Ўзбекистон венчур бозори шаклланишининг дастлабки босқичини бошдан кечирмоқда. Илк фондлар пайдо бўлмоқда, акселераторлар танловлар ўтказмоқда, стартаплар питч-сессияларга чиқмоқда. Аммо ҳозирча тизимли ютуқлар кам: аксарият лойиҳалар биринчи йилдан ўта олмайди, яшаб қолганлари эса камдан-кам ҳолларда мамлакат чегарасидан ташқарига чиқади.
Kun.uz венчур инвестори, Sug'urta Bozor суғурта маркетплейси асосчиси ва венчур фондининг собиқ директори Азизбек Қурбонов билан суҳбатлашди. Суҳбат давомида ўзбек стартапларининг одатий хатолари ва маҳаллий экотизим ривожланишига нималар етишмаётгани ҳақида сўз борди.
Биринчи муаммо: тажрибага эга бўлмасдан стартап бошлаш
Энг кенг тарқалган хатолардан бири шуки, асосчилар ўзлари ҳеч қачон ишламаган соҳада стартап бошлашади. Логистикада тажрибаси йўқ одам етказиб бериш хизматини очади. Ишлаб чиқариш жараёнларини тушунмайдиган жамоа заводлар учун ERP-ттизим ишлаб чиқади.
«Одамлар бу соҳада ҳеч нарса қилмаган, ҳеч қаерда ишламаган, лекин айнан шу тармоқ учун маҳсулот ишлаб чиқаришга қарор қилишади. Бунинг устига, жамоада тегишли тажрибага эга маслаҳатчи ҳам бўлмайди. Иш бундай бўлмайди», — дейди Қурбонов.
Ривожланган бозорларда ишлайдиган ечимлар аллақачон бир неча бор синовдан ўтган. Интерфейс дизайни, маҳсулотларни ишга тушириш тартиби, монетизация моделлари: буларнинг барчасини хорижлик рақобатчилар мисолида ўрганиш мумкин. Аммо соҳанинг ўзига хос хусусиятларини тушунмасдан туриб шунчаки нусха олиш самара бермайди.
Иккинчи муаммо: асосчилар орасидаги низолар
Венчур бозори статистикаси шуни кўрсатадики, асосчилар ўртасидаги келишмовчиликлар стартапларнинг эрта босқичдаёқ ёпилиб кетишига олиб келувчи асосий сабаблардан биридир. Бизнесда шериклик маданияти эндигина шаклланиб бораётган Ўзбекистон шароитида бу муаммо айниқса кескин ҳисобланади.
Асосчилар ҳар куни 10–12 соат вақтни бирга ўтказадилар. Биргаликда пулсиз даврларни бошдан кечиришади, инвестициялар жалб қилишади, мураккаб қарорларни биргаликда қабул қилишади. Қадриятлар ёки ишга ёндашувда ўзаро мос келмаслик жуда тез намоён бўлади ва кўпинча лойиҳа якунланишига олиб келади.
Sug'urta Bozor суғурта маркетплейси бунга яққол мисол бўла олади. Лойиҳа Асосчиларнинг операцион вазифаларга шахсан ўзлари киришишлари туфайли бир миллион долларликдан ортиқ ўн минглаб полислар сотишга эришди: улар Яндекс.Метрика орқали фойдаланувчилар хулқини таҳлил қилдилар, сессиялар ёзувларини ўргандилар ва конверсияни босқичма-босқич яхшилаб бордилар. Натижа: конверсия 1–2%дан 25%га ўсди.














