «кўп йиллар давомида Исроил фуқаролари устига ракета ёғдириш» ҳамда «кўп сонли террорчилик ҳужумлари»ни режалаштиришга масъул бўлган.

Исроил томони икки кунлик бомбалаш давомида 200 та турли жойда «Ҳизбуллоҳ»га алоқадор бўлган 1500 нишонга ҳужум қилингани — 400 та ракета учириш қурилмаси ва қурол омборлари бўлган 70 та бино зарбага йўлиққанини маълум қилган.

Ўз навбатида, 24 сентябр куни «Ҳизбуллоҳ» ҳам Исроил томон 270 ракета учирган. Ҳайфа, Ан-Носира, Цфат ва бошқа шаҳарларда ракета хавфи тўғрисида сиреналар янграган.

Ливан соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, ҳозиргача 569 киши ҳалок бўлган, шундан 50 нафари болалар ва 94 нафари аёллар, шунингдек 1835 киши яраланган. Мамлакат жанубида яшовчи минглаб кишилар ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган.

Ливанга киришга тайёргарлик

Исроил Мудофаа кучларининг Шимолий қўмондонлиги қўмондони генерал-майор Ори Гордин мамлакат «Ҳизбуллоҳ»га қарши ҳарбий кампаниянинг «янги босқичга» кирганини айтди.

Гордин сўзларига кўра, ҳарбийлар Ливанда жойлашган гуруҳга қарши қуруқликдаги жангларга «ҳар томонлама тайёргарлик кўриши» керак.

«Операция «Ҳизбуллоҳ»нинг имкониятларига, айниқса, унинг ракета отиш имкониятларига, ташкилот қўмондонлари ва аъзоларига жиддий зарба бериш билан бошланди», деган генерал.

Исроил армияси бош штаб раҳбари Ҳерци Ҳалеви «Ҳизбуллоҳ»га қарши қуруқликдаги операцияга тайёргарлик кўрилаётганини маълум қилди. Вашингтон эса бундай операцияни айни паллада ўта муҳим деб ҳисобламаяпти.

Исроил мудофаа кучлари Ливаннинг «Ҳизбуллоҳ» гуруҳига қарши қуруқликдаги операцияни тайёрламоқда, деди бош штаб раҳбари Ҳерци Ҳалеви.

25 сентябр, чоршанба куни у 7-зирҳли танк бригадаси аскарларига мурожаат қилиб, «этикларимиз душман ҳудудига кириб боради», деган.

Айни пайтда, Вашингтон Исроилнинг Ливанда қуруқликдаги операциясини ҳалигача олдини олиш мумкин, деб ҳисоблайди. Пентагон матбуот котиби ўринбосари Сабрина Сингҳ журналистлар билан бўлиб ўтган учрашувда Исроил баёнотларини шарҳлар экан: «Бу муқаррар нарса эмас», деган.

АҚШдан Украинага ёрдам

АҚШ Мудофаа вазирлиги Украинага 375 миллион долларлик янги ҳарбий ёрдам пакетини эълон қилди.

Ушбу ҳужжатга кўра, Киев HIMARS ялпи ўт очувчи ракета тизимлари учун ўқ-дорилар, 105 мм ва 155 мм калибрли артиллерия снарядлари, танкка қарши Javelin кўчма ракета тизимлари, AT-4 танкка қарши гранатомётлар, зирҳли ва минадан ҳимояланган ускуналар, патрул катерлари, ўзиюрар кўприк тизимлари, шунингдек, қуроллар, ўқ-дорилар, илгари узатилган қуроллар учун эҳтиёт қисмлар олади.

Янги ҳарбий ёрдам пакетининг алоҳида банди «ҳаво-ер» синфидаги ўқ-дорилар» бўлиб, гап юқори аниқликдаги, 130 км.га уча оладиган AGM-154 Joint Standoff Weapon (JSOW) авиабомбалари ҳақида кетяпти. Reuters агентлигига кўра, Украина учун бундай қуроллар илк бор етказиб берилмоқда.

Жо Байден маъмурияти 30 сентябрда АҚШда молиявий йил тугагунга қадар Украинага 5,6 миллиард долларлик ҳарбий ёрдамдан фойдаланишга рухсат бериш учун Конгресс билан шошилинч музокаралар олиб бормоқда.

Бундан ташқари, 26 сентябр куни Украина президенти Володимир Зеленский ва АҚШ етакчиси Жо Байден, вице-президент Камала Ҳарриснинг Вашингтондаги учрашуви фонида Оқ уй Киевга навбатдаги ҳарбий ёрдам пакетини – 2,4 миллиард доллар миқдорида эълон қилиши кутилмоқда.

Агар иккала ташаббус ҳам тўғри бўлса, ёрдам ҳажми 8 миллиард долларни ташкил қилади.

Шунингдек, Германия ҳукумати келаётган қиш фаслида Украинани энергия билан таъминлаш учун қўшимча 70 млн евродан ортиқ маблағ ажратади. Германия Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш вазирлиги қўшимча маблағлар ҳисобига Германия блокли иссиқлик электр станциялари, қозонхоналар, генераторлар ва қуёш электр станциялари Украина шаҳарлари ва шаҳар ҳокимиятларига тақдим этилишини билдирган.

Россия ядровий таҳдидни кучайтирмоқда

Россия президенти Владимир Путин мамлакат ядро доктринасига ўзгаришлар киритиш таклиф қилинганини айтди. Унинг сўзларига кўра, энди ядровий қуролларга эга бўлмаган ҳар қандай давлатнинг Россияга ҳужуми ҳам ядровий жавоб учун асос бўлади. Катта эҳтимол гап Украина ҳақида кетмоқда.

