Ўзбекистон | 15:46 / 20.08.2025
2494
3 дақиқада ўқилади

Бизнесга содда шаклда инвестиция жалб қилиш платформаси ишга туширилади

Тадбиркорлар ва инвесторларни ўзаро боғловчи инвестиция платформаси ташкил этилади. Бунда инвестор МЧЖнинг таъсисчиси бўлмай туриб, улушдор сифатида фойдага шерик бўлади. Маҳсулотини маркетплейслар орқали экспорт қилганларга ҳам ҚҚС қайтариб берилади. 100 та стартапни халқаро даражага олиб чиқиш учун 100 млн доллар берилади.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистонда янги инвестиция платформаси ишга туширилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар билан учрашувида маълум қилди.

Амалдаги тартибга кўра, масъулияти чекланган жамиятлар инвестиция киритаётган шахсни таъсисчи қилиб олишга мажбур. Лекин бунга ҳамма ҳам рози бўлмайди. Шу боис ресурс бўйича асосий юклама ҳалигача банкларга тушяпти.

Эндиликда лойиҳага соддалашган тартибда маблағ жалб қилиш бўйича инвестиция платформаси ишга туширилади. Бунда барча корхоналар ўзининг лойиҳасини бу платформага жойлаштиради, потенциал инвесторлар эса исталган лойиҳани танлаб, сармоя киритиши мумкин бўлади.

Энг муҳими, инвестор таъсисчи эмас, улушдор сифатида даромадга шерик бўлади, киритган маблағи кафолатли ҳимояланади.

Таъкидланишича, тадбиркорлар бу янги тизим орқали йилига қўшимча 1 миллиард доллар маблағ жалб қилиш имкониятига эга бўлади.

Бугунги кунда Ўзбекистонда 600 дан зиёд стартаплар фаолият юритмоқда. 8 йил илгари уларнинг сони бармоқ билан санарли эди.

“Эътибор беринг, 7 ойни ўзида стартапларга рекорд миқдорда – 264 миллион доллар хорижий инвестиция келди. Бу 2024 йил давомида кирган сармоялардан 4 баробар кўп. Шу боис стартапларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни янада жонлантирамиз”, – деди президент.

Ёшларнинг 1 мингта стартап ғояси тижоратлаштирилади ва шундан 200 таси халқаро бозорга олиб чиқилади.

Энг илғор технологиялар олиб келиниб, 100 та маҳаллий стартап халқаро миқёсда жозибадор бизнесга айлантирилади. Бунга 100 миллион доллар берилади.

Бу йилдан бошлаб, “Ёш тадбиркорлар” чемпионати ўтказилади. Энг яхши 100 та ғоя танлаб олиниб, ҳар бир стартап учун 1 миллиард сўмгача инвестиция киритилади.

Бу лойиҳаларни брендга айлантириш учун молиявий ва маркетинг хизматлари бўйича экспертларнинг харажатлари қоплаб берилади.

“Ғолибларни 20 август – Тадбиркорлар кунида тақдирласак, ўйлайманки, ёш тадбиркорларга бу ҳам катта мотивация бўлади”, – деди давлат раҳбари.

IT, финтех ва стартапларга кенг йўл очилгани натижасида маркетплейслар сони уч йил ичида 24 тадан 163 тага кўпайди.

Тадбиркор ва ҳунармандлар ўз маҳсулотларини рақамли платформалар орқали экспорт қилишга ўрганди. Улар анъанавий экспортдаги каби миллий ва хорижий маркетплейсларда четга сотган товари учун ҚҚСни қайтаришни сўраган.

Мутасаддиларга бунинг тартибини тасдиқлаб, амалиётга жорий қилиш топширилди.

Умуман, финтех-стартапларни кўпайтириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича 5 йиллик стратегия қабул қилинади. Рақамли молиявий хизматларни кўпайтириш учун банклар, финтех компаниялар ва стартаплар ўртасида кўприк бўладиган янги экотизим – “очиқ банкинг” жорий қилинади.

Буларнинг ҳисобига яқин йилларда стартап лойиҳаларга киритилаётган инвестициялар ҳажми ҳозиргидан 10 карра ошади.

Тайёрлаган:  Комрон Чегабоев

Мавзуга оид