Буни Путин Россия Хавфсизлик кенгаши тийиб турувчи ядро кучлари бўйича доимий аъзолар йиғилишида айтган.

Аввалроқ Путин Петербург иқтисодий форуми давомида мамлакат ядро доктринасига ўзгартириш киритилиши мумкинлиги ҳақида гапирганди.

Путинга кўра, эндиликда Россия ҳудудига ҳар қандай оддий қурол, ҳатто учувчисиз қурилма ёрдамида ҳужум қилиш ядро қуроли билан жавоб қайтаришга асос бўлади.

Ҳозиргача доктринада фақат ядровий давлатлар ҳужуми вақтидагина ядро қуроли билан жавоб қайтариш кўзда тутилган бўлса, эндиликда ноядровий давлатлар ҳужуми ҳам ядро қуроли билан жавоб қайтаришга асос бўлади.

«Россияга ҳар қандай ноядровий давлат ядровий давлат ёрдамида ҳужум қилиши РФга биргаликда ҳужум деб қабул қилинади ва ядро қуроли билан жавоб қайтаришга асос бўлади», — деди Путин.

Очиқ форматда ўтган ушбу йиғилиш Ғарб давлатлари Россия ичкарисига узоқ масофага учадиган ракеталар билан зарба беришга рухсат этиши муҳокама қилинаётган бир вақтда кўрсатилди.

The Washington Post таҳлилчилари Кремлнинг ядровий таҳдидлари «энди ҳеч кимни қўрқитмайди» дейишмоқда.

Ғарб Москва томонидан ўрнатилган «қизил чизиқлар»ни писанд қилмаяпти, Кремлнинг тез-тез янграб турадиган ядровий таҳдидлари тобора ўз кучини йўқотмоқда, шунинг учун Украина ғарбнинг узоқ масофали қуроллари билан Россия ҳудудига зарба беришга рухсат олиши мумкин бўлган вазиятда Владимир Путин бунга жавобан «нисбатан юмшоқроқ ва чекланган» жавоб излаб топишига тўғри келади, деб ёзган The Washington Post нашри бир неча таҳлилчилар, мулозимлар ва олимларга таяниб.

Россиялик расмийлардан бири аноним тарзда Кремл томонидан ядровий таҳдидлар сўнгги вақтларда кўпайганини қайд этган. «Бундай баёнотлар учун иммунитет аллақачон пайдо бўлган ва улар энди ҳеч кимни қўрқитмаяпти», — деган нашр суҳбатдоши.

2022 йил 24 февралидан буён россиялик амалдорлар мунтазам равишда Ғарб «қизил чизиқларни кесиб ўтаётгани» ҳақида гапириб келади. Бундай чиқишларга ғарб танклари, узоқ масофали қуроллар, кейин эса замонавий қирувчи самолётлар Украинага етказиб берилгани сабаб бўлган. Аммо бундай таҳдидлар ортидан амалда ҳеч нарса бўлмаган.

Ғарбнинг бу ҳаракатларига жавобан ядровий зарба берилиши сценарийсини эҳтимоли деярли йўқ бўлган сценарий деб ҳисобланмоқда. Россиялик олим ҳам буни «эҳтимоли энг кам» сценарийлардан бири деб атаган, чунки бу Россиянинг Глобал жануб давлатлари қаторидаги ҳамкорларининг норозилигини уйғотиши мумкин, шунингдек, ҳарбий нуқтайи назардан ҳам самарадор эмас.

Хитойнинг Россияга ёрдами

Украинага қарши урушда Россия ишлатаётган қуроллар учун хорижий компонентларнинг қарийб 60 фоизи Хитой орқали Россия Федерациясига келади, деган Украина президенти девони маслаҳатчиси Владислав Власюк.

«Агар сиз барча оддий қуролларни олиб, хорижий қисмларни ҳисобласангиз, уларнинг 60 фоизга яқини Хитойдан келади. Бу борада баъзи ишлаб чиқарувчилар билан узоқ муҳокамалар ўтказдик. Мен Хитойни энг катта муаммо деб айтган бўлардим», деган у.

Власюкнинг сўзларига кўра, разведка ускуналари, учувчисиз учоқлар ва ракеталарда қўлланадиган муҳим компонентлар АҚШ, Япония, Нидерландия, Швейцария ва бошқа Ғарб мамлакатларида ҳам жўнатиш пунктларига эга.

Россия билан кенг савдо алоқаларига қарамасдан расмий Пекин урушда бирор бир томонни қурол билан таъминлашини мудом рад этиб, Хитойнинг Украина урушига алоқаси йўқлигини таъкидлаб келади.

Власюк Европа Иттифоқи Ғарб маҳсулотларининг Россияга кириб келишини тўхтатиш учун кўпроқ иш қила олишига ишоняпти. Вариантлардан бири сифатида у Росатомга қарши санкциялар жорий этишни таклиф қилди. «Биз Россия бу компаниядан Россия армиясини таъминлаш учун фойдаланган деб ҳисоблаймиз, бироқ Европа пойтахтлари Россиянинг атом электр станцияларини етказиб беришдаги устун мавқейи туфайли унга қарши ҳеч қандай чора кўришни истамаяпти», деди украиналик расмий.

Мулозим яна бир нишон Россия логистикаси – ҳаво ва денгиз портлари, шунингдек, Россияга таъминотни осонлаштирадиган молиявий институтлар бўлиши мумкин.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид